Янгиликлар
2020 ЙИЛ САРҲИСОБИ: «Соғлом турмуш тарзи ҳамда ўз вақтида дам олиш — жамоада соғлом муҳит ва меҳнат унумдорлигининг гаровидир» (№ 8)
  • 23.01.2021
  • 1016

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибида 5 минг нафарга яқин ишчи-хизматчилар меҳнат фаолияти олиб борадилар. Асосан техник ва муҳандислардан иборат жамоа таркибида турли вазифаларни бажарувчи мутахассислар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг меҳнат унумдорлигини таъминлаш билан бир қаторда Жамият ишчи-ходимларига яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлар ҳам фаолиятда муҳим аҳамият касб этади.

 

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги ижтимоий соҳа объектлари: “Нурчи” ва “Азамат” дам олиш масканлари ҳамда “Тошкент тиббий-санитария қисми” ва “Наманган тиббий-санитария қисми” тиббиёт муассасалари ичида «Нурафшон» санаториясининг ўз ўрни бор. Санаторий юртимизнинг энг гўзал ва сўлим масканларидан бири бўлган Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, бальнеологик курорт маскани ҳисобланади. У Фарғона шаҳридан 32 км масофадаги Қатрон тоғ тизимида, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда, Олтиариқсой ҳудудида фаолият юритади.

 

   Санаторий жойлашган ҳудуд иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши эса юмшоқ бўлади. Дам олиш масканининг асосий шифобахш омиллари — бу минераллашуви турлича бўлган (таркиби 5 дан 95 г/л гача) олтингугуртли минерал сувлар ҳисобланади.

   Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, санаторийга Жиззах вилоятидаги Балиқли кўлининг балчиғи келтирилиб, даволаш ишларида кенг фойдаланилади.

   Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/4325

   «Нурафшон» санаторийсининг умумий ер майдони 12,3 гектарга тенг бўлиб, 114 ўринли соғломлаштириш муассасаси йилига 2000-2500 нафар дам олувчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Санаторийда 2 та ётоқ бўлими мавжуд бўлиб, барча қулайликларга эга. Бино ва иншоотларни иситиш санаторий қозонхонаси орқали бажарилади. Бундан ташкари, санаторийда сув таъминоти, тозалаш иншооти бўлимлари ҳам мавжуд.

 

   «Нурафшон» санаториясида айни пайтда 100 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. Улар таркибида шифокорлар, ҳамширалар, кичик тиббий ходимлар, ошпазлар ва техник ишчи-ходимлар дам олувчиларга сифатли тиббий-соғломлаштириш хизматларини амалга оширади.

   Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/4334

   «Нурафшон» санаторийсида даволашнинг асосини олтингугуртли минерал сувлар билан ванна қабул қилиш ташкил этади. Олтингугуртли минерал суви инсон танасидаги қуйидаги касалликларни даволашга ижобий таъсир этади:

   1.  Юрак қон-томир тизими касалликлари;

   2.  Ҳаракат-таянч органлари касалликлари;

   3.  Асаб тизими касалликлари;

   4.  Тери касалликлари;

   5.  Аёллар жинсий аъзолари касалликлари;

   6.  Урологик касалликлар.

 

   «Нурафшон» санаториясида ҳозирда олтингугуртли сув ваннасидан ташқари иссиқлик билан даволаш, парафин, балчиқ (махсус), уқалаш муолажаси, физиотерапия хоналари, д’арсонвал, электрофорез, амплипульс, лазертерапия, ультратовуш билан даволаш, умумий ва маҳаллий ультрабинафша нурлари билан даволаш, нафас йўлларини дори моддаларни ингаляция йўли билан дори юбориб даволаш, ультрабинафша нурларини йўналтирилган равишда даволаш фитобочка, циркуляр душ, сувости массажи каби муолажалар мавжуд.

   Муолажадан ташқари дам олувчиларга эрталабки гигиеник бадантарбия ва даволаш бадантарбияси, терренкур, умумий тартиб ва парҳез буюрилади.

 

   «Нурафшон» санаториясида кейинги йиллар давомида янги даволаш усуллари киритилиши билан даволаш сифатини янада яхшилашга эришилмоқда. Мисол учун, 2020 йил мобайнида Республикамизнинг турли вилоят ва туманларидан 1071 нафар дам олувчилар ўз соғликлари тикладилар. Уларга юқори сифатли тиббий ва дам олиш хизматлари кўрсатилди.

Ўтган йилнинг март ойида бошланган пандемия карантини даврида ҳам санаторий ўз имкониятидан келиб чиқиб, кузатув реалибитациясига олинган беморларнинг 708 нафарига хизмат кўрсатди.
Бундан ташқари, муассаса ёз ойларида Сардобада рўй берган тошқин оқибатида уйсиз қолган аҳолини ҳам маънан, ҳам руҳан қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссасини қўшди. Бир сўз билан айтганда, Сардоба техноген фожиаси даврида Жамият санаторийси 68 нафар уйсиз қолган фуқароларга 14 кун мобайнида хизмат кўрсатди.
 

   Санаторийда мавжуд шароит ва қулайликларини ошириш мақсадида 2020 йил мобайнида муассаса иккинчи корпусининг ташқи ва ички қисмлари замонавий талабларга мувофиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, санаторий ички йўлларига асфальт қопламаси ётқизилиб, йўллар тўлиқ таъмирланди. Бундан ташқари, санаторий чиқинди сувларини магистрал канализция қувурига улаш учун 1100 метрлик янги қувур тортилди.

 

   2020 йил давомида санаторийнинг ёзги дам олиш жойлари замонавий кўринишга келтирилди, биноларнинг зина панжаралари замонавий жиҳозларга алмаштирилди. Айниқса, санаторийнинг боғ ва экин майдонларида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, дам олиш ва даволаниш масканининг эстетик қиёфаси тубдан ўзгарди.

 

   2020 йилда «Нурафшон» санаторийси Жамият таркибидаги филиалларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг малака ошириш жараёнида ҳам фаол иштирок этди. Ишчи-ходимлар учун ташкил этилган ўқув курслари мароқли дам олиш билан уйғунлаштирилди.  Санаторийда керакли шарт-шароитлар яратилиб, ҳар ойда 20–25 нафар ишчи-ходимлар қабул килиниб, Устозлар гуруҳи томонидан малакаси оширилиб, ўқув курси давомида уларнинг соғликлари тикланиб, яна ишлаб чиқаришга сафарбар этилди.

 

   Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Нурафшон» санаторийси, энг аввало, Жамият ходимлари ва уларнинг оила аъзолари дам олиши, меҳнат фаолияти давомида маълум маънода йўқотилган саломатликларини тиклашлари учун ташкил этилган.

   Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, санаторийда хордиқ чиқариш «Ўзбекистон МЭТ» АЖ фахрийлари учун бепул, ишчи-ходимларига 40%, уларнинг оила аъзоларига эса 50% ли имтиёзга эга йўлланмалар орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган. Шу билан бирга, дам олиш масканида бошқа фуқаролар ҳам дам олиб, даволанишлари мумкин.

   Мурожаат учун телефонлар: +998 73 352-3557; +998 95 400-2570. Манзил: Фарғона вилояти, Фарғона тумани, Чимён қишлоғи, Ором кўчаси, 1-уй. Мўлжал: Чимён марказий бозори яқинида.

   https://t.me/ChimyonNurafshonSanatoriya

 

   «Нурафшон» санаторияси жамоаси фаол меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган барча ишчи-ходимларга меҳнат таътилини мазмунли ўтказиб, йил давомида орттирилган касаллик аломатларидан буткул фориғ бўлиш учун санатория-профилактика масканлари ташриф буюришларини тавсия этади.

 

    Халқимизнинг «яхши дам, меҳнатга ҳамдам» иборасида соғлом турмуш тарзи ва ўз вақтида дам олишнинг аҳамияти ҳақида аниқ хулоса айтилган. Шундай экан, «Нурафшон» санаторияси Сизларни дам олиш масканига чорлаб қолади! 

   Олимжон Ҳасанов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти «Нурафшон» санаторияси бош ҳакими

    Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5555

 

 «Ўзбекистон МЭТ» AЖ Ахборот хизмати

 Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>