Янгиликлар
ХАЙРУ САХОВАТ — ИНСОНИЙЛИК ЗИЙНАТИ
  • 29.12.2020
  • 1361

   Маълумки, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Бу борада комлекс ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилган ҳамда давлат идора ва ташкилотлари раҳбарларининг вазифалари белгилаб берилган.

 

   Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

   Камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда мамлакатимизнинг бош минбаридан камбағаллик даражаси чуқурлашиб бораётгани айтилди.

 

«Афсуски, биз шу пайтгача аксарият фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам камбағал эканини кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмаганликка олдик. Бу нотўғри. Афсуски, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, халқимизнинг 4–5 фоизи камбағал экани аниқланди. Энди яшириш керак эмас, оғир шароитларда яшаётган одамларимизнинг асл муаммоси, вазиятини тушунишимиз, барча тоифадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартиришимиз лозим бўлади.

Биздаги маълумотларга кўра, айрим оилаларнинг топаётган ойлик даромадининг қарийб 70 фоизи, Худо кўрсатмасин, ўша хонадонда кимдир оғир бетоб бўлса, етмай қоляпти. Хўш, бундай оилаларни ўзига тўқ, дея оламизми? Албатта, йўқ. Рости, президент сифатида одамларимизнинг нима истеъмол қилаётгани, соғлиғи ҳақидаги ўйлар ҳар куни мени қийнайди.

Қашқадарё вилояти камбағаллик муаммоси бўйича энг оғир ҳудуд ҳисобланади. 700 минг аҳоли камбағал. Бу жами аҳолининг қарийб 21 фоизини ташкил этмоқда. Бу вазиятда Қашқадарёда раҳбарлар бир жойда ўтириши мумкин эмас. Одамларимизни бундай оғир шароитдан қандай чиқариб оламиз, деган саволни ўзига бериши лозим.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 500 минг, Сурхондарё вилоятида 500 минг, Наманган вилоятида 400 минг, Жиззах вилоятида 210 минг ва Сирдарё вилоятида 130 минг аҳоли камбағал.»

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

   Камбағаллик нисбий тушунча бўлса-да, иқтисодчилар, ижтимоий масалаларга масъул ходимлар томонидан унинг мезонлари белгилаб берилган. Энг ачинарлиси, камбағаллик ҳолатига тушиб қолишдан кўра, ундан чиқиб кетиш бирмунча қийинроқ кечадиган жараён. Айниқса, руҳий тушкунликка тушган оила боқувчиларининг меҳнатга лаёқати сусайиб боради, халқ тилида айтганда, беҳафсала бўлиб, ишидан унум, оиласидан файз-барака кетади...

Албатта, бу ҳолатга таъсир этувчи омиллар бир талай: шахс вояга етаётган оиланинг ижтимоий аҳволи, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий муҳити, шахснинг индивидуал хусусиятлари, жисмоний етуклиги, билим олишга, касб-ҳунар ўрганишга чанқоқлиги, қунт-меҳнати, тиришқоқлиги ва ҳоказо, ва ҳоказо...

 

   Шу ўринда ижтимоий аҳволи ўзига тўқдан ўрта ҳолга, ўртаҳолдан камбағаллик чегарасига тушиб боришида кишиларнинг тўсатдан оғир, сурункали хасталикларга дучор бўлиши (ёки туғма ёхуд орттирилган ногиронлик), бундан ташқари, касбий фаолиятда ўз ўрнини тополмаслик, турмушдаги бахтсизлик, ишсизлик, аниқроғи ўзига муносиб иш тополмаслик муаммосига дуч келавериши, энг ёмони, жиноят содир этиб жазога тортилиши, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик иллатларига дучор бўлиши, меҳнат қилмасдан даромад топишга уриниш (фирибгарлик)... каби санайверса адоғи йўқ омиллар таъсир кўрсатади.

Таъсир омилларининг ичидаги энг ачинарлиси, кишиларда боқимандалик кайфиятининг пайдо бўлиши, руҳий тушкунлик ортидан ўзининг ижтимоий аҳволини ўнглашга ҳаракат қилмаслик бўлса керак.

   «...Камбағалликни камайтириш — бу оиланинг ойлик ёки нафақасини кўпайтириш, оммавий кредит бериш, дегани эмас. Таъбир жоиз бўлса, шу вақтгача биз одамларимизга балиқ бердик. Бу тажриба ўзини мутлақо оқламади. Халқимизга балиқ тутишни ўргатишимиз, қармоқ беришимиз лозим.»

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

 
 

   Экологик инқирозга учраган ҳудудларда ишсизлик даражаси юқори эканлиги барчамизга маълум. Айниқса, аҳоли хонадонлари сийрак жойлашган қишлоқ ва овулларда асосий даромад деҳқончилик, чорвачилик, хусусан томорқа деҳқончилиги ва оилавий шароитда қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини боқиш ортидан. Бундай ҳудудларда ичимлик суви муаммоси вазиятни янада мураккаблаштираётгани рост. Оилаларда ажримлар сони юқорилиги ўрта ёшлилар ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётгани баробарида вояга етмаган болалар тарбиясига, аниқроғи уларнинг камолга етиб, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бунинг устига аҳоли ўртасида сурункали ва онкологик касалликлар кўп учраши, айниқса болалар орасида ногиронлик даражаси юқорилиги ҳудуддаги умумий вазиятни янада мураккаблаштиради.

 
 

   Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 16 ёшгача бўлган болаларнинг ҳар 100 мингидан 110 нафарида ногиронлик бор. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, ногиронлиги бўлган болаларнинг аксарият қисми, яъни 98 минг 202 нафари (98,1%) ўз оиласида ота ва оналар қарамоғида парваришланмоқда. Ушбу ногиронлиги бўлган болаларнинг кўпчилиги таянч-ҳаракат тизими, асаб ва руҳий касалликларга чалинган бўлиб, доимий парваришга муҳтож. Ўз-ўзидан маълумки, ҳар қандай инсон ёки бошқа омиллар таъсиридан қатъий назар, ногирон фарзандини тарбия қилаётган оилалар (уларга давлат томонидан белгиланган тартибда нафақа тўланади) ижтимоий ҳимояга муҳтож.

 

   Яна бир нарса... Серфарзанд оилалар боқувчисини йўқотиши ҳам оиланинг ижтимоий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатадиган омиллардан бири. Бир неча вояга етмаган фарзандлари бор оила боқувчисини йўқотса, бир умр бола тарбияси билан шуғулланган оналар зиммасига оғир юк тушиши тайин...

Демак, юқоридаги мулоҳазалардан шундай хулоса чиқадики, аҳолининг маълум бир қатлами ижтимоий ҳимояга муҳтож. Давлат томонидан турли нафақа ва имтиёзлар шаклида моддий ёрдам бериб келинади.

   Хўш, ижтимоий ҳимоя нима дегани?

   Унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни қандай?

   Ривожланган демократик жамиятда ижтимоий ҳимоя вазифаларини бажаришни давлат ва жамият ўз зиммасига олади. «Ижтимоий ҳимоя» атамаси биринчи марта 1935 йилда АҚШнинг «Ижтимоий хавфсизлик бўйича қонуни»да қўлланилган, кейинчалик Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларида бу тушунча мазмуни мукаммаллаштирилган. АҚШ, Канада, Швейцария каби мамлакатларда Ижтимоий ҳимоянинг кўпгина муаммолари ҳал этилган, лекин ечимини топмаган муаммолари ҳам жуда кўп.

   Ўзбекистон заминида кўпгина соҳаларда, хусусан ижтимоий ва маънавий-маърифий масалаларда давлат кучли ташаббускор, ғамхўр ва ҳимоячи бўлиб келган ва бу ижтимоий сиёсат ҳозирда ҳам давом этмоқда. Инсонга азалдан фақатгина ўз шахсий бахт-саоддати ва роҳат-фароғати учун тинимсиз меҳнат қилувчи индивид сифатида эмас, балки жамоанинг, жамиятнинг ажалмас бўлаги сифатида қараб келинган. Демакки, ижтимоий ҳимоя масаласида жамоатчиликнинг ҳам ўз ўрни бор. Умуман олганда, жамиятнинг эҳтиёжманд аъзолари тўғрисида қайғуриш ҳисси, меҳр-мурувват, хайр-саховат ўзбек халқининг, умуман барча қардош халқларининг азалий қадриятдаридан бири ҳисобланади.

 

   “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли туманида истиқомат қилаётган 40 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон фарзанди бор, онкологик ва сурункали касаллиги мавжуд оилаларга хайрия ёрдамини кўрсатишди.

 

   Жорий йилнинг март ойида бошланган коронавирус пандемияси авввало аҳоли турмушига, ижтимоий соҳа объектлари, ўрта ва кичик бизнес вакиллари фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг оқибатида аҳоли ўртасида ишсизлик ва касалликдан азият чекиш юз бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса ногиронлиги, сурункали хасталиги бор фуқаролар куз-қиш мавсумига ўзига хос тайёргарлик кўришда қийинчиликларга учради. Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида ҳам юқоридаги ҳолатлар мавжуд бўлиб, туман ҳокимияти томонидан барча йирик ташкилот ва корхоналар ўзаро ҳамкорликка чақирилган.

Хўжайли тумандаги кам таъминланган фуқароларга хайрия ва ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш бўйича 2020 йилнинг 24 ноябрида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси номига 3882/01-сонли мурожаат хати киритган.
 

    Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани аҳолисига ногирон, онкологик ёки сурункали касалликларга чалинган, боқувчисини йўқотган, бир неча йилардан бери ишсизликдан қийналиб келаётган фуқароларга куз-қиш мавсумининг совуқ кунларида беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича, туман ҳокимлигининг мурожаат хати инобатга олинган ҳолда, тумандаги бир нечта овул фуқаролари йиғинларида, жумладан «Кулоб», «Жана-жап», «Жан-қўнғирот», «Амударё», «Водник» ва бошқа ҳудудларда яшайдиган кам таъминланган фуқароларга хайрия ҳамда ҳомийлик ёрдамини амалга ошириш мақсадида Бошқарув ҳайъати қарори қабул қилинди.

  Унга кўра, Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида истиқомат қилаётган кам таъминланган фуқароларига хайрия ҳамда ҳомийлик ёрдами кўрсатиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари туркуми таркиби ва қиймати, шунингдек, овул фуқаролар йиғини ҳамда ҳокимиятнинг ижтимоий масалалар комплексидан тақдим этилган рўйхат бўйича хайрия ишлари амалга оширилиши белгиланди.

 

   Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси биринчи зарурият тоифасига кирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун Бирлашган касаба уюшмаси, «Қорақалпоғистон магистрал электр тармоқлари» филиали касаба бошланғич ташкилотига хайрия маблағи ажратилиши белгиланди.

   “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси вакиллари, Ахборот хизмати раҳбари ва «Қорақалпоғистон магистрал электр тармоқлари» филиали вакиллари хайрия учун ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларини Хўжайли туманида истиқомат қилаётган 40 оила — кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, сурункали ва онкологик касалликлари билан оғрийдиган аҳоли вакилларига етказиб берилиши ва қабул қилиниши тадбирида қатнашдилар.

 

   Ушбу хайрия акциясини Қорақалпоғистон телевидениеси орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

   «Қарақалпағистан» телеканали лавҳаси:

   https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5473

 

 

 

 Хўжайли туманида истиқомат қилаётган 40 та оила вакиллари «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти жамоасига, қолаверса Хўжайли тумани ҳокимияти ва овул фуқаролари йиғини мутахассисларига ўз миннатдорлигини изҳор этишди.

   У.П.Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси;

Г.Ю.Сариева,

Ўзбекистон Экологик партияси Хўжайли тумани партия ташкилоти раиси,

Жўқорғи Кенгес депутати қабулхонаси вакили

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

   ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС ДЕПУТАТИ ХЎЖАЙЛИ ТУМАНИ ФУҚАРОЛАРИ БИЛАН ИЛК УЧРАШУВИНИ ЎТКАЗДИ (2020 йил 17 январь)

 ЖОҚАРҒЫ КЕҢЕС ДЕПУТАТЫ ХОЖЕЛИ РАЙОНЫ ПУҚАРАЛАРЫ МЕНЕН ДӘСЛЕПКИ УШРАСЫЎЫН ӨТКЕРДИ

 http://uzbekistonmet.uz/ru/

 

   ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС ДЕПУТАТИ ФУҚАРОЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

 ТАЗА ТРАНСФОРМАТОР КУРЫЛЫП СТОЛБАЛАР ЖАНАЛАНДЫ

 

   ЖАН-ҚЎНҒИРОТЛИКЛАРНИНГ ДЕПУТАТГА МУРОЖААТИ ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

 

Жоқарғы Кеңес депутаты Д.А.Исакулов Хожели район хакими Ж.М.Ермашев менен биргеликте пуқаралар мураажатлерин корып шығды

 

Депутатлик фаолиятидан фотолавҳалар

 

 

   МУРОЖААТЧИЛАР ДЕПУТАТГА МИННАТДОРЛИК БИЛДИРИШДИ

   Жўқорғи Кенгес депутати Д.А.Исақулов Хўжайли тумани ҳокими Ж.М.Ермашев ҳамроҳлигида мурожаат эгаларининг хонадонларига ташриф буюрди.

 

   ЖОҚАРҒЫ КЕҢЕС ДЕПУТАТЫ МЕНЕН ХӘКИМИМИЗГЕ

 

   ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС ДЕПУТАТИ Д.А.ИСАҚУЛОВ ТОМОНИДАН ХЎЖАЙЛИ ТУМАНИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР ХРОНОЛОГИЯСИ

   https://telegra.ph/deputatisaqulov-06-23

 

   «САРИШУНГУЛ» ОВУЛ ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ: ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ, ТАБИИЙ ГАЗ ВА ИЧИМЛИК СУВИ МУАММОЛАРИ БЎЙИЧА ДЕПУТАТЛИК СЎРОВНОМАСИ ЮБОРИЛДИ

   https://telegra.ph/deputatisaqulov-12-21

 
 
 

ДЕПУТАТ ҚАБЫЛЛАЎХАНАСЫ / ДЕПУТАТ ҚАБУЛХОНАСИ

 Каналга аъзо бўлинг!  t.me/deputatisaqulov

>