Янгиликлар
НОҚУЛАЙ ОБ-ҲАВО ТУФАЙЛИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИГА ЧЕКЛОВЛАР ЎРНАТИЛМОҚДА (АҚШ, Техас штати)
  • 15.02.2021
  • 522

   Жорий йил 14 февраль куни Америка Қўшма Шталари Техас штатининг икки миллиондан ортиқ аҳолиси қиш фаслининг сўнгги ойидаги ғайритабиий совуқ об-ҳаво шароитида  иситиш тизимидан бебаҳра қолди, минтақадаги иқлим ҳарорати эса айни кунларда манфий даражали 6–22 рақамлари орасида ўзгариб турибди.  Бу ҳақда Reuters агентлиги, унинг хабарига таяниб m.lenta.ru ахборот портали ўз саҳифалари орқали хабар бермоқда.

   Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши электр энергияси истеъмоли кескин ошишига сабаб бўлди ва техаслик энергетиклар тармоқ барқарор фаолиятини сақлаш мақсадида электр таъминотига жадвалли чекловлар (навбатли, “веерли”) киритишга мажбур бўлишмоқда. Бошқача айтганда, иссиқлик таъминоти билан чамбарчас боғлиқ бўлган электр энергиясига бўлган талабнинг кескин ошиши тахминан 2,6 миллион кишининг электр таъминотида узилишлар содир бўлиши билан акс этмоқда. Юзага келган вазиятни АҚШ президенти Жо Байден “кутилмаган ҳолат” деб атади ва штатда фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди.

   Техас штатида нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига ишлайдиган иссиқлик электр станциялари фаолиятининг авариявий ҳолатда тўхтатилиши устига шамол генераторлари жойлашган станцияларнинг қарийб ярми ишламай қолди. Муқобил энергиянинг ушбу тури Техас штатида электр энергияси ишлаб чиқарувчилар қаторининг иккинчи ўрнини эгаллаган бўлиб, улар жами электр энергияси истеъмолининг 23 фоизи қоплайди.

   Техаснинг электр таъминоти хавфсизлиги кенгаши (ERCOT) узилишлар 15 февраль куни эрталаб ҳам давом этиши мумкинлиги, ташкилот электр таъминотни тиклаш учун барча куч ва воситалар сафарбар этилганини билдириб ўтди.

   Хуллас, вазият ташкилот масъул ходими таъкидлаганидек, ноқулай об-ҳавонинг қанча вақт давом этишига боғлиқ. Эслатиб ўтамиз, Техас штати аҳолиси бундай совуқ об-ҳавога  охирги марта 2018 йилнинг қиш фаслида дуч келишган эди.

 

 

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>