Янгиликлар
Электр энергетика тармоғида дунёнинг илғор тажрибасини ўрганиб, энг самарали, арзон ва қулай технологияларни жорий этиш — бугунги кун талаби
  • 30.03.2021
  • 976

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ишчи гуруҳининг Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширилган хизмат сафари якунлари бўйича ҳисоботи 

 

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 мартдаги 06/24-41-сон топшириғига мувофиқ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси бошчилигидаги делегация 2021 йил 21–25 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай амирлигида хизмат сафарида бўлиб қайтди. Эътиборингизга Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ишчи гуруҳининг хизмат сафари якунлари бўйича ҳисоботини тақдим этамиз:  

  2021 йил, 21 март

  Хизмат сафарининг биринчи кунида делегация Араб кўрфази соҳилида жойлашган Saih Shuaib порт шаҳридаги “Hassyan Clean Cool Power Plant” иссиқлик электр станциясига ташриф буюрди. Ташриф аввалида электр станция маъмурияти ҳамда қурилиш ташкилоти раҳбарияти томонидан лойиҳа тўғрисида тақдимот ўтказилди. Тақдимотда ушбу электр станция Дубай амирлиги электр энергиясини генерация қилиш қувватларини диверсификация қилиш мақсадида қурилаётгани алоҳида таъкидланди.

  Лойиҳа “тоза энергия” ишлаб чиқариш соҳаларини назарда тутган узоқ муддатли режа — “Clean Energy Strategy 2050” стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган бўлиб, ушбу дастурга кўра 2030 йилга келиб умумий ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергетика улуши ўз навбатида 25 % қуёш, 7 % атом, 7 % тоза кўмир ва қолган 61 % табиий газ энергиясидан иборат бўлишини кўзда тутади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 млрд АҚШ долларига тенг бўлиб, станцияни қуриш ишлари 2016 йил ноябрь ойида бошланган.

 

  2015 йил июнь ойида электр энергиясини мустақил ишлаб чиқариш (IPP) модели ҳамда “build-оwn-operate” (BОО) тамойили асосида “Dubai Electricity and Water Authority” (DEWA – Дубай амирлиги электр энергияси ва сув таъминоти бўйича ваколатли органи) билан 25 йиллик электр сотиб олиш (РРА) ҳамда “ACWA Power” компанияси бошчилигидаги консорциум билан акциядорлар келишувини (SНА) имзолаган.

  Келишувларга кўра, DEWA “Hassyan” иссиқлик станциясидан ишлаб чиқарилган ҳар 1 кВт•соат электр энергиясини 5 цент (0,05 АҚШ доллари) тарифида сотиб олади ва “АCWА Power” компаниясига кўмир етказиб беради.

  Ушбу электр станция ультра супер критик (USC) параметрли сўнгги кўмир ёқиш технологияларига асосланган бўлиб, ҳар бирининг қуввати 600 МВтдан бўлган 4 та энергоблокдан иборат. 2020 йилда умумий қуввати 2400 МВт бўлган электр станциясининг биринчи энергоблоги ишга туширилган. 2021, 2022 ва 2023 йилларда қолган 3 та энергеблокларнинг ишга туширилиши режалаштирилган.

  Ушбу электр станцияси тахминан 250 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлашга етарли бўлган электр энергиясини ишлаб чиқаради.

 

  Лойиҳани амалга оширувчи “Hassyan Energy Company” компанияси —  DEWA (улуши 51 %) ва “ACWA Power”, “Harbin Electric” ҳамда “Ипак йўли фонди”дан иборат консорциумнинг (49 %) қўшма корхонаси ҳисобланади. Эътиборли жиҳати шуки, энергоблоклар учун кўмирни тақсимлаш ва ёқиш тизими тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, бунда кўмирни етказиб бериш, сақлаш ёпиқ тизимда амалга оширилади. Кўмирни сақлаш омбори ва ташувчи конвейерлар герметик ёпиқ тарзда ишланган. Бунинг эвазига атроф-муҳитга чанг ва бошқа зарарли таъсирларни олди олинган.

  Бундан ташқари, энергоблокларда қўлланиладиган фильтрлар илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилган ва айни пайтдаги энг самарадор ҳисобланиб, ўз навбатида атроф-муҳитга зарарли газларнинг чиқариш миқдорлари бўйича Жаҳон банки, Европа Иттифоқи ҳамда БААнинг ўзида белгиланган меъёрларига нисбатан NOx бўйича 50 %га, SO2 ва қаттиқ зарралар бўйича 33 %га камроқ кўрсаткичларга эга.

  USC технологияси анъанавий кўмир электр станциясидан фарқли ўлароқ ўта юқори температура ва босимда кўмирни ёқиш имконини беради. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш самарадорлиги бирмунча ошади, шу билан бирга, атмосферага зарарли газларнинг миқдорини камайиши таъминланади. Бундан ташқари, мазкур иш жараёни углеродни ушлаб қолиш конструкциясига эга. Электрофильтрациясининг такомиллаштирилган тизими (ESP)  ва тутун газларининг денгиз суви билан десульфурация (SWFGD) қилиш технологияси NOx, SOx ва қаттиқ зарраларнинг эмиссиясини камайтиради.

 

  Лойиҳа кредиторлари — Industrial and Commercial Bank of China, Bank of China, Agricultural Bank of China, China Construction Bank ва “Ипак йўли” фонди ҳисобланади. Бундан ташқари, лойиҳани молиялаштиришда First Gulf Bank, Union National Bank и Standard Chartered Bank ҳам иштирок этмоқда. Harbin Electric International ва General Electric эса лойиҳалаш, таъминот ва қуриш учун бош пудратчилар сифатида танланган. Ҳозирда General Electric таркибига кирувчи Alstom Power компанияси лойиҳа учун иситиш қозони, буғ турбинали генератор ва илғор экологик назорат тизимларини етказиб берувчи сифатида танланган. АCWА Power компаниясининг 100 % шўъба корхонаси ҳисобланадиган “NOMAC” компанияси лойиҳани эксплуатацияси ва техник хизматларини амалга оширилишига жавобгар ҳисобланади.

  Лойиҳа доирасида мавжуд электр энергиясини Дубай амирлиги истеъмолчиларига етказиб берувчи 400 кВ юқори кучланишли электр тармоғига уланиш учун алоҳида 400 кВ кучланишли подстанция қурилган.

Эътиборли жиҳати, электр станцияда фойдали иш коэффиценти 41 %га тенг.

  Буғ трубинасида ишлаб чиқариладиган буғнинг ҳарорати 604 оС даражани, босим 280 МПа га тенг. Станциянинг ёқилғи таъминоти Малайзия, Индонезия, Австралия ва бир нечта Африка мамлакатларидан олиб келинадиган ўртача калорияси 4600–5200 ккал/кг га тенг бўлган тошкўмир ҳисобланади. Бунда ҳар 1 кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кўмирнинг сарфи 330 грамм шартли ёқилғига тўғри келади.

  Денгиз орқали етказиб келинадиган кўмир танкерлардан қирғоқгача 4 та баржалар ёрдамида, баржалардан станция кўмир омборигача ёпиқ конвейер орқали узатилади ва шу вақтнинг ўзида станцияда кўмир ёқилишидан ҳосил бўлган кул айнан шу конвейерлар ёрдамида баржаларга олиб чиқилади. Кўмир 2 та 1,5 млн тонна сиғимга эга ёпиқ омборларга ёки тўғридан-тўғри энергоблокларга юборилади.

  Станцияни узлуксиз иш режимини таъминлаш учун фавқулотда ҳолатларда захира ёқилғи сифатида табиий газ қўлланилиши мумкин.

 

  Мазкур электр станцияси денгизга яқин масофада — қирғоқ қўриқхонасидан 1,5 км узоқликда қурилган бўлиб, экологик хавфсиз ва атроф-муҳитга деярли салбий таъсирсиз фаолият олиб боради. Станция атрофи 3 та экологик ҳудудларга бўлинган ва қўриқхона ҳудудига бегоналар кириши қатъий тақиқланган. Станция раҳбарияти ташаббуси билан ҳар йили экологик ва ижтимоий тадбирлар такиллаштирилади.

  Электр станциянинг тўлиқ автоматлаштирилган ўз биллинг ва ҳисоб-китоб тизими яратилган бўлиб, электр сотиб олиш (РРА) битимига мувофиқ электр энергиясини ягона сотиб олувчи — DEWAга ҳар ой якунида ойлик инвойс (ҳисоб-варақа)ни атоматик тарзда станция иш фаолиятининг тегишли параметрлари асосида электр энергияси миқдорини ҳисоблайди, тўлов фактураси ва бошқа зарур ҳужжатларни тақдим этади.

  2021 йил, 22 март

  Навбатдаги ташриф объекти “NOMAC control center Ltd.” (The First National Operation & Maintenance Company) ягона бошқарув ва мониторинг қилиш маркази бўлди. Ушбу марказ 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, у “ACWA Power” компанияси тасарруфидаги электр станцияларни бошқаруви ва мониторингини олиб боришда юқори сифатли хизматларни амалга оширади.

  Марказ томонидан дунё бўйлаб “ACWA Power” компанияси тасарруфидаги электр станцияларнинг технологик параметрларини мониторинги амалга оширилади ва станциялар энергия самарадорлигини ошириш ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Аҳамиятли жиҳати, Марказ тўлиқ онлайн режимида фаолият олиб боради.

  NOMACнинг бундай марказлари иккита бўлиб, улар Дубай ва Жидда шаҳарларида жойлашган. Шунингдек, марказ мутахассислари электр станцияларданинг ўзида ҳам фаолият олиб боришади. Марказ ва электр станциялар ўртасида маълумот алмашинуви интернет орқали онлайн режимда йўлга қўйилган. Онлайн режимда қабул қилинган электр станциялардаги технологик қурилмалар ва ускуналарнинг параметрлари амалдаги мавжуд маълумотлар билан ҳамда прогнозлаштирилган иш режимлари билан автоматик режимда таққосланади ва таҳлили амалга оширилади. Марказдаги операторлар томонидан станциялардаги технологик қурилмалар ва ускуналарнинг иш режимларини оптималлаштириш ёки уларни таъмирлаш бўйича зарур тавсиялар берилади.

 

  Ушбу тавсиялар асосида станцияларнинг оптимал иш режимлари ва ишончилилиги таъминланади. Барча кўрсаткичлар марказнинг базасида мавжуд бўлган ўтган давр кўрсаткичлари билан таққослаш орқали таҳлил қилинади. Станция бўйича бир неча мингта параметрлар бир вақтнинг ўзида таҳлил қилинади ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.

  Параметрларни белгиланган оптимал кўрсаткичга нисбатан ўзгаришидан келиб чиқиб, улар долзарблик даражасига қараб 5 та турдаги сигналларга ажратилган. Бунда муҳимлиги даражаси бўйича энг пасти 5-поғонадаги сигнал, энг юқориси 1-поғонадаги сигнал ҳисобланади.

  Ушбу поғонадаги сигнал бўйича тегишли ускуна ёки технологик қурилмада зудлик билан созлаш ишларини бажариш зарурлигини англатади.

  Марказ томонидан 1,5 йил давомида назоратдаги барча электр станцияларда 506 марта иш режимини оптималлаштириш бўйича тавсиялар берилган бўлиб, натижада навбатдан ташқари таъмирлаш ишларини олди олинган ва тахминан 15 млн АҚШ доллари миқдорида ортиқча сарф-харажатларни тежалиши таъминланган.

Ўзбекистон Республикасининг Сирдарё вилоятида “Acwa Power” компанияси томонидан қурилиши бошланган 1500 МВт қувватли электр станциясининг эксплуатацияси ва техник хизмат кўрсатиш ишларининг мониторинги ҳам айнан шу марказ орқали амалга оширилиши тўғрисида маълумот берилди.

 

  Шу марказнинг ўзида дунёда аналоги мавжуд бўлмаган шамол электр станцияларини мониторинг қилиш бўйича “Nomac” компанияси томонидан яратилган янги тизим намойиш этилди. Тизим ёрдамида шамол турбиналарининг иш режимларини оптималлаштирилиши таъминланади.

  Оптималлаштириш маълум шамол турбинасининг бошқа турбиналарга нисбатан ишлаб чиқариш қувватининг мониторинги ва прогноз кўрсаткичларга нисбатан қиёслаш ва бунинг натижасида турбиналарни шамол йўналишига нисбатан ҳолати ва турбина парраклари ҳолатини ростлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Натижада станциялар прогноз кўрсаткичларини максимал даража оптималлаштириш орқали электр энергиясини ишлаб чиқаришни ошириш имкони яратилади.

  2021 йил, 23 март

  Хизмат сафарининг учинчи кунида делегация “Shuaa Energy-1” фотоэлектр станциясига (ФЭС) ташриф буюрди. Ушбу лойиҳа “Clean Energy Strategy 2050” стратегиясининг бир қисми бўлиб, унга кўра 2030 йилга келиб қуёш электр станцияларининг умумий электр энергиясини ишлаб чиқаришда улушини 25% га, 2050 йилга келиб эса 75%га етказиш кўзда тутилган. Ҳозирда ушбу кўрсаткич 9% ни ташкил этмоқда.

  2016 йилда “АCWА Power” компанияси 25 йил муддатга ҳар 1 кВт•соат ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бўйича 5,6 цент (АҚШ доллар) тариф бўйича таклифи билан лойиҳани амалга ошириш бўйича ўтказилган танловда ғолиб деб топилган. Охирги тендер савдоларида 1 кВт•соат электр энергиясининг сотиб олиш нархи 1,6 центни (АҚШ доллар) ташкил этган.

  Шунингдек, “АCWА Power” компаниясининг таклифи билан умумий қуввати 1 ГВт тенг бўлган “Mohammed bin Rashid Al Maktoum Solar Park” фото электр станция (ФЭС) лойиҳасининг иккинчи босқичида амалга оширилаётган объектга ҳам ташриф буюрди. ФЭСда қўзғалмас нишабли панеллар технологиясидан фойдаланилган. Лойиҳа Дубай ҳукумати томонидан биринчи бўлиб амалга оширилган давлат-хусусий шериклиги тамойилига асосланган лойиҳа ҳисобланади.

 

  Ушбу ФЭС 2017 йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилган. ФЭСнинг 51 % улуши DEWA компаниясига қолган 49 % “АCWА Power” компаниясига тегишли ҳисобланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 326 млн. АҚШ долларига тенг, ФЭС эксплуатацияси ва унга техник хизматлар кўрсатилиши NOMAC маркази томонидан амалга оширилади.

  Лойиҳа майдони 4,5 минг квадрат километр бўлиб, унда 80 блокдан ташкил топган 17 666 та қўзгалмас нишабли конструкцияга жойлаштирилган 212 000 та тизимга бирлаштирилган 2,3 млн дона АҚШнинг First Solar and Originates модуллари ўрнантилган. ФЭС нинг ҳар бир блокида тўрттадан инвертор ва 33 кВ кучланишли трансформаторлар жойлашган. Ушбу трансформаторлардан электр энергияси кабеллар орқали станциянинг икки томонида ҳар 100 МВт учун 125 МВА қувватли (SGB Германия) трансформаторлар ёрдамида кучланиши 132 кВга кўтарилади, кабеллар орқали 700 м узоқликда жойлашган подстанция орқали умумий тармоққа узатилади.

  ФЭСнинг параметрлари мониторинги учун GreenPower Monitor PCVSCADA тизими қўлланилган бўлиб, реал вақт режимида интернет орқали мониторинг қилиш ва ҳисоботлар яратиш имконини беради. Ҳозиргача электр станцияда 1,9 ТВт•соат электр энегияси ишлаб чиқарилган ва панелларнинг деградацияси 0,7% дан камроқ. Йиллик электр генерацияси 500 млн. кВт•соатни ташкил қилади.

  Об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда панелларни ювиш учун ўзига хос технологиядан фойдаланилган бўлиб, ювиш узликсиз давом этади ва 9 кунли циклда такрорланади.

 

  Ишчи гуруҳ ушбу объектдан сўнг умумий қуввати 950 МВт бўлган Noor Energy 1 гибрид концентрацияланган қуёш ва фотоэлектрстанцияларининг қурилиш майдонига ташриф буюрди. Ушбу электр станция “Mohammed bin Rashid Al Maktoum Solar Park” лойиҳасининг тўртинчи босқичи ҳисобланади.

  Лойиҳа ACWA Power томонидан Shanghai Electric Group Company (SEGC), Хитой саноат-қурилиш банки (ICBC) ва Испаниянинг Abengoa компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

  Ушбу лойиҳа давлат-хусусий шериклиги тамойили асосида 35 йил муддатга тузилган биринчи келишув асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа майдонида 200 МВт қувватли минорасиз 3 та ва 100 МВт қувватли 260 метр баландликдаги минорали (дунёдаги энг баланд) 1 та концентрацияланган қуёш электр станциялари ҳамда 250 МВт қувватли 1 та ФЭС қурилиши амалга оширилмоқда.

  Электр станция дунёдаги бир майдонда қурилган энг катта концентрацияланган қуёш электр станцияси бўлиб, келишувга асосан 51% улуши DEWA компаниясига 49% эса АCWА Power компаниясига қарашли ушбу электр станцияда ишлаб чиқарилган 1 кВт•соат электр энергияси учун 7,3 цент (АҚШ доллар)га тенг тариф концентрацияланган қуёш электр станциялари орасида дунёдаги энг паст нарх бўлиб турибди.

  Шу билан бирга, ушбу электр станция дунёдаги биринчи қуёш генерациясининг уч хил технологияси бир жойда қўлланилган станция ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши СО2 гази эмиссиясини 2,4 млн. тоннага камайтириш имконини беради.

  Лойиҳанинг умумий қиймати 4,3 млрд. АҚШ долларига тенг. Электр станциянинг эксплуатацияси ва унга техник хизматлар кўрсатилиши Nomac маркази томонидан амалга оширилади. Электр станция 15 соат давомида энергияни сақлаш тизимига эга бўлиб, 24 соат давомида узликсиз электр энегияси билан таъминлаш имконига эга.

  Минорасиз электр станцияда иссиқлиқ таъсирида ҳарорати тез кўтариладиган махсус суюқлик қўлланилган, унинг ҳарорати 270 С даражагача кўтарилади.  Шу ўринда ўзбекистонлик мутахассислар учун янгилик сифатида қабул қилинган бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. У ҳам бўлса, миноранинг юқори қисмида ўрнатилган реакторда махсус бирикмали туз қўлланилган бўлиб, унинг ҳарорати қуёш нурлари таъсирида Цельсий шкаласи бўйича 570 даражагача кўтарилиши ҳақида арабистонлик муҳандислар батафсил сўзлаб беришди.

 

  Ташриф давомида Mohammed bin Rashid Al Maktoum Solar Park лойиҳасининг учинчи босқичи ҳисобланган Masdar компанияси томонидан қўзғалувчан параболик панеллар технологияси қўлланилган бўлиб, ушбу

  200 МВт қувватли ФЭСда панеллар орасидан ўтган трубадан оқувчи махсус суюқликни қиздириш орқали амалга оширилади.

  2021 йил, 24 март

  Ишчи гуруҳининг навбатдаги ташрифи DEWA компаниясига қарашли электр узатиш тизимининг бошқарув марказига бўлди.

  Маълумот ўрнида: DEWA (Dubai electricity and water authority) Дубай амирлигига қарашли ваколатли орган ҳисобланиб, амирликда электр ва сув таъминотини амалга оширади. Ушбу компания вертикал интеграциялашган бўлиб, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш фаолиятини амалга оширади.

  Дубай энерготизимининг частотаси 50 Гцни ташкил этади, номинал кучланишлар қиймати 400, 132, 33, 11, 6.6 кВ, истеъмолчиларда 220 Вни ташкил этади. Компания тасарруфида 23 та 400 кВ, 307 та 132 кВ, 93 та 33 кВ ва 38 239 та 6.6-11 кВ кучланишли нимстанциялар мавжуд.

  Компанияга тегишли бўлган электр станцияларнинг умумий қуввати 10 700 МВт ташкил этади. Компания 1 млн нафардан ортиқ Дубай амирлигидаги истеъмолчиларга электр энергияси ва сув етказиб беради.

2020 йилда Дубай амирлиги электр энергия истеъмоли 45,7 млрд кВт.соатни, максимал юкламаси 9 074 МВтни ташкил этган.

  Компанияда 10 000 га яқин ходим меҳнат қилади, электр энергияси узатиш тизимида эса бор-йўғи 1 800 нафар ходим меҳнат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, замонавий ва инновацион технологиялар қўлланилиши ҳамда юқори малакали мутахассислар фаолият олиб бориши натижасида сўнгги уч йил мобайнида таъминотда умуман узилишлар кузатилмаган.

  Дубай амирлиги тизими Шаржа ва Абу-Даби амирликлари тизими билан ўзаро боғланган. Амирликлар энерго тизимларидаги ўзаро ахборот алмашинуви ва тақсимотлар Амирлик назорат маркази томонидан мувофиқлаштирилади. Ўз навбатида Бирлашган Араб Амирликлари тизими Форс кўрфази давлатлари — Саудия Арабистони, Уммон, Қатар, Қувайт, Бахрайн энергетика тизимлари билан параллел режимда ишлайди.

 

  DEWA компанияси электр тармоқларини бошқарув тизими иккига бўлинган бўлиб, бир марказ электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш тизимини бошқарса, иккинчи марказ тақсимлаш тизимини (132 Кв ва ундан паст кучланишли электр хўжалик объектлари) бошқаради. Ҳар иккала марказнинг иккитадан бошқарув пультлари мавжуд бўлиб, иккаласи ҳам бир вақтнинг ўзида фаолият олиб боради.

  Шунингдек, Дубай амирлигида қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалари юзасидан маълумотлар берилди. Унга кўра, амирлик географик жойлашувидан ҳамда энергия ресурсларидан келиб чиқиб, фақат қуёш электр станциялар қурилиши режалаштирилган. 2013 йилда тизимга қуввати 13 МВтли қуёш станциясининг эксплуатация қилиш таҳлили ҳамда умумий энерготизимга таъсирини текширишдан ушбу турдаги қувватларни интеграцияси бошланган. Ҳозирги кунда қуёш станциялари умумий қуввати 1 000 МВтдан ошган.

  Тизимда SIEMENS компаниясининг Spectrum power 7 SCADA тизими ўрнатилган бўлиб, унда генераторларнинг автоматик бошқаруви (AGC) ва масофадан бошқарув функцияларига эга.

  Қуёш станциялари ишга киритилиши билан тизим тезкор бошқарувида янги талабларни пайдо бўлишига сабаб бўлди. Аввал ИЭСлардаги энг катта блок эҳтимолий ўчиши ва истеъмол прогнозидаги ноаниқликлар асосида тизимда ишлаб чиқариш резервлари таъминланган бўлса, қуёш станциялари ишга киритилиши билан юқоридаги омилларга яна қуёш станциялари флуктуацияси ва ишлаб чиқариш прогнозидаги ноаниқликлар қўшилди. Тизим бошқарувида умумий энерготизимни уч босқичли захира қувватлари билан таъминлаш имкониятлари яратилган:

- биринчи босқичда 0-30 сония оралиғидаги резерв;
- иккинчи босқичда 30 сониядан 30 дақиқагача оралиқдаги резерв;
- учинчи босқичда 90 дақиқа ва ундан кўп бўлган вақт оралиғидаги резерв.

  Тизимдаги қуёш станциялари томонидан кўрсатилаётган номутаносибликлар АGC тизими орқали станцияларда автоматик тарзда ишлаб чиқариш қувватларини ўзгартириш орқали амалга оширилади. АGC тизими ишончли ишлаши учун тизимда резервлар таъминланган.

  Қуёш станциялари ишлаб чиқариш прогнози иккита манбадан (электр станциялардан ва амирликлар метео хизматидан) олинган маълумотлар асосида амалга оширилади.

 

  Шунингдек, Дубай амирлиги энергетик тизимида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришда ишончлиликни таъминлаш юзасидан маълумотлар берилди. Унга кўра 400/132 кВ подстанциялар ўрнатилган трансформаторлар 50% гача юкланиш билан ишлаши таъминланади, натижада ҳар қандай режимларда бир трансформаторни таъмирга чиқариш ёки фавқулотда ўчиши истеъмолчилар таъминотида узилишларга ёки тизим элементлар зўриқиш билан ишлашига олиб келмайди. 132 кВ подстанциялар учта трансформатор билан жиҳозланиши ва ҳар қандай режимларда бир трансформатор ўчирилиши таъминланиши кўрсатиб ўтилди.

  400 кВ электр тармоқлари N-2, яъни бир линия таъмир режимида иккинчи линия фавқулотда ўчиши тизим истеъмолчилар таъминотида узилишлар ёки тизим элементларининг зўриқиш билан ишлашига сабаб бўлмайдиган қилиб лойиҳалаштирилган.

  Дубай амирлиги энергетик ривожланиш стратегияси Амирлик Ҳукумати ва DEWA компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиши, унинг асосида электр тармоқлари ривожланиш схемаси DEWAнинг тегишли департаменти томонидан ишлаб чиқилиши маълумот берилди.

  2021 йил, 25 март

  Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ташриф объекти 400/132 кВ кучланишли “CAR COMPLEX” подстанцияси бўлди. Мазкур постанция 2009 йилда ишга туширилган бўлиб, унга “Siemens” компаниясининг электр қурилмалари ўрнатилган.

  Подстанцияда 400 кВ кучланишли элегаз изоляцияли комплект тақсимлаш қурилмаси (КРУЭ-400 кВ) ва 505 МВА қувватли 4 та трансформаторлар, шу жумладан, ўз эҳтиёж трансформаторлари ўрнатилган бўлиб, подстанциянинг тезкор бошқарув тизими рақамли технологиялар (SCADA) асосида амалга оширилган, яъни подстанцияда кундалик асосда операторлар фаолият (навбатчилик) олиб бормайди. Станциянинг тезкор бошқаруви DEWAнинг асосий бошқарув пультидан амалга оширилади.

  DEWA компанияси мутахассислари томонидан берилган маълумотларга кўра, подстанция файдаланишга топширилгандан ҳозирги вақтга қадар ҳеч қандай носозликлар ва авариявий тўхташлар кузатилмаган. Муҳим жиҳати шуки, ўрнатилган иккита трансформаторнинг ўчирилиши (таъмир, фавқулотда ўчиш) истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминотида узилишларга сабаб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, DEWA техник талабларига асосан, подстанцияларга ўрнатилган барча трансформаторлар ёнғинга қарши автоматика билан жиҳозланганлиги таъкидланди.

 

  Элегаз изоляцияли комплект тақсимлаш қурилмасининг қуйидаги афзаллик томонлари аниқланди:

- тақсимлаш қурилмаси ёпиқ бинода жойлашгани бўлиб, электр қурилмаларнинг жойлашуви анъанавий (очиқ типда) подстанциялардаги жойлашувга нисбатан қарийб 10 марта кичик майдонни эгаллайди;
- ташқи об-ҳаво таъсирларига (чанг, ёмғир, чақмоқ каби) учрамайди;
- тезкор хизмат кўрсатувчи (навбатчи) ходимлар талаб этилмайди. Бунда, режали ва авариявий ишларда зарур ходимлар жойга чиққан ҳолда тегишли ишларни амалга оширади;
- ток ўтказувчи қисмларнинг тўлиқ ёпиқ ҳолатда бўлиши юқори даражадаги хавфсизликни таъминлайди;
- оператив ёқиб-ўчириш иккита пунктидан (марказий диспетчерлик хизмати, ва подстанция бошқарув пункти) амалга ошириш имкониятига эга.

  Дубай амирлигининг 400 кВ юқори кучланишли магистрал узатиш линиялари 2 занжирли схемада қурилган бўлиб, қуйидаги афзалликларга эга:

- бир фаза 4 та симда қурилган, минорадаги изоляторлар устундан ўтувчи осма V–шаклида бўлиб, устунга яқинлашишни ва занжир симларини ортиқча ҳаракатланишининг олди олинади;
- анкер устунларида шлейфларни ўтказишда қўшимча воситалар (ЛСА) ишлатилмайди.

  Дубай шаҳрининг энерго тизими инфратузилмасида юқори кучланишли 400 кВ ҳаво линиялари тўғридан-тўғри шаҳардан узоқ бўлмаган ҳудудларда жойлашган подстанцияларга олиб кирилган.

 

  Биринчи: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан биринчи маротаба 220/110/35/6 кВли Тошкент шаҳридаги “Юксак” нимстанциясини Dewa тажрибаси асосида ёпиқ нимстанция типида қуриш режалаштирилди. Лойиҳа Жаҳон банкининг маблағлари ва Акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Лойиҳа бўйича тендер савдоларини 2021 йил II чорагида якунлаш таъминланади ва тегишли шартномаларни расмийлаштириш бошланади.

  Иккинчи: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг “Диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплексини (SCADA) жорий қилиш” лойиҳаси доирасида:

- қўшимча (резерв) диспетчерлик марказини қуришни режалаштириш;
- диспетчерлик бошқаруви марказининг маълумотлар базаси тизимига электр энергияси ишлаб чиқарувчилар – иссиқлик станциялари, гидро станциялар, фото ва шамол электр станциялари ҳамда тақсимловчи корхона (“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ) маълумотлар базасини интеграциясини амалга оширилиши режалаштирилди.

  SCADA тизимини жорий этиш лойиҳаси бўйича (келгусида амалга ошириладиган ишларни қисқача кўрсатиш зарур муддатларини кўрсатган ҳолда), танловларни 2022 йилнинг биринчи чорак якунигача тугатиш, лойиҳалаш ишларини 2022 йилнинг иккинчи чорак якунигача амалга ошириш. Тизимни жорий этиш 2024 йилнинг иккинчи чорагида амалга оширилиши режалаштирилган.

  Учинчи: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан юқори кучланишли электр тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш лойиҳалари доирасида тегишли тармоқларни лойиҳалаш ва қурилишида (модернизациясида) конвертсимон типдаги таянчларни қўллашни жорий этилишини тизимли асосда таъминлаш. Бунда республикадаги лойиҳа институтлар ва ишлаб чиқариш ташкилотларининг мутахассисларини хорижий давлатларнинг лойиҳалаш ва инжиниринг компанияларига малака ошириш ва тажриба алмашинувига юборишни йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилади.

  Умуман олганда, Бирлашган Араб Амирликлари энергетиклари тажрибасини ўрганиб, мамлакатимизда амалиётга татбиқ этиш мумкин бўлган жиҳатлар бир талай эканлиги хизмат сафари моҳиятининг асосий хулосасидир. Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган эҳтиёж йилдан-йилга, кундан-кунга ошиб бораётган бугунги кунда дунёнинг илғор тажрибасини ўрганиб, энг самарали, арзон ва қулай технологияларни жорий этиш — бугунги кун талаби.

  Д.А.Исақулов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Ишчи гуруҳ раҳбари

  Қўшимча маълумот: https://t.me/qashqadaryo_hududiy_elektr/5022

                                         https://t.me/toshhetk/25488

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>