2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ТОШКEНТ ШАҲРИ: Навбатдаги малака ошириш ўқув-амалий семинари Россия Федерацияси ва Белорусь Республикаси мутахассислари иштирокида ўтказилмоқда
  • 04.11.2025
  • 17

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг мутахассис кадрлари малакасини ошириб бориш, уларни замонавий ва илғор тажрибалар билан таништириш мақсадида бир қатор малака ошириш курслари ҳамда ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда.

Навбатдаги ўқув-амалий семинар жорий йилнинг 4–5 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг «Изолятор» компаниялари гуруҳи илмий бирлашмаси етакчи ходимлари ҳамда Белорусь Республикаси «Энергокомплект» корхонаси амалиётчи мутахассислари иштирокида ташкил этилди. Семинар ишини Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари С.С.Артиков очиб берди. Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси бошлиғи И.И.Хамидов семинар ишига муваффақият тилади.

Семинарда «Энергокомплект» корхонаси бош директори ўринбосари Игорь Юрьевич Водопьянов ва бош муҳандис — техника фанлари номзоди Андрей Михайлович Короткевич, шунингдек, «Изолятор» компаниялари гуруҳи етакчи менежери Арсений Игорьевич Мартов, сервис маркази бошлиғи Сергей Александрович Кодемаскин, Илмий тадқиқот бўйича директор — техника фанлари номзоди Михаил Юрьевич Шувалов ўз маъруза ва тақдимот материаллари билан иштирок этмоқда.

Магистрал электр тармоқлари филиали директори ва бош муҳандисларидан иборат тингловчилар гуруҳи икки кун давомида 220 кВ кучланишли «Озодлик» подстанциясида янги очилган «Тезкор ходимларни тайёрлаш» ўқув марказида «35–110 ва 220–500 кВ кучланишли электр кабель линияларини эксплуатация қилиш, кабель муфталарини монтаж қилиш» мавзусида ўз билим-кўникмаларини оширадилар.

Бугунги кунда энергетика соҳаси, жумладан электр энергетика тармоғи барқарор ишлаши ва энергетика хавфсизлигини таъминлашда юқори кучланишли тармоқларнинг аҳамияти жуда катта. Магистрал электр тармоқларини тўғри эксплуатация қилиш, демонтаж ва монтаж, таъмирлаш-созлаш ишларини тўғри бажариш электр узатиш тизимининг барқарор фаолиятини таъминловчи бош омил ҳисобланади. Айнан шу жараёнда мутахассисларнинг билим-малакаси юқори бўлиши, улар инновацион технология ва янги ишланмалардан хабардор, замонавий ускуна ва жиҳозларни амалиётга татбиқ этишда моҳир иштирокчи бўлишини талаб этади.

Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган, икки кун давом этадиган ўқув семинарида айнан шу масалалар чуқур ўрганилади, атрофлича таҳлил этилиб, хорижлик мутахассислар билан фикр алмашинилади. Қолаверса, ушбу ўқув жараёни бевосита ишлаб чиқариш соҳасидаги хорижий ҳамкорлик ва тажрибани мустаҳкамлайди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур марказ негизида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Энергетика муҳандислиги факультети “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали ҳам фаолият юритади. Семинарда, шунингдек, олий ўқув юрти педагогик жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Семинар давомида тингловчиларга «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти боишқаруви раиси Д.А.Исақулов томонидан «маҳорат дарси» ўтиб бериш ҳам режалаштирилган.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati