ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
МУНОСИБ ЭҲТИРОМ
  • 04.02.2021
  • 538

Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан

  Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 октябрда «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.  

  Ушбу қарорда буюк шоир ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш, улуғ мутафаккир ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий орденини таъсис этиш, Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоийнинг мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, турли кўргазмалар ташкил этиш, халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.

  Она диёримизнинг ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам чин маънода фахрига айланган буюк сиймо Амир Низомиддин Алишербек Навоий ҳазратлари ҳақида сўз юритганда, ўзларининг таъбири билан айтганда, одамларнинг нақшидир деб таърифласак, айни ҳақиқат.  

  Миллатимиз тарихида, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъбири билан айтганда, Навоийдек беназир шахсни топиш мушкул.

  Тадқиқотчилар Навоий ҳазратлари ижоди давомида 30 мингга яқин сўз қўллаганлигини, Пушкин, Шекспир, Сервантес ва бошқа шоиру адиблар ижодида эса бу кўрсаткич 20 мингга яқин ва ундан сал ортиқроқни ташкил этганини аниқлашган. Бундан ҳам ҳазрат Навоийнинг нақадар юксак маҳорат соҳиби бўлганлиги англашилади.

  Улуғ шоирнинг умумий ном билан «Хазойин ул-маоний» деб аталган тўртта девон жамланмасидан иборат асарига ўзбек (туркий) тилида ёзилган 50 минг шеъри киритилган. Форс тилида ёзган 12 минг мисра шеърини «Девони Фоний» деб номлаган асарида жамлаган. Алишер Навоийнинг беш достондан иборат «Хамса»си ва биз юқорида таъкидлаган бешта девонидан ташқари яна 18 та алоҳида асари бор.

 

 

  Бир инсон қисқа умри давомида бу қадар кўп ишларни амалга ошира олиши мумкинми, дея Навоий адабий мероси бир шахс томонидан яратилганлигига иштибоҳ билан қаровчилар ҳам топилмоқда. Аммо 30 га яқин асарни ўз бағрига жамлаган ноёб адабий мерос ҳақиқатан ҳам биргина Навоийнинг ўзи томонидан яратилганлигини кўплаб тарихий манбалар, автобиографик характердаги рисолалар тасдиқлайди.

  Таниқли адабиётшунос олима Суйима Ғаниева Навоийнинг «Муножот» асарига ёзган сўзбошисида «Даҳо санъаткорлар яратган асарларнинг катта-кичиги бўлмайди» дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, ҳазрат Навоий яратган асарларнинг катта-кичиги йўқ. Шарқ мумтоз шеъриятининг энг кичик жанри, яъни бор-йўғи бир байтдан иборат бўлган муфрадот жанридаги шеърлари ҳам юксак маҳорат билан яратилган. Атиги икки мисра шеърда бадиий тасвир воситалари, шеърий санъатлар ниҳоятда нуктадонлик билан қўлланилган.

  Шарқ фалсафасини, ислом тарихи ва таълимотини чуқур билган Навоийнинг фардлардан тортиб, муаммо, чистон, рубоий, қитъа, туюқ, ғазал, мустазод, мухаммас, мусаддас ва ҳоказо жанрларда яратилган шеърларининг барчаси ҳикматга тўла. Улуғ шоир ижоди ҳақиқий маънода инсон руҳининг озиғи бўлиб хизмат қилади.

  Ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз нафақат ўзбек (туркий) ва форс тилида, балки араб ва ҳинд тилларида ҳам асарлар яратганлиги маълумотларда келтирилади. Ўз навбатида, шоир асарлари ўнлаб халқларнинг тилларига таржима бўлган.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>