Янгиликлар
«Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали: Ёшлар билан янгича фикрлаш хусусида давра суҳбати бўлиб ўтди
  • 12.05.2021
  • 529

  Бугун, 2021 йилнинг 11 май куни «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиалида 35 ёшгача бўлган ишчи-ходимлар ўртасида “Инновацион — янгича фикрлаш методлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

  Тадбирни филиал директори Ғ.Шерматов очиб берди. Филиал директори ўз сўзида мамлакатимизда ёшларга берилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб, Президентимиз томонидан олиб бораётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳақидаги дастлабки тушунчаларнинг мазмун-моҳияти билан ўртоқлашди.

 

  Шу билан бирга, тадбирда ёшлар билан магистрал электр тармоқлари филиалидаги олиб борилаётган ишлар, уларнинг натижадорлиги, ходимлар малакасини ошириш, инновацион технологиялардан самарали фойдаланиб меҳнат самарадорлигини юқори кўрсаткичларга кўтариш хусусида жонли мулоқот олиб борилди.

  Таъкидландики, янгича фиркрлаш, мамлакатимизда, энергетика соҳасида, қолаверса, Акциядорлик жамиятимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларга бепарво бўлмаслик тараққиёт, ривожланиш сари етаклайди. Тадбирда ёшларга оид турли муаммоларнинг ечими бўйича ташаббусларни илгари суриш ғоялари янгради.

 

  Давра суҳбатида тилга олинганидек, филиал тасарруфидаги Автотранспорт ва механизмлар хизмати автотураргоҳи ҳудудида қурилаётган мини футбол, волейбол, стол тенниси ва шахмат-шашка ўйингоҳларининг қурилиши — Жамият ёшларига яратилаётган шарт-шароитларнинг бир кўринишидир.

  Ёшларни қизиқтирган саволларга «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали раҳбарияти жавоб бериб, ёшлар томонидан билдирилган фикрлар учрашув баённомасига киритилди.

 

  Сўнг сўз навбати филиал бош муҳандиси Ш.Камиловга берилди. Филиал бош муҳандиси ёшларнинг таклифлари доим инобатга олиниши, ушбу таклиф ва ғояларни амалга ошириш учун дастлаб ҳар бир ишчи-ходим ўз вазифасини сидқидилдан бажариши лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун филиал маъмурияти томонидан доим қўллаб-қувватланиб келинаётган устоз-шогирд анъаналарининг аҳамияти беқиёслигини алоҳида эътироф этди.

  Ёшлар билан ўтказилган давра суҳбати ёш муҳандис ва монтёрларнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари билан давом эттирилди. Алоҳида эътироф этилдики, ёш муҳандислар ичида бадиий адабиёт, журналистика, тасвирий санъат, техник-муҳандислик ихтироларига қизиқувчан ёшлар бор. Уларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоя ва фикрларини амалиётган татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.

 

  Мисол учун, етакчи мутахассис О.Жалолов подстанцияларида амалга оширилаётган модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишлари, татбиқ этилаётган янги технологиялар хусусида маълумот бериб, янги жиҳоз ва қурилмаларни тўғри ишлатиш, бу жараёнда хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилиш, бахтсиз ходисаларни олдини олишда асқотадиган фойдали маслаҳатлар билан ўртоқлашди.

  Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тадбирда ёшларга бир жойда тўхтаб қолмаслик, замон билан ҳамнафас тарзда яшаш ва ишлаш лозимлиги уқтирилди.

  Қ.Мирзаев,  «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>