Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Асаджон Ходжаев давлат органлари ва ташкилотлар ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ахборот хизматлари ва матбуот котибларининг фаолияти ва уни ижтимоий тармоқларда ёритиш даражаси, ОАВ ва жамоатчилик мурожаатларига тезкор муносабат билдириши ҳамда белгиланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида бажариш интизоми муҳокама қилинди.
Тадбир давомида А. Ходжаев ахборот хизматлари раҳбарлари томонидан тақдим этилган медиа-режага мувофиқ матбуот анжуманлари тизимли ташкиллаштирилмаётганига тўхталди. Бундан ташқари, матбуот котибларининг фаолияти, ишлаш жараёни ҳар ойда баҳоланиб борилиши, яхши натижа кўрсатган раҳбарлар мукофотлаш ва рағбатлантиришга тавсия этилиши таъкидланди.
Шунингдек, фаолияти юқори баҳоланган матбуот котиблари алоҳида таъкидланиб, сусткашликка йўл қўяётган ахборот хизмати раҳбарларига йўл-йўриқ кўрсатилди. «Имконият кутиб ўтирмасдан, уни излаш керак. Замон билан тенглашиб ишлаш керак», — деди Агентлик раҳбари.
Учрашув сўнггида матбуот котибларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Муаммолар ечимини ҳамкорликда ечишга ва таклифлар бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишилди.
Манба: https://aoka.uz/uzb/news/1118
"Ўзбекистон МЭТ" АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati