Янгиликлар
2020 ЙИЛ САРҲИСОБИ: юқори кучланишли подстанциялардаги электр қурилмаларнинг барқарор фаолияти — электр таъминоти тизимида ўтказувчанликнинг ишончлилигини таъминлайди (№15)
  • 16.02.2021
  • 865

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи подстанциялар электр ускуналарини 2020 йил давомида 2020/2021 йил куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида амалга оширган ишлари ҳисоботи, шунингдек, 2021/2022 йил куз-қиш мавсумига муносиб тайёргарлик кўриш бўйича режалаштирилган ишлар тўғрисида маълумот.

 

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти балансида 2021 йил 1 январь ҳолатига жами 84 дона подстанциялар (7 дона 500 кВ, 69 дона 220 кВ, 7 дона 110 кВ ва 1 дона 35 кВ) эксплуатация қилиниб келинмоқда. Маълумот ўрнида, 2020 йилда Жамият балансида 78 дона подстанциялар эксплуатация қилинган. 

  Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва қўшни давлатлардан импорт қилинаётган электр энергиясини истеъмолчиларга тақсимловчи ҳудудий электр тармоқларига узатиш жараёнидаги ишончлилик даражасини ошириш мақсадида Жамиятимиз томонидан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

 

  Хўш, бу нима дегани?

  Истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун юқори кучланишли подстанциядаги электр ускуна ва жиҳозларини доимий соз ҳолатда сақлаш, содир бўлиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш, техник-муҳандислик эҳтимол шартлари мувофиқ содир бўлган носозликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги барча подстанцияларда меҳнат фаолияти олиб бораётган ишчи-ходимларнинг асосий вазифасидир. Бунинг учун йил давомида подстанция электр ускуналарида мавсумий, мукаммал (капитал) ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилиб, фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш учун авариявий навбатчи бригадалар ташкил этилган. 

  Мисол учун, 2020/2021 йил куз-қиш мавсумига муносиб тайёргарлик кўриш, электр ускуналарининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 2020 йилда 11 дона куч трансформаторлари (йиллик режага нисбатан 110 фоиз), 110–500 кВли ўчиргичлардан 91 дона (101 фоиз), ҳаво компрессорлари 19 дона (105,5 фоиз), 1 148,2 км (100,6 фоиз) ҳаво линиялари мукаммал таъмирланди.

 
Мукаммал таъмирлаш — базавий ва корпус деталлари ва узелларини тўлиқ ажратиб йиғиш ва таъмирлаш, барча эскирган деталлар ва узелларни янги, янада замонавийроқларига алмаштириш ёки тиклаш ҳамда, зарурият бўлганда, объектни ишлаб чиқариш жараёнидан ажратиб олиш (ечиш), созлаш ва синаб кўриш ишлари амалга оширилади. Деталларни объектдан фойдаланиш имкониятларини янада яхшилайдиган, яъни мустаҳкам ва тежамкор эҳтиёт қисмларга алмаштириш ёки уларни созлаш орқали тиклаш муҳим аҳамият касб этади. Мукаммал таъмирлаш, таъмирлашнинг энг тўлиқ ва узоқроқ вақт талаб қиладиган сермеҳнат йўли бўлиб, Жамият ишчи-ходимлари ёки таъмирлаш корхоналари томонидан бажарилади.   

  110–500 кВли электр ускуналарида 247 дона подстанция трансформаторлари ва автотрансформаторлари (йиллик режага нисбатан 108 фоиз), 1391дона ўчиргичлар (102 фоиз), 43 дона ҳаво компрессорлари (105 фоиз) ҳамда 3844,7 км узунликдаги ҳаво электр тармоқларида (106 фоиз) жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

 
Жорий таъмирлаш ишлари объектини ишчи ҳолатида сақлаб туриш мақсадида амалга оширилади. Жорий таъмирлаш ўз ичига узел ва деталларни алмаштириш ёки тиклаш, майда шикастланишларни бартараф этиш, шунингдек тартибга солиш ишларини олади. Жорий таъмирлашни хизмат кўрсатувчи ходимлар ёки таъмирлаш бригадаси иш жойида, кўпинча профилактик кўрикдан ўтказиш мобайнида амалга оширадилар. Одатда жорий таъмирлаш 1 йилдан кам бўлган даврийликда ўтказилади. Кўчмас мулк объектлари таъмирлаш (яхлит бутун объектни эмас), айрим таъмирлов ишларини ўтказиш жорий таъмирлаш жараёнидир.
 

  Ташкил этилган авариявий бригадалар томонидан электр ускуналарда содир бўлган носозликлар зудлик билан бартараф этилиб, истеъмолчиларга сифатли электр энергиясини етказиб бериш вазифаси бажарилди.

  Шу жумладан, корхоналар электр ускуналаридаги қизишларнинг ўз вақтида аниқлаш мақсадида 4 дона тепловизор қурилмаси харид қилинди ва мос равишда ҳудудларга тақсимланди. Тепловизор қурилмаси Тошкент шаҳар, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро магистрал элекр тармоқ филиалларига бириктирилиб, шу ҳудудга яқин пудратчи ташкилотлар жалб қилмаган ҳолда Жамият ходимлари томонидан электр қурилмалари тепловизор назоратидан ўтказилди.  

 

  Бундан ташқари, магистрал электр тармоқлари филиаллари подстанциялари бино ва иншоотларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу билан электр ускуналари жойлашган бино ва иншоотлар замон талабларига мос келтирилди, ишчи-ходимларга қулай иш шароитлари яратиб берилди.

  Батафсил маълумотлар: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/730

  2020 ЙИЛ САРҲИСОБИ: Юқори кучланишли подстанциялардаги бино ва иншоотлар замонавий талабларга мос таъмирланмоқда (№13)

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, 2020 йил давомида мутахассис ходимлар томонидан ҳар бир ҳудуд кесимида ўрганишлар олиб борилиб, электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш, қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича 2021 йил режалари ишлаб чиқилди.

 

  Мисол учун,

  2021 йилда 7 дона куч трансформаторлари, 71 дона 110–500 кВли ўчиргичлар, 18 дона ҳаво компрессорлари ҳамда 1 206,1 км ҳаво линияларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек 110–500 кВли электр ускуналарида 281 дона подстанция трансформаторлари ва автотрансформаторлари, 1242 дона ўчиргичлар, 30 дона ҳаво компрессорлари ҳамда 4320,0 км узунликдаги ҳаво электр тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари амалга ошириш режалаштирилган.

 

  Бундан ташқари, электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, модернизация дастурига асосан 2021 йилда магистрал электр тармоқлари тасарруфида бўлган 15 дона подстанцияда маънан ва жисмонан эскирган паст қувватли трансформаторларни юқори қувватли замонавий трансформаторларга алмаштириш натижасида 1554 МВА қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилиши режалаштирилган.

  Шамсиддин Кулибаев, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун  https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>