2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Ҳисоботлар
2025 йил САРҲИСОБИ: 2030 йилгача мўлжалланган рақамли стратегия дастури, корхонанинг мақсадли IT-архитектураси ва IT лойиҳалар портфели ишлаб чиқилди (5-сонли)
  • 15.01.2026
  • 75

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ Трансформацияни амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси фаолияти доирасида 2025 йил мобайнида амалга оширилган ишлар ва 2026 йилда режалаштирилган ишлар юзасидан маълумот.

Маълумки трансформация жараёнлари компаниянинг узоқ муддатли муваффақиятини ва рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Трансформация – бу фақат ўзгариш эмас, балки компаниянинг фаолияти ва ривожланиши учун стратегик зарурат ҳисобланади. “Ўзбекистон МЭТ” АЖда ҳам трансформация жараёнларини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

2025 йилда амалга оширилган ишлар

“Ўзбекистон МЭТ” АЖни институционал ривожлантириш, электр энергиясининг эркин бозорига тайёрлаш, узоқ муддатли ривожланиш стратегияларни ишлаб чиқиш, иқтисодий ва инсон ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, тизимга рақамли технологияларни ва дастурий таъминотларни янада кенгроқ жорий қилиш, бошқарувда ва технологик жараёнларда инсон омилини қисқартириб, адолатли тизимларни яратиш, коррупцияни олдини олиш, операцион самарадорликни ошириш, электр энергетика тизимини ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда шу каби бошқа муҳим ижтимоий, иқтисодий ва технологик вазифаларни амалга оширишга эътибор қаратилди.

  •  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил
    17 декабрдаги “Узатиш ва тақсимлаш тизимларини ривожлантириш ва тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 844-сонли қарорига ва Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимидаги мавжуд 35 кВ ва ундан юқори кучланишли подстанция ва ҳаво тармоқлари объектлари мажмуи узатиш тизими ҳисобланганлиги сабабли, тўлиқ ҳажмда “Ўзбекистон МЭТ” АЖга баланс қийматида ўтказилди ва узатиш тармоғи сифатидаги салоҳияти ва активлари қиймати оширилди.

  •  Халқаро консалтинг компанияси иштирокида компаниямизнинг
    2035 йилгача мўлжалланган молиявий модели ишлаб чиқилди ва уни мунтазам янгилаб бориш тизими йўлга қўйилди.

  •  Халқаро кредит рейтинг агентликларининг тавсияларига асосан мустақил (standalone) кредит рейтингини ошириш бўйича Fitch reytings ва S&P халқаро кредит рейтинг компаниялари жалб этилди.

  • Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш йўлга қўйилди. Ҳозирда E&Y консалтинг компанияси томонидан ESG диагностикаси  ўтказилди. Диагностика натижаларининг таҳлили ва аниқланган ESG бўшлиқларини бартараф этиш бўйича тавсиялар ва ташаббуслар рўйхати ишлаб чиқилди. Юқори ESG рейтингига эришиш мақсадида "Ўзбекистон МЭТ" АЖнинг барқарор амалиётларини қисқа, ўрта ва узоқ муддатда яхшилаш бўйича тавсиялар берилди. Атмосферага чиқариладиган Scope 1 ва Scope 2 иссиқхона газларининг миқдорий ўлчовлари баҳоланди. Шунингдек ESG барқарор ривожланиш ҳисоботини якунлаш жараёни кетмоқда.

  •  Халқаро консалтинг компаниялари иштирокида харид жараёнларининг коррупцияга қарши ҳимоя тизимини яратиш ва “форензик” аудит текширувларини ўтказиш мақсадида PWC халқаро консалтинг компанияси жалб этилди. Ҳозирда аудит якунланиш босқичида.

  •  Компаниянинг янги инвестиция сиёсати ишлаб чиқилди.

  •  Ходимларни ривожлантириш, мослаштириш ва самарадорлигини оширишни ўз ичига олган HR-стратегия ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

  •  Акциядорлик жамияти ходимларининг малака талаблари қайта кўриб чиқилди. Замонавий малака талабларига мувофиқ ходимларни танлаш ва улар учун мунтазам ўқув дастурларини ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

  •  Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (IFRS)ни сифатли жорий этиш бўйича уч нафар халқаро сертификатга эга бўлган мутахассислар шакллантирилди. 2024 йил ва 2025 йилнинг 6 ойлиги учун халқаро аудиторлар тасдиқлаган йиллик IFRS ҳисоботлари тайёрланди ва нашр этилди.

Бундан ташқари Жаҳон банкининг бошқа “Институционал салоҳиятни ошириш” (IBL) лойиҳаси доирасида умумий миқдори – 430 минг АҚШ доллари қийматидаги грант маблағлари ҳисобига катта тўртликка кирувчи “PWC” халқаро консалтинг компанияси жалб этилган ҳолда қуйидаги 3 та лойиҳа амалга оширилди:

1) Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (IFRS)га мувофиқ янги молиявий ҳисобот сиёсати ишлаб чиқилди.

2) Қисқа, ўрта ва узоқ муддатли бюджетлаштириш тизими жорий этилди.

3) COSO (Committee of Sponsoring Organizations of the Treadway Commission) концепциясига асосланган рискларни бошқариш тизими жорий этилди. COSO концепцияси – бу ташкилотларда ички назорат ва рискларни бошқариш тизимларини ташкил қилиш ва баҳолаш учун кенг қабул қилинган стандартлар тўплами ҳисобланади.

 

Рақамлаштириш йўналишларида:

· 2030 йилгача мўлжалланган рақамли стратегия дастури ишлаб чиқилди.

· Асосий бизнес-жараёнларни қўллаб-қувватлаш ва стратегик мақсадларга эришиш учун корхонанинг мақсадли IT-архитектураси ва IT лойиҳалар портфели ишлаб чиқилди.

· Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган ахборот-ўлчов тизими (АИСКУЭ) жорий этилди.

· Компанияда ахборот хавфсизлигини таъминлайдиган DLP тизими жорий этилди.

2026 йилда амалга ошириладиган ишлар

Бу даврда соғлом рақобат муҳитига, нарх шаклланишининг эркин ва шаффоф бозор механизмларига мослашиш, электр энергетика тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, соҳага давлат кафолатисиз хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда электр энергияси таъминотининг узлуксизлиги ва барқарорлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Жумладан,

  •  Мамлакат электр энергетика сектори Мастер-режасига асосланган ҳолда 2035 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилади ва Кузатув кенгашида тасдиқланади.

  •  Ишлаб чиқилган молиявий моделдан келиб чиқиб, етишмаётган маблағларни қоплаш ва капитал жалб қилиш учун (ҳамда ПҚ-329 га асосан) 2026 йилда Нью-Йорк, Лондон каби йирик халқаро фонд биржаларида (300 млн евро миқдорида) облигациялар жойлаштирилади ва компанияга узоқ муддатли молиявий ресурслар жалб этилади.

  •  2027 йилда Компания қийматини ошириб, давлат акция пакетларини капитал бозори орқали хусусийлаштириш (IPO чиқариш, яъни акцияларни биринчи оммавий таклиф қилиш) чоралари кўрилади. Жараён узоқ муддатни талаб этгани учун 2026 йилда тайёргарлик кўрилади ва 2027 йилда амалга оширилади. Бунда акциядорлик жамиятимиз хусусий (private) мақомдан оммавий (public) мақомига ўтади.

  •  Халқаро стандартларга мувофиқ 2025 йил учун Барқарор ривожланиш ҳисоботи (ESG ҳисоботи) ишлаб чиқилади ва кейинчалик ESG рейтингига эга бўлиш чоралари кўрилади.

  •  Молиявий ҳисоботни халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (МҲХС)га мувофиқ юритиш ва бухгалтерия ҳисобини такомиллаштириш бўйича МҲХС бўйича таркибий бўлинмада халқаро сертификатга эга бўлган камида 3 нафар ходимнинг мавжуд бўлиши, шунингдек, мазкур бўлинма раҳбарининг якунланган ACCA DipIFR  сертификатига эга бўлиши таъминланади. 2025 йил якуни бўйича МҲХС асосидаги йиллик молиявий ҳисоботларни 15 июнга қадар тайёрлаш, аудитдан ўтказиш ва эълон қилиш ҳамда 2026 йил 6 ойлик даври бўйича (оралиқ) МҲХС асосида ҳисоботни 30 сентябрга қадар тайёрлаш, аудитдан ўтказиш ва эълон қилиш таъминланади.

  •  Ички аудит хизматига юқори малакага эга ва зарурий ҳажмдаги (камида 2 нафар) мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Ички аудит хизмати раҳбарининг халқаро даражадаги сертификатга эга бўлишини таъминлаш чоралари кўрилади.

  •  Рискларни бошқариш бўйича корхонанинг Кузатув кенгаши ёки бошқарув раисига бўйсунувчи, камида 2 нафар ходимдан иборат таркибий бўлинма шакллантирилади. Бўлинма фаолияти СОSO ёки ISO 31000 стандартлари асосида ишлаб чиқилган методология асосида йўлга қўйилади.

  •  “Диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш” бўйича (SCADA), “Электр энергиясини бошқариш” бўйича (EMS) ҳамда “Ресурсларни самарали бошқариш” бўйича (ERP) тизимларини жорий этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилади. Шундан “Ресурсларни самарали бошқариш” бўйича (EРП) тизими тўлиқ ишга тушурилади.

  •  Асосий технологик жараёнларни рақамлаштириш орқали операцион самарадорликни ошириш, жумладан замонавий ишлаб чиқариш тизимларини (PI System ва шунга ўхшаш) жорий этиш, жумладан сунъий интеллект (agentic AI) ёрдамида автоматлаштириш, ишлаб чиқариш операцияларини прогноз таҳлил қилиш ва оптималлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилади.

 Б.А.Мавлонов, Трансформацияни амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси бошлиғи

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati