

Ассалому алайкум ҳурматли ҳамкасблар!
2025 йил 26 декабрь куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга қилган Мурожаатномасида Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратни янада кучайтирилиши тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтдилар. “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид эканлигини ва коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнат эканлигини алоҳида гапириб ўтдилар. Ушбу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилдилар. Барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими янгидан жорий этилиши ва Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилишини таъкидлаб ўтдилар. Чунки, коррупцияга қарши курашишдаги ҳозирги тизим эскириб қолганлиги, шу сабабли янги тизим жорий қилинаётганлиги ҳам гапириб ўтдилар. Янги тайинланадиган раҳбарлар – тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатишини ҳамда Президент олдида ҳисобот беришларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. “Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди, Шунингдек, Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар коррупцияга шерик деб баҳоланишини ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлишини ҳам давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Президент Администрацияси Комплаенс хизмати 2026 йил 1 январдан бошлаб ушбу тизимнинг барча давлат идоралари ва ташкилотларида ишга тушириб, ижросини қатъий назоратга олишини таъкидладилар. Мансабидан қатъий назар порахўрлик ва суъистемолчилик бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан Президент Администрацияси Комплаенс хизмати шахсан давлат Президентига ҳисобот бериши юзасидан ҳам алоҳида топшириқ бердилар.
Бугунги йиғилишимизнинг мақсади Жамиятимизда коррупцияга қарши курашиш, холислик ва шаффофликни таъминлаш, ҳар бир ходимда масъулият ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришдан иборат.
Коррупция нафақат молиявий йўқотишга, балки Жамиятнинг нуфузига, ишончига, ички интизом ва корпоратив маданиятига жиддий путур етказади. Агар бир инсоннинг масъулиятсизлиги ёки манфаатлар тўқнашуви натижасида барча жамоамизнинг қийин меҳнати самарасиз бўлиб, йўққа чиқса, бу ҳолат жамиятимиз учун кечириб бўлмайдиган катта йўқотиш бўлади.
Шунинг учун биз ҳар қандай коррупцион хатти-ҳаракатларга мутлақо йўл қўймасликни давом эттиришимиз керак.
Бугунги кунда Жамиятимизда коррупцияга қарши кураш ва уни олдини олиш бўйича ишлар тизимли амалга оширилмоқда. Жамият марказий аппаратида коррупцияга қарши ички назорат, яъни Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати ходимлари ушбу йўналишда ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Ҳурматли ҳамкасблар! Коррупцияга қарши курашиш ҳар биримиздан фаол позиция ва ўз интизомига қатъий амал қилишни талаб этувчи масъулиятдир.
Шуни инобатга олган ҳолда ҳар бир раҳбар ва ходим қуйидаги тамойилларга қатъий риоя қилишлари шарт:
1. Шахсий манфаатларини расмий вазифалар билан аралаштирмаслик.
2. Ҳар қандай шаклдаги пулли ёрдам, совға, хизмат ёки имтиёзларни содиқликка таъсир қилувчи омил сифатида қабул қилмаслик.
3. Барча иш жараёнларини қонунийлик, холислик ва барқарорлик асосида амалга ошириш.
4. Манфаатлар тўқнашуви пайдо бўлганда бу ҳақда дарҳол раҳбариятга ҳамда компаленс хизматига зудлик билан хабар бериш.
5. Коррупцияга оид вазиятларни кўрганимизда сукунат сақламаслик зарур, чунки сукунат — бу жиноятни қўллаб-қувватлаш билан баробардир.
Ҳар бир раҳбар ва ходим ўз меҳнат фаолиятида юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда доимо пок, ҳалол, адолатли ва мустақил бўлиши, мансаб мажбуриятларини бажаришда барча коррупциянинг кўринишларига қаршилик кўрсатиши, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунлар ва ички тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиниши шарт.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Сўзимни якунлар эканман, биз биргаликда Жамият олдига қўйилган вазфаларни бажарибгина қолмай, балки адолат, тозалик ва шаффофликка асосланган кучли корпоратив муҳитни ҳам шакллантиришимиз керак.
Жамиятимизнинг муваффақияти, унинг нуфузи ва келажаги Сиз ва бизнинг умумий саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ.
Мен, бошқарув Раиси сифатида, сизларга ишонаман ва ҳар бирингизни коррупцияга қарши курашишда фаол, масъул ва холислик билан позицияда бўлишга чақираман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати