ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Ер ва кадастр назорати бўйича олиб борилган ишлар
  • 17.05.2021
  • 692

  Бугун АОКАда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда ер ва кадастр назорати бўйича олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берилди:

  Ерга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан жойларда Кадастр агентлиги ва унинг қуйи тизимидаги Ер ва кадастр назоратчилари томонидан аниқланган ер қонун бузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш борасида олиб борилган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида 2021 йилнинг 30 апрель ҳолатига баёнотимизни бошлаймиз.

  2021 йилнинг 30 апрель кунидаги ҳисоботга кўра Ер ва кадастр  назоратчилар томонидан аниқланган Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари республикамиз бўйлаб 6 799 ҳолатда жами 1467 гектар майдонни ташкил этади.

  Ушбу ерларни фуқароларимиз ва қўштирноқ ичидаги уддабурон тадбиркорларимиз қуйидаги мақсадларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликлари маълум бўлди:

   Уй-жой қуриш мақсадида 4 224 та ҳолатда  406 гектар;

  Нотурар жой қуриш мақсадида 1 584 та ҳолатда 166 гектар;

  Томорқа сифатида фойдаланиш мақсадида 437 та ҳолатда   203 гектар;

  Балиқ ҳовузи қилиш мақсадида 32 таҳолатда 245 гектар;

  Тупроқ каръер қилиш мақсадида 111 та ҳолатда 9 гектар;

  Бошқа мақсадларда 411 та ҳолатда 437 гектар ер майдонлари эгаллаб олинган.

  Юқорида айтиб ўтилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва тегишли чоралар белгилаш мақсадида Кадастр агентлигининг ҳудудлардаги ер ва кадастр назорати бўйича инспекторлари томонидан қуйидаги тадбирлар амалга оширилди:

  - ер қонун бузилишини содир этган 6 332 та шахсга, 158 та ердан фойдаланувчи субъектларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди;

  - туман (шаҳар) ҳокимлигига 4 914 маротаба тақдимномалар киритилди;

  - прокуратура органларига 2 785 та маълумотлар киритилди;

  Судларга 4 391 та даъво аризалари киритилган.

  Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари асосан Тошкент вилоятида 1 302 ҳолатда 233 гектар, Наманганда 1660 та ҳолатда 655 гектар, Хоразмда 636 та ҳолатда 25 гектар майдонда содир этилган.

  Шу билан бирга кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан 907 та ҳолатдаги 193.6 гектар ер майдонидаги Ер қонун бузилиш ҳолати жойида бартараф этилган бўлиб, бу ноқонуний эгаллаб олинган ерларнинг 13 фоизини ташкил этади.

  Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги вилоят (туман) бошқарма ва бўлимлари томнидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 февларь 2021 йилдаги ПҚ-5006-сонли қарори ижроси юзасидан:

  Ер участкаларини ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш бўйича 8924 та ҳолатда фуқаролар томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмаганлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилиши натижасида ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди.

  Умид қиламизки ер назоратчи инспекторлари томонидан ердан фойдаланувчи субъектларга берилган ёзма кўрсатмалар, туман (шаҳар) ҳокимлигига киритилган тақдимномалар, прокуратура органларига киритилган маълумотлар, Судларга киритилган даъво аризалари ўрнатилган тартибда қисқа муддатларда кўриб чиқилади ва ўзининг мантиқий якунига етказилади.

  Ҳурматли фуқаролар ва тадбиркорлар.

  Бугунги кунда амалда бўлган Қонунларимизда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига нисбатан кескин чоралар кўриш аниқ белгилаб берилган.

  Жумладан:

  Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 60-моддаси 2-қисмига асосан Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма баравардан ўттиз бараваргача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга;

  60-прим (1) моддаси бўйича  суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

  Бу ҳолатларни аниқлаш ва чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар Кадастр агентлигининг ер назоратчи инспекторлари томонидан расмийлаштирилиб, судларга даъво аризалар киритади ва судлар томонидан чоралар кўрилади.

  Шунингдек, 68-прим (1) моддаси бўйича Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади

  Ўзбекистон Республикаси “Жиноят кодекси”нинг 197-прим (1) моддасида суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

  Шунингдек, биринчи марта жиноят содир этган шахслар агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.

  Ушбу кодекснинг 229-прим (1) моддасига кўра Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши аниқ белгилаб қўйилган.

 

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

"Ўзбекистон МЭТ" АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati

>