

#мурожаатлар
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича ходимлар учун махсус ўқув курси ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамкорлигида аҳоли муаммоларини манзилли ҳал қилишда Энергетика вазирлиги тизимидаги ходимларнинг профессионал компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган икки кунлик махсус ўқув курси ташкил этилди.
Унда ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар ҳамда уларнинг ҳудудий филиалларида мурожаатлар билан ишлаш йўналишига масъул ходимлар иштирок этмоқда.
Ўқув машғулотлари давомида мурожаатлар билан самарали ишлаш, аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш ва уларни манзилли ҳал этиш, коррупцияга мойилликнинг олдини олиш, хизмат қадриятларига садоқат, низоли вазиятларни бошқариш, манфаатлар тўқнашуви ва муросага келиш, шунингдек, тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш каби муҳим йўналишлар бўйича билим ва кўникмалар оширилмоқда.
Шунингдек, ходимларнинг дунёқараши ва касбий билим даражасини юксалтириш, аҳоли билан мулоқот маданиятини янада такомиллаштириш ҳамда мурожаатларга муносабатда масъулият ва холисликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Икки кунлик курс якунида иштирокчиларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлашда зарур бўлган амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/20845
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати