ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
“ENERGO-IT” филиали: “Болалар ижоди” кўргазмаси ғолибларига истироҳат боғи чипталар тарқатилди
  • 01.06.2021
  • 391

  Бугун 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Ушбу сана тарихига назар соладиган бўлсак, кишилик жамияти йил тақвимидаги бир кунни “болаларни ҳимоя қилиш куни” деб белгилаш кераклиги ҳақидаги қарорга келганига бир аср вақт ҳам бўлгани йўқ...

  Аниқроғи, 1949 йилда Парижда аёлларнинг Халқаро демократик федерацияси конгресси бўлиб ўтади. Бу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги шиор янгради. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча митти болажонларнинг соғлиқ ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланиб қолган эди. 1950 йилдан эътиборан 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади.

  1989 йилда БМТ Бош Ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция қабул қилди. Унда бутун дунё мамлакатлари болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозимлиги ҳақида халқаро талаб ва таклифлар ёзилган.

  Дунёнинг кўпчилик мамлакатлари ва шаҳарларида бу байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида турли суҳбатлар ва маърузалар ўтказиш билан нишонланади. Шунингдек, мазкур санада турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилади. Анъанага кўра, шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинади.

  Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.

  Бир сўз билан айтганда, Халқаро болаларни ҳимоя қилиши куни болаларни парваришлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга бағишланган байрамдир. МДҲ ва бошқа бир қатор мамлакатларда ушбу байрам 1 июнда, БМТ тавсияси билан эса 20 ноябрда нишонланади.

  Инсон борки, оиласи, фарзанди учун яшайди, дилбандларига умрини бахшида этади. Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибидаги “ENERGO-IT” филиали касаба қўмитаси томонидан 1 июнь — “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Болалар ижоди” кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада корхона ходимларининг фарзандлари ўзининг ижодий ишлари билан қатнашдилар. Болажонлар мактабдаги технология фанидан, бундан ташқари, турли тўгаракларда ўрганганларини ота-оналари, ака-ука, опа-сингиллари ёрдамида рўёбга чиқаришди. Кўргазмага қўл меҳнатидан фойдаланиб тайёрланган рассомлик, тикувчилик, тўқувчилик, дурадгорлик ишлари намуналарини тақдим этишди.

  Кўргазмада фаол иштирок этган болаларга филиал томонидан истироҳат боғларига чипталар тарқатилди.

 

Азиз болажонлар!

Ватанимиз эркалари, қувноқ авлоди!

Сиз бор-ки, ҳаётимизда мазмун мужассам! Сиз бор-ки, яхши кунлар — тўйлар, байрамлар ярашади! Жонажон юртимизнинг янада нурафшон келажаги — Сизнинг қўлларингизда!

Билингки, биз барчангизни яхши кўрамиз!

Байрам муборак, Азиз болажонлар!

 

Ҳурмат билан,

“ENERGO-IT” филиали касаба қўмитаси бошланғич ташкилоти

 

"Ўзбекистон МЭТ" АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>