Янгиликлар
НАВОИЙ ВИЛОЯТИДАГИ ЮҚОРИ КУЧЛАНИШЛИ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ РИВОЖЛАНТИРИЛИБ, ПОДСТАНЦИЯЛАРДА ҚЎШИМЧА ҚУВВАТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА
  • 09.04.2021
  • 618

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимизнинг барча вилоятларида электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида улкан қурилиш-монтаж ишлари, модернизация-реконструкция дастури асосидаги бир қанча амалиётлар бажариб келинмоқда.

 

  “Навоий магистрал электр тармоқлари» филиали ҳам Акциядорлик жамияти тасарруфидаги бошқа ҳудудий-таркибий тузилмалар каби электр энергиясини энергия ишлаб чиқарувчи корхоналардан ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига етказиб беришни амалга ошириш (транспортировка), магистрал электр тармоқларини таъмирлаш, шунингдек, бошқа давлатларнинг электр тармоқлари билан ўзаро алоқаларда иштирок этиш билан шуғулланади.

 

  «Навоий МЭТ» филиали таркибида 220/110/10 кВ ли «Химия», 220/110/10 кВли «Навои–НС», 220/10 кВ ли «Қизилтепа–1», 220/6/6 кВ ли «Қизилтепа–2» ва 2021 йилда Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти балансига олинган яна 5 та юқори кучланишли: 220/35/6 кВли «0», 220/35/6 кВли «Горная», 220/35/6 кВли «Зарафшон», 220/35/6 кВли «Дагизтау» ва 220/35/6 кВли «А» подстанциялари мавжуд.

  Юқори кучланишли 9 та подстанцияларнинг 3 таси Зарафшон шаҳрида, 1 таси Учқудуқ шаҳрида, 1 таси Зафаробод шаҳарчасида, 3 таси Қизилтепа туманида, 1 таси эса Кармана туманида жойлашган. Умумий узунлиги 1453 километр бўлган юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқлари ҳамда умумий қуввати 1318 МВА бўлган подстанцияларнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди.

Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтидаги харита шаклидаги инфографикадан мазкур филиал тўғрисидаги батафсил маълумотларни олиш имкониятига эгасиз: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/797

  Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозимки, Навоий вилояти республикамизда электр энергия истеъмоли бўйича энг катта ҳажм кўрсаткичига эга ҳудуд ҳисобланади. Вилоятда республика иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга йирик саноат корхоналарининг салмоғи юқори бўлиб, электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бориши — ўрта ва кичик бизнес вакиллари сонининг йилдан-йилга ошиши, шу билан бирга, аҳолининг турмуш даражаси ўсиши билан бирга истеъмолчилар сонинг сезиларли даражада ошиб бориши билан ҳам ифодаланади. Бир сўз билан айтганда, мавжуд талабларни қондириш мақсадида навоийлик энергетиклар томонидан 2021–2022 йилларга режалаштирилган қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

  Мақсад аниқ — Навоий вилоятида ишлаб чиқариш саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари, халқ хўжалиги ҳамда аҳолини узлуксиз, сифатли электр энергияси билан таъминлашдан иборат. 257 нафар ишчи-ходимлардан иборат филиал ўзининг раҳбарий ҳужжатларида белгилаб қўйилган вазифаларини бажариш учун кеча-кундуз меҳнат қимоқдалар.

 

  Шу ўринда савол туғилади... Хўш, Навоий вилоятидаги магистрал электр тармоқларини ривожлантириш учун қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

  Навоий вилояти истеъмолчиларини электр таъминоти юзасидан ошиб бораётган эҳтиёжини қондириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–2264-сонли қарорига асосан, «Жанубий-ғарбий подстанцияларни модернизация қилиш» дастурига мувофиқ 220/110/10 кВли “Химия” подстанциясида учинчи — қуввати 200 МВА га тенг АТ–3 трансформаторни ўрнатиш, 21 дона 110 кВли ва 10 дона 220 кВли ҳаво ўчиргичларни замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштириш режалаштирилган. Бугунги кунда Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган, янги ва замонавий электр қурилмаси — 200 МВА қувватга эга автотрансформатор подстанция ҳудудида ажратилган жойга ўрнатилди.

  Бундан ташқари, 21 дона 110 кВли ҳамда 10 дона 220 кВли ҳаво ўчиргичлар замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштирилди. Айни пайтда “Турон” қурилиш-монтаж ташкилотининг 5-сонли участка ходимлари билан ҳамкорликда кабел каналларининг бетон қувурларини ётқизиш ишлари ниҳоясига етказилди. АТ–3 трансформаторига кучланиш бериш учун ҳимоя кабеллар ташланиб, созлаш ишлари амалга оширилмокда.

  Жорий йил май ойининг биринчи декадасида подстанциядаги учинчи трансформатор тўла қувват билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

 

  Шу билан бирга, лойиҳанинг иккинчи босқичи учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрдаги ПҚ–3284-сонли қарорига асосан “Магистрал тармоқ подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш” дастури бўйича “Химия” подстанциясида 21 дона 220 кВли ва 60 дона 110 кВли трансформатор токларни замонавий трансформатор токларга алмаштириш ҳамда 6 дона 220 кВли, 6 дона 110 кВли ва 6 дона 10 кВли ўта кучланишни чегараловчи  электр қурилмаларини алмаштириш режалаштирилган. Ҳозирда подстанцияга зарур барча ускуна-жиҳозлар келтирилган. Пудратчи ташкилот сифатида Акциядорлик жамияти таркибидаги “Туронэлектромонтаж” АЖнинг 5-сонли участкаси жалб этилиб, реконструкция ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.

  Бундан ташқари, 220/110/10 кВли “Навоий–НС” подстанциясида мавжуд барча 110 кВли мойли ўчиргичлар LTB-145 русумли замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштирилди. Шунингдек, “Қизилтепа–1” , “Қизилтепа–2” подстансияларидаги 220 кВли мойли ўчиргичлар замонавий LTB-245 русумидаги элегазли ўчиргичларга алмаштирилди. ОРУ 220 майдони кенгайтирилиб АТ–3 трансформатори ўрнатилиши учун барча чоралар кўриб бориляпти.

 

  Модернизация-реконструкция ишлари бошқа юқори кучланишли электр тармоқлари объектларида ҳам амалга оширилмоқда. Мисол учун, “Горная” подстанциясида мавжуд 2 та 20000 кВАлик трансформаторлар ўрнига жорий йил якунига қадар янги типдаги 2 та 63000 кВА қувватга эга трансформаторлар ўрнатилиши белгиланган.

  Юқорида санаб ўтилган ишлар навоийлик энергетиклар томонидан олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари, модернизация дастури асосидаги бажарилаётган амалиётларнинг бир қисми, албатта. Муҳими, кўзланган мақсад, белгиланган марра аниқ — мамлакатимизда ишлаб чиқарилаёган ва импорт қилинаётган электр энергиясини тақсимловчи паст кучланишли электр тармоқларга етказиб бериш ишончлилигини ошириш, юқори кучланишли подстанция ва электр тармоқларининг ўтказувчанлик қувватини ошириш.

 

  Ватанимизнинг иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, аҳолимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб боришида, шубҳасиз, электр таъминотининг барқарор фаолияти муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасинипнг қарор ва фармойишлари, Энергетика вазирлигининг кўрсатмалари асосида юқори кучланишли магистрал тармоқлар ҳамда подстанцияларда бажарилаётган ишлар иқтисодиётнинг “мотори” бўлмиш электр таъминотининг барқарорлигига қаратилган.

 Б.М.Ҳасанов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ  «Навоий магистрал электр тармоқлари» филиали директори

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>