Янгиликлар
НУКУС ВА ЗАРАФШОН ШАҲАРЛАРИ ЯҚИНИДА ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ ҚУРИЛАДИ
  • 18.10.2019
  • 969

НУКУС ВА ЗАРАФШОН ШАҲАРЛАРИ ЯҚИНИДА ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ ҚУРИЛАДИ

 

     Бугунги ҳаётни электр энергиясиз тасаввур этишнинг ўзи мушкул. Электр таъминоти маълум сабабларга кўра тармоқдан бир муддат узилса, худди иш, таъбир жоиз бўлса ҳаёт тўхтаб қолгандек туюлади. Бироқ 1 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 0,3 м3 табиий газ, ўртача 2,5 кг кўмир сарф этилишини кўпчилик билмайди.

     Энергия ишлаб чиқариш катта миқдорда табиий хом ашё талаб этувчи жараён экани, уни магистрал тармоқлар орқали етказиб бериш, истеъмолчиларга тақсимлаш ва шу билан боғлиқ минглаб иш-юмушлар мураккаб жараён эканлиги ҳам аксарият истеъмолчиларга номаълум.

     Шу ўринда муқобил энергия турларини жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлигини алоҳида қайд этиш лозим. Беминнат қуёш энергиясидан фойдаланиш, шамол электр станцияларини қуриш электр энергияга кундан-кунга, йилдан-йилга талаб ошиб бораётган мамлакатимиз учун ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февраль санасидаги ПҚ-4145-сонли қарорига мувофиқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кредит маблағлари ҳисобидан, шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги ПҚ-4256-сонли қарорига асосан Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси иштирокида Ўзбекистонда шамол электр станциялари қуриш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари ўзининг янги босқичига чиқди.

   Дастлаб шамол электр станциясини қуриш учун мос, яъни мунтазам шамол йўналишларини аниқлаш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилди. Германиялик мутахассислар билан лойиҳанинг техник талабларига мос ҳудудлар аниқланди. Эндиликда Нукус шаҳрига яқинидаги Қоратов ҳудудида 100 МВт қувватли ҳамда Зарафшон шаҳри яқинида 200 МВт қувватга шамол электр станциясини қуриш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

  29 август куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компаниясида хорижий мутахассислар иштирокида техник топшириқлар лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди. Учрашувда электр узатиш линияларининг мавжуд ҳолатини техник жиҳатдан қайта кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, шамол электр станцияларини Ўзбекистон Республикасининг энергия тизимига интеграциялашувини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

  «Мазкур лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш орқали, аниқроғи муқобил энергия станциялари қуввати эвазига Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий вилояти энергия тизимида ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Истеъмолчиларни узлуксиз сифатли энергия билан таъминлаш, муқобил энергия турларини жорий этиш — энергетика соҳасининг иш сифатини оширишга хизмат қилади», дейилади «Ўзбекистон МЭТ» АЖ матбуот хизмати хабарида..                                                          

 

   «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати      

Манба: kun.uz     

 

   

>