2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Матбуот анжумани: Энергетика соҳасида барқарорлик сари амалий ишлар ва эришилган натижалар. Куз-қиш мавсуми — масъулиятли даврда аниқ чоралар
  • 29.10.2025
  • 35

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Миллий матбуот марказида “Ёқилғи-энергетика соҳасида амалий ишлар, эришилган натижалар ва мавсумий вазифалар муҳокамаси” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Энергетика вазири, ёқилғи-энергетика соҳаси корхоналари раҳбарияти ва масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, октябрь ойидан бошлаб энергетика тизими куз-қиш мавсумидаги режимга ўтган бўлиб, вазирлик ва тизим корхоналарида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида 24/7 режимида навбатчиликлар ташкил этилди. Электр таъминоти бўйича “1154” рақами ва газ таъминоти бўйича “1104” рақами орқали “калл-марказ”лари тун-у кун фаолият юритмоқда.

Энергетика вазири ОАВ вакилларига жорий йилнинг ўтган даврига қадар амалга оширилган ишлар ва йил якунигача белгиланган режалар ҳамда истиқболдаги вазифалар ҳақида маълумотлар берди.

Хусусан, электр таъминоти бўйича: жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимиз бўйлаб узунлиги 7 минг 455 км бўлган электр узатиш тармоқлари ва 1 минг 748 та трансформатор пункти янгиланди.

Бунинг натижасида 954 та маҳалладаги 800 мингдан ортиқ хонадонларнинг электр таъминоти яхшиланди.

Жорий йил ёз мавсумида республиканинг электр энергия истеъмоли соатига 13,3 гигаватт, яъни кунига 270-275 миллион кВт·соат бўлган бўлса, жорий қиш мавсумида соатига 13,5 гигаватт, кунига эса 290-300 миллион кВт·соатгача етиши кутилмоқда.

Ўтган йили 81,5 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йил якуни билан 85,5 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишга туширилган йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 4682 МВт бўлиб, улар томонидан жорий йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 9 млрд кВт·соатдан ошди. Гидроэлектр станциялари билан ҳисоблаганда жами “яшил” энергия ҳажми 14,5 млрд кВт·соатдан ошди. Бунинг натижасида республикамизда умумий ишлаб чиқаришда “яшил” энергия улуши 23 фоизни ташкил қилди.

2025 йил якуни билан умумий қуввати 3 000 мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол, 1 167 мегаватт қувватли иссиқлик электр станциялари,1 500 мегаваттдан ортиқ энергия сақлаш тизимлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шунингдек, бугунги кунга келиб, умумий 40,1 МВт қувватга эга 59 та микро ГЭС ишга туширилган. 2025 йил якунида қўшимча 15,0 МВт қувватдаги 13 та янги микро ГЭС ишга туширилади.

Мавсумда республикада электр энергияси истеъмоли қарийб 47 млрд кВт·соатни (кунлик ўртача 257 млн кВт·соат ёки ўтган йилга нисбатан 20 млн кВт·соатга кўп, максимал суткалик 290-300 млн кВт·соат) ташкил этиши кутилмоқда.

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади.

2025/2026 йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўшимча моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил ноябрь ойида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар ҳамда “Маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча шакллантирилган рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилади.

Газ таъминоти бўйича: 553,8 км узунликдаги юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари ва 971 та газ тақсимлаш пунктлари янгиланди, модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Жорий йил бошидан 512,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Шунингдек, йил якунига қадар яна 142,4 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади.

Бундан ташқари, республиканинг барча ҳудудларида суюлтирилган газ етказиб бериш учун қўшимча 29 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари захираси яратилди.

Яна бир муҳим масала. Суюлтирилган газ таъминоти босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Истеъмолчиларга маиший газ баллонларни манзилли етказиб беришда шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида янги “Face-ID” тизими (дастлаб Андижон вилояти) ишга туширилди. Мазкур тизим орқали суюлтирилган газ истеъмолчиларининг маълумотлари базаси шакллантирилмоқда.

“UGaz” тизими: газ қуйиш шохобчалари ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминловчи “UGaz” тизими ишга туширилди.

“UGaz” тизими орқали ҳар бир газ қуйиш шохобчасида жараёнлар реал вақт режимида қайд этилади.

Автомашина газ қуйиш шохобчасига кирганда унинг техник кўрикдан ўтганлиги автоматик тарзда текширилади. Агар техник кўрик муддати тугаган бўлса — тизим операторга хабар беради.

Шунингдек, агар ёқилғи тури мос келмаса ёки баллон рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, тизим бу ҳақда ҳам операторни шу жойнинг ўзида огоҳлантиради. Бу – АГТКШ, ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлайди.

Тизим орқали табиий газни сотиш жараёнларининг шаффофлиги таъминланади. Яъни, газ қуйиш шохобчаси қабул қилиб олаётган газ ҳажмларининг аниқ ҳисоб-китоби юритилади. Бу эса, шохобчаларнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, АГТКШларидаги ҳар бир газ тўлдириш колонкаси ва ундаги ходим фаолияти онлайн назорат қилинади.

Бугунги кунда Республика бўйича 1 512 та АГТКШ бўлиб, шундан “Ugaz” тизимида 1366 таси рўйхатдан ўтказилган, шундан 691 таси тўлиқ рақамлаштирилган. Жорий йил якунига қадар қолган барча АГТКШни рақамлаштириш ишлари якунига етказилади.

Жумладан, Тошкент вилояти - 74, Тошкент ш. - 45, Қорақалпоғистон Республикаси - 34, Наманган вилояти- 75, Сурхондарё вилояти- 43, Қашқадарё вилояти - 48, Бухоро вилояти - 61, Самарқанд вилояти - 43, Хоразм вилояти- 19, Андижон вилояти – 70, Фарғона вилояти - 115, Навоий вилояти- 44, Жиззах вилояти– 14, Сирдарё вилояти - 6.

Кўмир таъминоти бўйича: 2025/2026 йиллар куз-қиш даври учун истеъмолчиларга жами 10 млн тонна маҳаллий ва 2 млн тонна импорт кўмир кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Шундан, иссиқлик электр станцияларига – 4,9 млн тонна, бюджет ташкилотларига – 660 минг тонна, аҳолига – 1,5 млн тонна, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорларга – 3,1 млн тонна.

Амалда, иссиқлик электр станцияларига 4,2 млн тонна (95 фоиз) етказиб берилди. Ҳозирда иссиқлик электр станцияларида 724 минг тонна кўмир захираси мавжуд. Бюджет ташкилотларига мавсум бошидан 685 минг тонна (104 фоиз) етказиб берилди. Аҳоли истеъмолчиларига мавсум бошидан 450 минг тонна кўмир етказиб берилди. Бугунги кун ҳолатига ҳудудларда 27 минг тонна кўмир заҳираси ва 68 минг тонна темир йўл орқали бормоқда.

II. Импорт кўмир бўйича:

2025 йил 28 октябрга қадар хусусий тадбиркорлар томонидан жами 2,9 млн тонна кўмир импорти амалга оширилди, жумладан, марказлашган ҳолда 727 минг тонна ёки режага нисбатан 145 фоиз кўмир импорт қилинган. Бугунги кунда омборларда 200 минг тонна импорт кўмир қолдиғи мавжуд.

Нефть маҳсулотлари таъминоти бўйича: куз-қиш даврида жами 995 минг тонна автобензин етказиб бериш режа қилинган. Бундан ташқари, эҳтиёж кескин ошган ҳолатлар учун 65 минг тонна автобензин захираси яратилган.

Дизель ёнилғисига бўлган жами талаб 776 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда ва ушбу ҳажмларни ўз вақтида етказиб бериш чоралари кўрилган.

Энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича: 2025 йил учун жами 6 млрд кВт·соат электр энергияси ва 4,4 млрд куб метр табиий газ иқтисод қилиниши мақсад қилинган.

Бугунги кунга қадар йирик қуёш ва шамол электр станциялари орқали 9 млрд кВт·соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилиши натижасида 2,7 млрд куб метр табиий газ иқтисод қилинди.

Жорий йил якунига қадар йирик қуёш ва шамол электр станцияларида ўтган йилга нисбатан қўшимча 5,6 млрд кВт·соат (2025 йилда жами 10,5 млрд кВт·соат) электр энергияси ишлаб чиқарилиши натижасида қўшимча 1,7 млрд куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Шунингдек, барча ҳудудларда ва тармоқларда ҳам энергия тежамкорлик бўйича ишлар олиб бориляпти. Бугунги кунга қадар кўрилган чоралар натижасида 2,6 млрд куб метр табиий газ ва 5,8 млрд кВт·соат  электр энергияси иқтисод қилинди.

Тизимда олиб борилган ишлар натижасида авариявий ўчишлар сони 50 фоизга камайди, шунингдек, авариявий ҳолатларни бартараф этиш давомийлиги 1-1,5 соатгача қисқартирилди.

Аварияни бартараф этиш учун ҳудудларда жами 908 та трансформатор, 538 тонна трансформатор мойи, 546 км кабел, 95 тонна сим, 4,1 минг та таянч ҳамда 88 мингта эҳтиёт қисмлар (изолятор ва ажраткич) ҳамда муфталар захираси яратилиб, 6 505 тадан ортиқ ходимдан иборат жами 1 201 та бригада ва уларга хизмат кўрсатувчи 905 та автомашина ҳамда 370 та махсус техникалар шай ҳолатга келтирилди.

Ҳудудларда авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш учун махсус бригадалар тузилиб, улар зарур техника, захира материаллари ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Мавсумда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш учун барча имкониятларни сафарбар қилган ҳолда тизимли ишлар ташкил қилинади.

Тадбир якунида журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоблар берилди.

Манба: https://gov.uz/uz/minenergy/news/view/96606 

https://www.gazeta.uz/Министр энергетики — о том, как Узбекистан подготовился к осенне-зимнему сезону

https://uza.uz/Жўрабек Мирзамаҳмудов: Куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган

 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati