Қадриятлар – ҳар бир миллатнинг маънавий қиёфасини намоён этади. Халқимизнинг асрлик ўтмиши, қадриятлари ва миллий маданиятини акс эттирувчи миллий либосларимиз қадриятларимизнинг муҳим қисми бўлиб, бутун миллатнинг маънавий қиёфасини ўзида намоён этади, десак муболаға бўлмайди.
Мамлакатимизда миллий либослар тарғиботини кучайтириш, ёш авлод ва филиалимизда фаолият юритаётган аёлларимиз онгига миллат руҳиятини сингдириш, улар ҳаётига ўзбекона менталитет меъёрларини олиб кириш ҳамда миллий либосларга меҳр уйғотиш мақсадида турли хил миллий хон атлас либослар фестивали ва шу кўринишдаги тадбирларнинг ташкил этилаётганлиги ҳам бежиз эмас.
Жорий йилнинг 9 сентябрь санасида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалида касаба уюшмаси қўмитаси раиси Наржемал Ходжамкулиева ҳамда хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Абидова томонидан Ўзбекистон Республикаси оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 2024 йил 19 августдаги 02-01/1335-сонли хабарнома ижросини таъминлаш мақсадида, “Миллий қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиздир” мавзусида “Хон атлас” тадбири ташкил қилинди. Унда филиалда фаолият юритаётган фаол хотин-қизларимиз, уй бекалари ҳамда тумандаги фаол аёллар иштирок этди. Тадбирда ўзбек миллатининг урф-одатлари ва анъаналарини тарғиб этувчи кўргазмалар, аёллар жамоасининг чиқишлари намойиш этилди.
Тадбирда Юнусобод туман хоким ўринбосари оила ва ҳотин-қизлар бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Мухсимова, туман маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Чарос Хайдарова, “Янгиариқ” махалласининг фаоли Лобар Алимова сўзга чиқиб, ҳар бир миллатнинг тили, урф-одатлари, тарихи, маданияти, анъаналарини, барча моддий ва маънавий бойликларини, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча томонларини ўз ичига қамраб оладиган миллий қадриятлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир сўнгида фаол аёл-қизларимиз томонидан тайёрланган ашула, шеърият давраси ташкиллаштирилди. Юнусобод тумани маданият бўлимидан ташриф буюрган Нодирбек Урмонов томонидан куйланган миллий қўшиқлар аёллар руҳиятини янада оширди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати