Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКЛАРНИНГ СПОРТ ТАДБИРЛАРИ: МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИДАГИ УНУМ ВА САМАРА САРИ ТАШЛАНАЁТГАН ДАДИЛ ҚАДАМЛАР
  • 06.12.2020
  • 1144

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сон Фармонининг ижроси бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар режасига мувофиқ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Бирлашган касаба уюшмаси ҳамда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида Жамиятнинг «Учқун» спорт комплексида шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди.

 

  Спорт байрамини «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Х.Б.Элмуродов очиб берди. Холиқ Бобоёрович ўз нутқида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан пандемия даврида оммавий спорт турларига бўлаётган катта эътибор, ташкилотларда «Шахсий намуна» тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини яхшилаш орқали (семизлик даражаси, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) ходимларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшиланиши, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, айниқса ёшлар ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилаётганининг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди. Бу борада «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ёшларининг ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, касаба уюшмасининг ҳомийлиги ва ҳамкорлигида энергетика соҳаси ходимлар ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни тарғиб қилиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилаётгани, умуман олганда, ўз соғлиғига беэътибор бўлмаган барча ишчи-ходимларнинг меҳнат фаолиятида ҳам унум ва барака бўлишини алоҳида таъкидлаган ҳолда спорт байрами иштирокчиларига омад тилади.

 

  Спорт байрамидан олдин «Учқун» спорт-соғломлаштириш мажмуасида оммавий тарзда гимнастика машқлари бажарилиб, иштирокчилар мусобақаларга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр бўлишгач, мусобақа ўйинларига старт берилди.

 
Шахмат бўйича эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақада 1-фахрли ўринни Абдулла Аҳмедов, 2-ўринни Шерали Тўраев, ва 3-ўринни Анвар Шаимов эгаллади.
Шашка бўйича аёллар ўртасидаги мусобақада 1-фахрли ўринни Нигора Зокирходжаева, 2-ўринни Дилдора Ирматова, 3-ўринни Камола Содиқова эгаллашга муваффақ бўлди.
Шашка бўйича эркаклар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада эса 1-фахрли ўринни Минислом Лукманов, 2-ўринни Ислом Сапарматов, 3-ўринни эса Парда Хидиров эгаллади.
 
Стол тенниси бўйича аёллар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада 1-фахрли ўринни Раъно Исамухамедова, 2-ўринни Феруза Хаджимуратова, 3-ўринни Раъно Ҳасанова қўдга киритди.
Худди шу спорт мусобақасининг эркаклар ўртасида бўлиб ўтган беллашувларида 1-фахрли ўринни Олимжон Тўлаев, 2-ўринни Дониёр Ғуломов, 3-ўринни Салим Эшонқулов эгаллашга муваффақ бўлди.

  Тадбир якунида барча ғолиб бўлган иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Спорт байрами «Ўзбекистон-24» телеканали ҳамда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ассалом, Ўзбекистон!» дастури ижодкорлари томонидан ёритилди.

 

  Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида спорт тадбирлари давом этади. Ўтказилиб келинаётган спорт мусобақалари бу энергетика соҳаси, электр энергетика тармоғи ходимларининг «Covid-19» номли балога қарши кураши, қолаверса меҳнат фаолиятида унум ва самара сари ташланаётган дадил қадамлардир.

  Азизбек Ботиров, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти сардори, муҳандис-эколог

 
 
 
 
 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>