2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: Магистрал электр тармоқлари мутахассислари халқаро экспертлар иштирокида малака оширмоқда
  • 05.11.2025
  • 12

Юқори кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи мутахассислар 220 кВ кучланишли “Озодлик” подстанциясидаги “Тезкор ходимларни тайёрлаш” ўқув марказида Россия Федерацияси ҳамда Беларусь Республикаси етакчи экспертлари иштирокида малака оширмоқда.

Маълумки, 2025 йил 16 октябрь куни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 220 кВ кучланишли “Озодлик” подстанциясида “Тезкор ходимларни тайёрлаш” ўқув маркази ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Энергетика муҳандислиги факультети “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали биносининг фойдаланишга топширилган эди.

 

 

Мазкур марказнинг ташкил этилиш тарихи 2022 йилга бориб тақалади. Даставвал, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида мутахассис кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш ҳамда уларни замонавий илғор тажрибалар билан таништириш, ишлаб чиқариш ҳамда таълим тизимини уйғунлаштириш мақсадида Тошкент давлат техника университети билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Сўнг таълим йўналишлари юзасидан ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш бўйича Акциядорлик жамияти мутахассислари ҳамда Университет профессор-ўқитувчиларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилди.

2024 йил 31 майдаги 20-сонли Акциядорлик жамияти бошқаруви қарорига биноан 220 кВ кучланишли “Озодлик” подстанцияси ҳудудида замонавий “Ўқув машғулотлари, реле ҳимояси ва бошқа хизматлар учун лаборатория биноси” қурилиб, фойдаланишга топширилди. Сўнгра мазкур бино-иншооти негизида “Тезкор ходимларни тайёрлаш” ўқув маркази ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Энергетика муҳандислиги факультети “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали ташкил этилди. 

 

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янги бино қурилгунга қадар, яъни 2024–2025 ўқув йилида таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш мақсадида “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали таркибида 220 кВ кучланишли “Келес” подстанциясида Тошкент давлат техника университетининг “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали фаолият юритган бўлиб, унда жами 160 нафар  (шундан, 3-босқич талабалари – 93 нафар, 4-босқич талабалари – 67 нафар) талабалар дуал таълим тизими асосида тасдиқланган ўқув графиги бўйича таҳсил олган эдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғига асосан, Тармоқ илмий-техник кенгаши фаолиятини ривожлантириш мақсадида,  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети “Энергетика” факультети фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2024/2025 йиллар учун тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, ўтган йиллар давомида Акциядорлик жамияти мутахассислари ҳамда соҳа фахрийлари турли олий ўқув юртларида “маҳорат дарси” машғулотларини ўтишди.

Фойдаланишга топширилган “Тезкор ходимларни тайёрлаш” ўқув марказида ташкил этилган ўқув-амалиёт полигонида мавжуд электр ускуна ва жиҳозлар шартли уч қисмга бўлинган бўлиб, биринчи қисмида электр энергетика тармоғида қарийб ярим аср вақт давомида фойдаланиб келинаётган эски ускуналар ва уларнинг ишлаш принципи талабаларга батафсил тушунтирилади. Кейин, полигоннинг иккинчи қисмида жамланган янги авлод ускуна ва жиҳозлари ҳамда уларнинг ишлаш принциплари ўзаро солиштириш, таққослаш орқали ўрганилади. Шундан сўнг бинонинг ички қисмига жамланаётган янги қурилмалар ва уларнинг электрон чизмалари кўрсатилади. Шу орқали талабалар ҳам, соҳага энди кириб келган ёш муҳандислар ҳам электр энергетика тармоғига татбиқ этилаётган инновацион ишланмалар, замонавий ускуна ва жиҳозлар билан яқиндан танишиб, уларни тўғри эскплуатация қилиш сабоғини оладилар.

 

 

Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг мутахассис кадрлари малакасини ошириб бориш, уларни замонавий ва илғор тажрибалар билан таништириш мақсадида бир қатор малака ошириш курслари ҳамда ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда.

Навбатдаги ўқув-амалий семинар жорий йилнинг 4–5 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг «Изолятор» компаниялари гуруҳи илмий бирлашмаси етакчи ходимлари ҳамда Белорусь Республикаси “Энергокомплект” корхонаси амалиётчи мутахассислари иштирокида ташкил этилди. Семинар ишини Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Собиржон Садуллаевич Артиков очиб берди. Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Ислом Ибрагимович Хамидов семинар ишига муваффақият тилади.

Семинарда “Энергокомплект” корхонаси бош директори ўринбосари Игорь Юрьевич Водопьянов ва бош муҳандис — техника фанлари номзоди Андрей Михайлович Короткевич, шунингдек, “Изолятор” компаниялари гуруҳи етакчи менежери Арсений Игорьевич Мартов, сервис маркази бошлиғи Сергей Александрович Кодемаскин, Илмий тадқиқот бўйича директор — техника фанлари номзоди Михаил Юрьевич Шувалов ўз маъруза ва тақдимот материаллари билан иштирок этди.

220 кВ кучланишли “Озодлик” подстанцияси ҳудудида очилган “Тезкор ходимларни тайёрлаш” ўқув марказида магистрал электр тармоқлари филиали директори ва бош муҳандисларидан иборат тингловчилар гуруҳи икки кун давомида “35–110 ва 220–500 кВ кучланишли электр кабель линияларини эксплуатация қилиш, кабель муфталарини монтаж қилиш” мавзусида ўз билим-кўникмаларини оширдилар.

 

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда энергетика соҳаси, жумладан электр энергетика тармоғи барқарор ишлаши ва энергетика хавфсизлигини таъминлашда юқори кучланишли тармоқларнинг аҳамияти жуда катта. Магистрал электр тармоқларини тўғри эксплуатация қилиш, демонтаж ва монтаж, таъмирлаш-созлаш ишларини тўғри бажариш электр узатиш тизимининг барқарор фаолиятини таъминловчи бош омил ҳисобланади. Айнан шу жараёнда мутахассисларнинг билим-малакаси юқори бўлиши, улар инновацион технология ва янги ишланмалардан хабардор, замонавий ускуна ва жиҳозларни амалиётга татбиқ этишда моҳир иштирокчи бўлишини талаб этади.

Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган, икки кун давом этадиган ўқув семинарида айнан шу масалалар чуқур ўрганилди, атрофлича таҳлил этилиб, хорижлик мутахассислар билан фикр алмашинилди. Қолаверса, ушбу ўқув жараёни бевосита ишлаб чиқариш соҳасидаги хорижий ҳамкорлик ва тажрибани мустаҳкамлади.

 

 

Эслатиб ўтамиз, мазкур марказ негизида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Энергетика муҳандислиги факультети “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали ҳам фаолият юритади. Семинарда, шунингдек, олий ўқув юрти педагогик жамоаси ҳам фаол иштирок этди.

Семинар давомида тингловчиларга “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Айнақулович Исақулов томонидан “маҳорат дарси” ўтиб берилди. Шунингдек, Россия Федерацияси ва Беларусь Республикасидан ташриф буюрган мутахассислар юқори кучланишли электр тармоқларида олиб борилаётган модернизация-реконструкция ишлари билан яқиндан танишдилар.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПҚ-4249-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган. Акциядорлик жамияти магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, электр энергиясини юқори кучланишли электр тармоқлари орқали тақсимловчи тармоқларга етказиб бериш ҳамда электр энергияси давлатлараро транзитни амалга ошириш билан шуғулланади.

Бугунги кунда Акциядорлик жамияти балансида 51 780,1 МВА тўла қувватга эга 35–110–220 ва 500 кВ кучланишли 1583 та подстанция ҳамда 37211,4 км узунликдаги 35–110–220 ва 500 кВ кучланишли магистрал электр узатиш тармоқлари мавжуд.

 

Манба: https://qalampir.uz/news/

‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati