Янгиликлар
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ ҚУРИЛАДИ
  • 30.08.2019
  • 663

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА  ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ ҚУРИЛАДИ

 

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февраль санасидаги ПҚ-4145-сонли қарорига мувофиқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кредит маблағлари ҳисобидан, шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги ПҚ-4256-сонли қарорига асосан Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси иштирокида Ўзбекистонда шамол электр станциялари қуриш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари ўзининг янги босқичига чиқди. 

     Илк лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрига яқинидаги Қоратоу ҳудудида 100 МВт қувватли ҳамда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри яқинида 200 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш учун мос ерни аниқлаш билан бошланган эди. Бунинг учун дастлаб мамлакатимиздаги ҳудудларда мунтазам шамол йўналишларини аниқлаш бўйича Германия мутахассислари билан тадқиқот ишлар олиб борилди ва лойиҳанинг техник талабларига мос ҳудудлар аниқланди. 

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан электр узатиш линияларининг мавжуд ҳолатини техник жиҳатдан қайта кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, шамол электр станцияларини Ўзбекистон Республикасининг энергия тизимига интеграциялашувини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқилди. Хорижий мутахассислар иштирокида техник топшириқлар лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди. Ҳар икки лойиҳанинг мазкур босқичига оид келишувлар жорий йилнинг 29 август куни «Ўзбекистон МЭТ» АЖда бўлиб ўтган учрашувлар чоғида расмийлаштирилди.

      Энди Қорақалпоғистон Республикасининг Қоратоу ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган 100 МВт қувватга эга  шамол электр станциясини қуриш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник комиссияси маслаҳатчилари ўз ишини якунлагач, лойиҳа учун тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш босқичи бошланади. Ушбу лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, давлат томонидан хусусий шерикни танлаш учун тендер танловлари ўтказилиши 2020 йилнинг январь-февраль ойларига режалаштирилган.

        Навоий вилоятидаги лойиҳа юзасидан Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси ва «Sredazenergosetproekt» АЖ ўртасида шартнома имзолаш учун зарур бўлган ҳисоб-китоб ишларини якунлаб, техник топшириқлар иловаси тегишли тартибда тасдиқланди.

     Мазкур лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш орқали, аниқроғи муқобил энергия қуввати эвазига Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий вилояти энергия тизимида ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Аҳолини узлуксиз сифатли энергия билан таъминлаш — бугунги куннинг долзарб масалаларида бири эканлиги барчамизга маълум. Муқобил энергия турларини жорий этиш эса мазкур соҳа иш сифатини оширишга хизмат қилиши аниқ.

    «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати     

http://uza.uz/oz/society/ora-alpo-iston-respublikasi-va-navoiy-viloyatida-shamol-elek-30-08-2019

>