2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Ҳисоботлар
2025 йил САРҲИСОБИ: Ижтимоий кўмакка муҳтож ёки даволаниши эҳтиёжи юзага келган 490 га яқин ходимларга касаба уюшмасидан моддий ёрдамлар кўрсатилди (8-сонли)
  • 21.01.2026
  • 29

“Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида

Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг 2025 йилда олиб борган фаолияти ҳақида ҳисобот-маълумотномаси.

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ўз тасарруфига 18 та бошланғич касаба уюшма қўмиталарини бирлаштирган бўлиб, жами 8479 нафар касаба уюшма аъзолари, шу жумладан 689 нафар хотин-қизлар ва 1146 нафар ёшлардан иборат.

2025 йилда Бирлашган касаба уюшмаси хизматидаги 18 та филиалларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари иш режаларига мувофиқ самарали меҳнат фаолияти олиб бордилар.

Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик ҳисларини шакллантириш мақсадида кўплаб филиалларимиз бошланғич касаба уюшмалари томонидан Республикамизнинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор қадамжолари бўлган шаҳарларга 1012 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ички туризм саёҳатларига олиб борилди.

Мисол учун:

· Самарқанд шаҳрига 134 нафар;

· Бухоро шаҳрига 121 нафар;

· Хива шаҳрига 80 нафар;

· “Чимён”, “Амирсой” тоғ зоналари экотуризм саёҳатига 159 нафар;

· Фарғона вилоятидаги “Эртош” дам олиш зонасига 36 нафар;

· “Чодак” дам олиш масканига 120 нафар;

· “Мираки” ва Шаҳрисабзга 161 нафар;

· “Зомин” тоғ зонасига 201 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саёҳатларга олиб борилди.

Жамоа шартномаларида назарда тутилган барча имтиёз ва кафолатлар бажарилишига эришилди, жумладан:

Энергетика тизимида кўп йиллар мобайнида меҳнат қилиб, соҳа ривожига ўзининг самарали ҳиссасини қўшган ва нафақага кузатилаётган 70 нафар ходимларга энергетика стажига кўра лавозим маошининг бир баробаридан уч баробаригача миқдорда рағбатлантириш тўловлари берилди, ходимларга эсдалик совғалари ва гулдасталар тақдим этилиб, пенсияга кузатилиши тадбирлари уюштирилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Юбилей туғилган кунларини нишонлаётган 212 нафар ходимларга бир лавозим маоши миқдорида рағбатлантириш тўлови берилиб, фахрий ёрлиқ, зарчопон, эсдалик папкалари ва гулдасталар топширилиб, тақдирланишлари ташкил этилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Жамиятнинг аёлларини “8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами” муносабати билан табриклашга барча филиалларда байрам тадбирлари ўтказилди. 537 нафар аёлларга байрам мукофот пуллари берилди.

Шунингдек, Наврўз байрами тадбирлари барча филиалларда кенг нишонланди. Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида байрам дастурхонлари тузалди, байрамга совғалар берилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан филиалларда Энергетика фахрийлари ва байналминалчи жангчиларга байрам дастурхонлари тузалди.23 нафар байналминалчи жангчиларга байрам муносабати билан моддий ёрдам берилди.

1 июнь “Болаларни химоя қилиш куни” байрами муносабати билан болалар томошаларига, болалар концерти дастурларига 500 га яқин болалар мазза қилиб дам олишлари, ўйин-кулгу қилишларини ташкил этилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Хўжалик ҳисобидан 1% Меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан Янги йил байрами муносабати билан Акциядорлик жамияти ходимларининг 9528 нафар фарзандларига янги йил совғалари берилди. Шу билан бирга, Янги йил байрами томошаларига, болалар ўйин майдончаларига 1000 дан зиёд чипталар харид қилинди ва бепул тарқатилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида 187 нафар болалар соғликларини тиклашди, бу мақсадларга хўжалик органидан ва касаба уюшма маблағларидан маблағ сарфланди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Ижтимоий кўмакка муҳтож ёки даволаниши эҳтиёжи юзага келган 490 га яқин ходимларга касаба уюшмасидан моддий ёрдамлар кўрсатилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Боқувчисини йўқотган оилаларни, ёлғиз кекса пенсионерларни, энергетика фахрийларини 34 нафарини ҳолидан хабар олинди ва байрамлар арафасида уларга озиқ-овқат тўпламлари кўринишида моддий кўмак берилди.

Концерт, театрларга 1000 тадан ортиқ чипталар харид қилинди ва ходимларга бепул тарқатилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

1 сентябрь — Янги ўқув йили арафасида 2 ва ундан ортиқ мактаб ёшидаги ўқувчи фарзанди бўлган кам таъминланган ходимларнинг 389 нафар фарзандларига ўқув қуроллари харид қилинди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами барча филиалларда кенг нишонланди. Ходимларга байрам дастурхонлари тузалди. 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан жойларда маънавият соатлари, давра суҳбатлари ўтказилди. Жамият томонидан энергетика тизими ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ходимлар Фахрий ёрлиқлар ва Ташаккурномалар билан тақдирланди. Тақдирланган ходимларга гулдасталар ва эсдалик совғалари берилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

22 декабрь — “Энергетиклар куни” касб байрами муносабати билан барча филиалларда байрам тадбирлари уюштирилди, кекса пенсионерлар ва энергетика фахрийлари таклиф этилди.

“Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”, “Техника ҳавфсизлиги ойлиги” кўрик танловлари ўтказилди, ғолибларга эсдалик совғалари берилди.

Йил давомида магистрал линияларда юзага келган аварияли ўчиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш ишларида қатнашган ишчи-ходимларга моддий кўмак бериш мақсадида дала жойларида иссиқ озиқ-овқат, кофе, чой доимий ташкил этилиб борилди, йил давомида 500 дан зиёд ходимларга иссиқ овқатлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сонли “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Жамият тасарруфидаги филиалларнинг барча касаба уюшма қўмиталари томонидан ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси, воллейбол ва минифутбол, Боулинг, “Балиқ ови” турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Филиал ходимлари ўртасида минифутбол бўйича “Раис кубоги” ва аёллар ўртасида воллейбол бўйича “Бошқарув раиси кубоги” мусобақалари ташкил этилди. Мусобақа ғолибларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Барча филиалларда йил давомида ташкил этилган спорт мусобақаларида 1000 дан ортиқ ходимлар иштирок этишди. Мусобақа ғолибларига ва иштирокчиларига эсдалик совғалари топширилди. (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Акциядорлик жамияти раҳбарияти билан келишилган ҳолда иш вақти ичида ходимларни 30 минут давомида ишлаб-чиқариш гимнастикаси билан шуғулланишлари ташкил этилди.

Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун бассейнларга абонементлар 50 фоизга тарқатилди. Ходимлар футбол билан шуғулланишлари учун спорт инвентарлари харид қилинди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғликларини тиклаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йил давомида Фарғона вилоятидаги «Шифобаҳш Чимён» сиҳатгоҳида 30 нафар Энергетика фахрийси бепул даволанди. Бу мақсадларга МҲТФ 1 фоиз маблағи ҳисобидан маблағ сарфланди ва энергетика фахрийлари соғликларини тиклашди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига 10 фоиз касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан Республикадаги «Турон», «Зомин», «Оқтош», «Чортоқ», «Ботаника» ва «Чинобод» сиҳатгоҳлари ва «Кристал-Хумсон», «Наврўз», «Кумушкон» дам олиш уйларига 141 та йўлланмалар олинди ва имтиёзли — 45 фоизлик қилиб ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига тарқатилди. Ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 41 нафар ходим санаторияларга имтиёзли 45 фоиз нарҳда юборилди. 3 нафар байналминалчи бўлган ходимларга 3 та йўлланма бепул берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповнинг 2022 йил 1 ноябрдаги 06/1-2408-сонли топшириғига асосан Россия Федерацияси Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаториясида “Дам олиш–даволаниш–билим олиш–малака ошириш” лойиҳаси асосида 2025 йилда 24 нафар ходимлар соғломлаштирилиб ва билим савияларини оширишлари ташкил этилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

2025 йил давомида Жамиятнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари, хотин-қизлар комиссияси, ёшлар билан ишлаш комиссияси билан ҳамкорликда Наврўз, 8-март, Мустақиллик, Конституция куни байрамларига бағишланган давра суҳбатлари, шеърият кунлари ўтказилди, миллийлигимизни тарғиб қилишликка қаратилган “ХОН-АТЛАС” тадбирлари уюштирилди. Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллуд кунларига бағишланган адабиёт ва китобхонлик тадбирлари уюштирилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Йил давомида Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ва Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари ҳамкорликда кўплаб самарали ишлар амалга оширилди, аёлларни спорт мусобақаларида актив иштирок этишлари ва саёҳатларга олиб борилиши уюштирилиб борилди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси қошида ташкил этилган Ёшлар билан ишлаш комиссияси ўз фаолиятини 2025 йилда ижобий олиб борди. Хусусан, ёшлар ўртасида мунтазам равишда спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси, минифутбол турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Бассейнларга абонементлар берилди. Раҳбар ва ёшлар ўртасида учрашувлар ташкил этилди. Бу учрашувларда раҳбарлар ўзларини меҳнат ва ҳаёт тажрибаларини ёшларга бўлишдилар ва шу билан бир қаторда ёшларни қизиқишлари, келгусидаги режалари, жамиятни ривожи учун таклиф ва ташаббуслари ўрганилди. Жамиятнинг фаол ва ташаббускор ёшларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ёшларга эсдалик совғалари, жамият логотипи туширилган кепка ва футболкалар совға қилинди.

Республиканинг оммавий ахборот воситалари газета ва журналларга 2025 йил учун «Ишонч», «Ишонч-Доверие» ва бошқа газеталарга обуналар ташкил қилинди (Барча филиалларда ва Марказий бошқарув аппаратида).

Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг 2025 йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ қўмита йиғилишларида кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар ”Мехнат муҳофазаси ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш” хақида, “Меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши” тўғрисида, “Маънавият ва маърифат ишларининг олиб борилиши, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг соғломлаштирилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат Дастурини бажарилишини таъминлаш тўғрисида”ги масалалар белгиланган вақтда қўмита йиғилишларида кўриб чиқилди.

Йил давомида Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан берилган топшириқлар бажарилди.

Йил давомида Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашига барча йўналишлар бўйича юборилиши лозим бўлган статистик ҳисоботлар, “Давлат дастури” бўйича ҳисоботлар белгиланган муддатларда топширилди.

Тошкент шаҳар касаба уюшмалари бирлашмаси кенгашига топширилиши лозим бўлган молиявий ҳисоботлар, йўлланмалар бўйича ҳисоботлар белгиланган муддатларда топширилди.

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси бухгалтерияси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Устав талабларига асосан йўналтирилиши лозим бўлган 30 фоизлик аъзолик бадаллари маблағлари ўз вақтида ажратилиши таъминланди.

2025 йил давомида жамият ходимларидан, филиалларидан ва бошқа ташкилотлардан келган турли мавзуларни ўз ичига олган мурожаатлар Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, белгиланган муддатларда мурожаатчиларга ижобий жавоблар берилиши таъминланди.

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси энергетика стажини тиклаб бериш бўйича комиссия билан биргаликда ходимлардан тушган аризаларни ўрганиб чиқиб, кўплаб ходимларни энергетика стажлари тиклаб берилди.

2025 йил мобайнида касаба уюшмалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаларини ҳам амалга ошириб борди:

· ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текширишда иштирок этди;

· ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларнинг бузилишларини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритди;

· меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ўрганиш, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлари бажарилишини назорат қилди;

· меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этди;

· ходимларни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар ва касб касалликларидан суғурта қилинди, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш ҳавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказди ҳамда ходимларни дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилишини, ходимларни белгиланган муддатларда ўрнатилган нормалар бўйича махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминишини назорат қилди.

Жорий 2026 йилда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча саъйи-ҳаракатларни амалга оширишда куч ва имкониятларини кенг ишга солган ҳолда хизмат қилишини билдиради.

Нодира Хидирова, Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati