ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ — ЯНГИ РЕНЕССАНС БУНЁДКОРЛАРИ
  • 27.05.2021
  • 637

 Энди мен ҳам “Устоз”ман!

  Ишонинг, мен бу сўзларни катта ифтихор билан айтиб турибман! Чунки ўзим ҳам ўқитувчилар оиласида вояга етганман ва УСТОЗ деган сўзнинг қийматини жуда яхши ҳис қиламан. Атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг шу йўсиндаги гўзал мисралари бор:

Шоирга дедилар: “Сиз бахтли инсон,

Эл-юрт ардоқлайди, ҳамма танийди!”

Шоир жавоб қилди: “Менда бир армон –

Муаллим десалар мени, қанийди!..”

  Мана шундай битикларни ўқиб, кўнглимиз ҳавасланиб турган бир пайтда мамлакатимиз Раҳбари томонидан чиройли ташаббус ўртага ташланди ва юртимиздаги мавжуд барча мактабларга ижод аҳли — шоир-у ёзувчилар, моҳир журналистлар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида бириктирилди. Бугун мен ҳам мана шу улуғ Сафдаман!

  Мактаб — ТАРБИЯ маскани ҳамдир

  Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 85-сонли умутаълим мактаби — бугун, шартли равишда, менинг иккинчи иш жойим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан ушбу мактабга тарғиботчи сифатида кириб борар эканман, дастлаб кўнглимни алланечук туйғулар қамраб олди. Югуриб юрган болажонлар қиёфасида жажжи Орифбекни тасаввур этган бўлсам не ажаб?!.

  Меҳрибон ўқитувчилар кўмагида ўқувчи-ёшларни жамлаб, улар билан суҳбат ўтказдим ва дастлаб қизиқишларига қулоқ тутдим. Мени хурсанд қилган нарса шу бўлдики, жамланган ёшлар орасида ўз келажагига лоқайд бўлганларни учратмадим. Униси санъат оламидан сўз бошласа, буниси ўз ижодий машқларини ўқиб беришга ошиқади. Яна бири хонанда бўлишни кўнглига туккан бўлса, яна бириси мўйқалам соҳиби бўлиш иштиёқида. Ҳаттоки, ўзининг шеърларини жамлаб, китоб ҳолида чоп этиш истагида бўлганлари ҳам йўқ эмас экан.

  Мактаб директори Мавжуда опа Ибрагимовани қачон қараманг куюнчак кўнгли билан бир масаланинг муҳокамасида учратасиз. Ёки бўлмаса ўринбосар ва ўқитувчиларни жамлаган ҳолда таълим ва тарбияга оид олдиндаги муҳим вазифалар ҳақида баҳслашиб турган бўлади. Бир сўз билан айтганда, мактаб нафақат таълим даргоҳи, балки тарбия маскани ҳамдир. Шу мақсадда мактабга ота-оналар тез-тез жалб этилиб, асосий эътиборда бўлиши лозим бўлган жиҳатлар муҳокама қилиб борилар экан. Менинг дастлабки иш кунларимдан бири ота-оналар мажлисига тўғри келди. Ушбу йиғинда мен ҳам иштирок этиб, жонкуяр мураббийларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутдим... ва ўзимнинг ўқувчилик йилларим бир-бир кўз ўнгимдан ўтди.

Устоз даккисининг “ортидан тушманг”

  Менинг ўқувчилик даврим мустақилликнинг дастлабки йилларида ўз поёнига етган эди. У маҳалда мактабларда эркак ўқитувчиларнинг кўплиги ва муаллимларнинг ҳар бир панд-насиҳати ўқувчилар томонидан ота-она дашноми сингари қабул қилиниши бор гап эди. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда баъзи ота-оналар устозларнинг тарбия йўлида берган даккиси “ортидан тушиб”, гўёки ўзини ўта болажон кўрсатган ҳолда муаллимга аччиқ-чучук гап-сўзларни айтиб кетаётганини кузамоқдамиз. Бу ачинарли аҳвол, аслида. Ҳар бир ўқувчи мактабдаги барча мураббийлар учун ўз боласи каби азиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Ҳар тонгда жондан азиз фарзандларимизни таҳсил учун ушбу муаллимлар ихтиёрига йўллар эканмиз, нега энди тарбияси йўлидаги жонкуярлигига тўғаноқ бўлишимиз керак? Бу саволни ҳаммамиз ўзимизга берган ҳолда ўша мураббий ўрнига ўзимизни қўйиб кўрайлик, шунда масала ойдинлашади, назаримда.

Тарғиботчи ким аслида?

  Майли, мавзудан олислаб кетмайлик... Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи зиммасига юклатилган вазифаларга қайтамиз. Бир сўз билан айтганда, ижодкор аҳли ҳам мураббий, аслида. Адабиёт деган сўзга ўз номидан келиб чиқиб таъриф келтирадиган бўлсак адаб улашиш, одоб-ахлоққа чорлаш деган маъно англашилади. Демак, биз ижодкорлар ҳам барча муаллим-устозлар сафига маслакдош тарзида кириб бормоқдамиз. Юртимизни янада юксалтириш йўлидаги мақсадларимиз сари қўйилажак дадил қадамлар аввало бугунги ёшларимиз таълими ва тарбиясига чамбарчас боғлиқ.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларининг битирувчиларига йўллаган табригини Умид ва Даъват Сўзлари деб аташ мумкин. Давлатимиз Раҳбари ўз табриги орқали мамлакатимиз ёшларига “ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар” деб йўллаган мурожаати ҳар қандай қалбни тўлқинлантириб юбориши шубҳасиз. Зеро, бундай мазмундаги табрик Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба кузатилмоқда. Дарҳақиқат, “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади”!

  Биз ёш авлод қалбини “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” отлантирмоғимиз жоиз. Орзуларимиз тонггидай ёришиб келаётган Янги Ўзбекистон қудрати шак-шубҳасиз янги куч эгалари — ёшларимизнинг тафаккури ва албатта муносиб тарбиясидан таркиб топажак. Қолаверса, учинчи Ренессанс — навбатдаги уйғониш даври фақат ва фақат юксак салоҳиятни, тенгсиз тафаккур соҳиблари бўлган аждодларимизга муносиб издош бўлишни тақозо этади.

Қўнғироқсиз дарс

  Мен ўтадиган “дарс”га қўнғироқ чалинмайди. Мактабнинг эълонлар бурчагига ёзилган “Тарғиботчи иш тартиби”га биноан қизиқувчан ёшлар белгиланган фурсатда кутубхонага навбатма-навбат кириб кела бошлайди. Бу “дарс”га боғлиқ махсус қўлланманинг ўзи йўқ ва ёш ҳам белгиланмаган. Ҳаттоки қизиқиш билдирган устозлардан вакиллар ҳам бемалол иштирок этиши мумкин.

  Ўқувчи-ёшлар билан ҳар галги учрашувимиз мавзуси бирор бир китоб ёки асарга боғлиқ бўлади. Мисол учун Абдулла Орипов шеърияти, Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асари, Эркин Воҳидов лирикаси, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари ёки бўлмаса “Гўрўғли” достонининг моҳиятини имкон қадар таҳлил этамиз. Ҳар бир сабоғимиз якунида эса бирор бир муносиб китоб мутолааси вазифа қилиб белгиланади. Бу ўринда албатта ёшларнинг қизиқиш ва таклифлари инобатга олинади.

Охирги “дарсимиз” бошқача бўлди

  Мактаб ҳовлисига кириб келарканман, ҳамиша ўқувчи-ёшлар билан тўлиб турадиган манзара бўшаб қолгандай эди. Буёғи таътилга уланиб кетадиган кунлар. Бугунги дарсимиз бекор бўлди чоғи, деб турган маҳалимда икки синфдош— 4“а”-синф ўқувчилари Муслима ва Саидмуҳаммад югуриб келиб қолди. “Бугун бизларнинг дарсимиз йўқ, аммо сиз билан учрашамиз деб атай уйдан келяпмиз” дейишди бир овоздан. Бу сўзлардан тўлқинланиб кетдим, албатта. Ва бизнинг “дарсхонамиз”га айланиб улгурган кутубхонага кириб келдик. Ўтган гал ҳамма ўзига маъқул бўлган чиройли шеърлардан ёд олиб келиш вазифаси топширилган эди. Иккиси ҳам вазифани аъло даражада адо этишди. Ҳаттоки Муслима ўзи ёд олган қўшиқлардан ижро ҳам қилиб берди. Улар билан дилдан суҳбатлашарканман, оила аъзоларимиз ҳақида гап кетди. Мен ўзимнинг улар тенгги фарзандларим бор эканлиги ва қайси мактабда ўқишини айтиб бердим. Кутилмаганда ҳар иккисининг овозида бироз титроқ ва кўзлари тубида ёшни илғаб қолдим...

Икки ўқувчим менга “дарс” берди

– Биз оилада икки фарзандмиз, опам ва мен, – деб гап бошлади ёш бўлса-да улғайиб қолган Саидмуҳаммад. Ойим — мактабда ўқитувчи. Дадам ўтган йили коронавирус дардига чалиниб, ўтиб қолдилар. Айтишларига қараганда, дадам бу дардга чалингач, махсус шифохонага олиб борилган. Муолажалар бошланиб, кислород аппаратига улаб қўйилган пайтда кутилмаганда чироқ ўчган эмиш... (Қолган гапларни эшитолмадим, тўғрироғи).

Бир муддат ўтиб, – мен ҳам дадасиз қолганман, – деб гап бошлади Муслима. – Дадам бизни ташлаб кетганлар. Уйда бувим ва ойим билан бирга яшайман. Дадам биздан хабар олгани келмайдилар, танимайман ҳам. Ойижонимнинг айтишларича, баъзи-баъзида пул жўнатиб турар эмиш. Лекин дадамнинг бир кўрсам дейман, ўзларига айтадиган гапларим кўп...

  Бу сўзлар менинг икки юзимга тортилган икки тарсакидай туюлди. Саидмуҳаммаднинг “тарсакиси”дан ҳали-ҳануз ўзимга кела олганимча йўқ. Нега дейсизми, чунки менинг биринчи иш жойим — энергетика тизими ахир! Унинг дадаси даволаниб турган пайтдаги чироқнинг ўчишига мен билан ишлаб турган соҳа вакиллари, электр энергияси тақсимотчиларининг ишидаги ноқисликлар сабаб эмасмикан?! Келиб-келиб, жон талашиб турган беморлар томонга тортилган симлар ҳам қувватдан узиладими?! Бундай пайтда бор эътибор айнан шу “жаноби симлар”га қаратилиши керак эмасми, аслида?!

  Савол ханжарини ўзимга ураману... мутахассислардан сўрайман... Маълум бўлишича, шифохонанинг ўз қарамоғида бўлган тармоқлар истеъмол ортиши туфайли зўриқиш оқибатида носозлик рўй берган. Носозлик бошқа сабаблар туфайли содир бўлганда ҳам барча стационар иш тартибига эга тиббий муассасаларнинг ўз захира қувватлари бўлмоғи лозим. Нима ҳам дердик, тақдир экан...

  Ҳаёт аталмиш синоат бесинов ва машақатли бўлмаганида катталар ўртасидаги тушунмовчиликлар, ажримлар, етим болалар, Меҳрибонлик уйлари бўлмас эди. 

  Ҳа, барча кўргуликларда ҳаммамизнинг айбимиз бор! Миттигина қиз — Муслиманинг ота меҳридан мосуволиги ҳам, кичик Саидмуҳаммаднинг катта йўқотиши ҳам шу халқ, шу миллат вакили, жамият аъзоси сифатида барчамизнинг юрагимизда оғриқ уйғотиши керак. Мана шу оғриқлар бизни “даволаса”, не ажаб?!

  Сўнгсўз ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу ҳаёт “йўқолдиқлар ва топилдиқлар” орасидаги мангу масофа гўё. Бу масофани барчамиз босиб ўтамиз. Кўнглимизга катта далда бергувчи, ортимизда турган муқаддас Ватаннинг осойишта тонглари, тиниқ осмонлари дилимиздаги умид сўзларимизни қайд этса бўладиган дафтар  вароғи мисолидир. Ҳа, инсон яшар экан — умид ҳам барҳаёт. Умидли дунёда рўшноликлар юз очаверади.

  Бугунги кунда мамлакатимиз Ҳукумати томонидан айниқса ёш авлод тақдирига жуда юксак эътибор қаратилмоқдаки, бу жараённи кузата туриб тўлқинланиб кетасан. Зеро ёшларимиз — шу кўркам Ватаннинг эртанги эгалари! Демак, умид сўзларимиз ҳам, ишонч сўзларимиз ҳам айнан фарзандлар таълим-тарбиясига бориб тақалаверади. Бу йўлда эса адашишга ё бўлмаса бир зум чалғишга ҳам ҳаққимиз йўқ!

 

Ориф ТЎХТАШ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир,

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси,

Шайхонтоҳур туманидаги 85-мактабнинг

ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси

>