Янгиликлар
2020 ЙИЛ САРҲИСОБИ: «Тезкор, сифатли ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатиш — Автотранспорт ва механизмлар хизматининг бош мақсади» (№17)
  • 24.02.2021
  • 854

  Бугунги кунни транспорт ва механизмларсиз тасаввур этиш қийин. Биринчи ички ёнув двигателига эга ўзиюрар автомобиль ихтиро этилганига атиги 136 йил бўлди, шунга қарамай усиз ҳозирда исталган давлат иқтисоди ҳамда замонавий ҳаёт тарзига эга жамиятни таърифлаб бўлмайди.

 

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган тадбирлар, истиқболли режалар, инвестицион лойиҳалари ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг барчаси бевосита Транспорт ва механизмлар хизматининг саъи-ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ. Бу соҳани янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида Жамиятимиз раҳбарияти томонидан изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

  Бу ислоҳотлар 2020 йил — синовли йилда ўз натижасини берди, деб ҳисобласак муболаға бўлмайди. Айниқса пандемия сабабли киритилган карантин чекловлари даврида мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиётини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаб беришида, авария ҳолатларини бартараф этиш тезкор бригадаларининг, эксплуатация хизматида фаолият олиб бораётган оператив ходимларининг, қурилиш-монтаж ишларида ишлаётган ишчи-ходимларнинг иш фаолиятини тўхтовсиз амалга оширилишида транспорт хизматининг ўрни катта.

 

  Ўтган 2020 йилда Жамиятимизнинг транспорт хизмати учун бир қатор ишлар амалга оширилди.

  Жумладан:

  Инвестицион дастурлар доирасида ҳамда Жамиятимиз маблағлари ҳисобидан филиалларимиз учун жами 60 дона, жумладан:

§ 3 та 16 тн юк кўтарадиган автокран;
§ 9 та 25 тн юк кўтарадиган автокран;
§ 6 та АГП-22 русумли махсус автомашина;
§ 6 та АГП-14 русумли махсус автомашина;
§ 3 та УАЗ-39095 русумли бригада автомашинаси;
§ 1 та автосамосвал;
§ 8 дона ғилдиракли экскаватор;
§ 2 дона гусеницали экскаватор;
§ 4 дона бульдозерлар;
§ 1 дона “ISUZU” русумли юк автомашинаси

  харид қилиниб, тегишли тақсимотга кўра Магистрал электр тармоқларига етказиб берилди.

 

  Бундан ташқари, ишчи-ходимларни ташиш учун:

§ 3 та “ISUZU” автобус;
§ 2 дона микроавтобус

  харид қилиниб, эҳтиёжга кўра Магистрал электр тармоқларига етказиб берилди.

 

  Шу билан бирга, 12 та оператив хизматлар “Дамас” русумли ва бошқа турдаги енгил автомашиналар билан таъминланди.Ушбу махсус вазифа юклатилиб, жиҳозланган техникалар ҳозирда Жамиятнинг асосий иш фаолияти, бу орқали электр энергетика тармоғи ривожи учун хизмат кўрсатиб келмоқда.

2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”га мос равишда автотранспортлар назорат тизимини рақамлаштириш ва техникалардан унумли фойдаланиш мақсадларида йил давомида 36 дона техникага GPS тизими ўрнатилди ва жами GPS тизими ўрнатилган техникалар сони 71 донага етди.
Автотранспорт ва механизмлар хизмати томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларга асосан 2021 йилда яна 100 дона махсус техникаларга GPS тизим ўрнатилиши режалаштирилган.

  Шу билан бир қаторда, “Тошкент МЭТ” филиали таркибидаги 30/34-сонли объекти замонавий мобил туридаги ёқилғи тарқатиш контейнерли станцияси (КАЗС — контейнерная автозаправочная станция) билан таъминланди. Шу йўналишда 2021 йил мобайнида 15 дона замонавий ва рақамли ёқилғи тарқатиш колонкалари билан магистрал электр тармоқлари филиаллари автохўжаликлари таминланиши режалаштирилган.

 

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, 2020 йилда коронавирус пандемияси муносабати билан ўрнатилган карантин тартиби даврида ҳам Жамиятимиз иш фаолиятини доимий давом эттириб келди. Табиийки, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмурияти ва ҳудудлардаги филиалларнинг ишчи-ходимларини иш жойига ташиш бўйича ҳар хил турдаги йўловчи ташишга мўлжалланган техникалар жалб қилиниб, ишчи-ходимларнинг ишга қатнови ташкил қилинди.

 

  Карантин даврида юк ва оператив автомашиналарининг республика ҳудудида эркин ва бетўхтов ҳаракатланишини таъминлаш борасида доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилди. Шунингдек, шу кунгача барча турдаги автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ишга чиқишдан олдин доимий равишда тиббий ходимлар томонидан назорат қилиниб, транспорт воситаларида тегишли тартибда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

  Мавжуд техникалардан келгусида самарали фойдаланиш, махсус техникалар ишга чиқиш кўрсаткичини ошириш мақсадида носоз турган техникалар қайтадан мукаммал таъмирдан чиқаришга катта эътибор берилди.

 

  Натижада (фотоколлаж таркибидаги фотосуратларда акс этганидек):

  “Андижон МЭТ” филиалининг:

  - УРАЛ-4320 бригада автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати;

  - МАЗ русумли самосвал автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати.

  “Фарғона МЭТ” филиалининг:

  - ЗИЛ-131 русумли телескопик кўтаргич махсус автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати;

  - УАЗ русумли бригада автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати;

  - ГАЗ-31 русумли енгил автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати.

  “Қашқадарё МЭТ” филиалининг:

  - МАN русумли юк автомашинаси;

  - ГАЗ-52 русумли бригада автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати.

 

  “Самарқанд МЭТ” филиалининг:

  - К-701 русумли трактори таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати;

  - КамАЗ русумли махсус автомашинаси;

  - КрАЗ русумли юк автомашиналари таъмирдан кейинги ҳолати;

  - КамАЗ русумли махсус автомашинаси.

  “Навоий МЭТ” филиалининг

  - ГАЗ-53 русумли автогидрокўтаргич махсус автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати;

  -ЗИЛ-130 русумли юк автомашиналри таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати.

  “Сирдарё МЭТ” филиалининг

  - ГАЗ-66 русумли махсус бригада автомашинаси таъмирдан олдинги ва кейинги ҳолати.

  Юқорида санаб ўтилган ва бошқа, жами бўлиб 30 дона махсус техникалар мукаммал таъмирдан чиқарилди ва ҳозирда ишга шай ҳолатга келтирилди.

  Худди шундай бошқа автотранспорт воситалари ва механизмлар ҳам техник таъмирлаш режаларига асосан мунтазам жорий таъмирланиб келинмоқда.

 

  Махсус техникаларни мукаммал таъмирлаш, эстетик кўринишини яхшилаш, шай ҳолатга келтириш борасида Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги филиалларида ижобий ишлар амалга оширилган бўлиб, Бухоро, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятидаги филиалларда бу борада анча сусткашликка йўл қўйилди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Автотранспорт ва механизмлар хизмати томонидан ҳар бир ҳудудий филиалда мавжуд бўлган муаммолар бўйича алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқилиб, уларга амалий ёрдам бериш, камчиликларни тузатиш, муаммолар ечимини топишга алоҳида-алоҳида ёндашилиб келинмоқда, амалга оширилиши лозим бўлган ишларни доимий назоратга олиш белгилаб олинган.

 

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизи, Жамият филиаллари таркибидаги автохўжаликлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ҳудудларга чиқиб доимий равишда амалий ёрдамлар бериб келинди. Жумладан, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидаги филиаллар фаолиятлари ўрганилиб, тегишли таклифлар берилди, белгиланган вазифалар ижроси ўз муддатида таъминланишига эришилди.

  2020 йил давомида нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш мақсадида 15 дона автомашинани газ ёқилғисига қайта жиҳозлаш режалаштирилган бўлиб, режа 100% тўлиқ бажарилди. Бу йилга ҳам яна 15 дона автотранспорт воситаларини газга қайта жиҳозлаш режалаштирилган.

  2020 йилда “Тошкент МЭТ” филиали балансидаги 30/34-объектида жадал равишда қайта қурилишлар, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, ушбу объектда 60 метр чуқурликдан соатига 10 метр/куб ҳажмдаги сув чиқарилишига эришилди. Натижада 30/34-объектида келгусида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб бориш имконияти пайдо бўлди.

 

  Бундан ташқари, барча филиалларимиздаги вақтинча фойдаланилмай турган контейнерлар ушбу объектга йиғилиб, ўрнатилган тартибда ҳисобга олинди, уларнинг эстетик кўриниши қайтадан яхшиланди. Босқичма-босқич ушбу контейнерлар ишчи-ходимлар учун хизмат ва яшаш хоналари, омбор ва бошқа мақсадлар учун қайтадан жиҳозланди.

  Шунингдек ушбу объектда “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг марказий омбори сифатида контейнерлар ажратилди. Икки қаватли маъмурий бино тўлиқ қайта таъмирланиб, реконструкция қилинди. Ушбу ҳудудда “Магистралтармоққурилиш” филиалининг автохўжалиги ходимлари фаолият олиб бормоқда. Махсус ва оғир техникалари ҳам ушбу объект ҳудудида сақланмоқда.

Сув чиқариш жараёни

  Логистика йўналишида инвестицион дастурларни ҳамда таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон темир йўллари орқали 1798 та темир-бетон конструкциялар ва металл таянч уситунлари ортилган 56 та вагон-турникетларни, шунингдек, оғир юк машиналар орқали 2100 тоннага яқин металл конструкцияларни Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига оператив равишда етказиб бериш ишлари амалга оширилди.

 

  Автотранспорт воситалари шай ҳолатда оператив вазифаларни амалга ошириши мақсадида филиаллар учун электрон харидлар орқали жами 173 дона ҳар хил турдаги аккумулятор батареялари ва 721 дона ҳар хил турдаги автошиналар харид қилиниб, талабномалар асосида филиалларга тарқатилди.

 

  Шунингдек, янги харид қилинган автокранлар учун 18 турдаги 56 дона юк кўтариш мосламалари, стропалар билан таъминланди. 2021 йилда филиалларимиз учун эҳтиёт қисмлар, автошина ва аккумулятор батареялари билан таъминлаш бўйича ҳам талабномалар шакллантирилмоқда.

 

  2020 йилда “Энг яхши махсус техника ҳайдовчиси” номинацияси кўрик танлови бўйича Тошкент, Сирдарё ва Хоразм филиаллари ҳайдовчилари тақдирланиши транспорт соҳасига бўлган Жамиятимизнинг катта эътибори бўлди. Албатта, бу эътибор ва рағбат келгусида ҳайдовчиларни янада шижоат билан ишлашига ва яхши натижаларга эришишига ўз ҳиссасини қўшади.

 

  Таъбир жоиз бўлса, ёзнинг иссиғи-ю, қаҳратон қишнинг совуғи демай, лозим ва шарт бўлганда кеча-ю кундуз барча транспортлар энергетика соҳаси учун хизмат қилмоқда.

Иш жараёнидан лавҳалар

  Албатта, йўл қўйган хато ва камчиликларимизни ҳам доимий равишда тўғирлаб бориш асосий вазифаларимиз ҳисобланади. Шу мақсадда, келгуси йил учун олдимизга улкан вазифаларни режа қилиб қўйдик. Махсус техникаларни доимий янгилаб бориш, таъмирлаш иқтисодий самара бермайдиган техникаларни ҳисобдан чиқариш, нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш мақсадида газ ёқилғисига қайта жиҳозлаш, GPS-тизими ўрнатиш, автохўжаликларимизни янги ва замонавий турдаги ёқилғи тарқатиш колонкалари билан таъминлаш, доимий равишда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишларини ўтказиш, меъёрий ҳужжатларнинг тўғри юритилишини таъминлаш, барча турдаги техникаларни доимий шай ҳолатга келтириш каби вазифалар асосий мақсад сифатида белгилаб олинди.

 

  Жамиятимиз учун тезкор, сифатли ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатиш — Автотранспорт ва механизмлар хизматининг бош мақсадидир.

 Нодир Азимов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Автотранспорт ва механизмлар хизмати бошлиғи        

                                                      

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>