Жорий йил 23 октябрь куни «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Энергетика вазирлиги ҳамда қатор халқаро молия институтлари иштирокида Ўзбекистон энергетика секторини янада ислоҳ қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Энергетика вазири, Молия вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарлари иштирок этишди.
Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, хусусан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этган тадбирда келгусида Ўзбекистон энергетика соҳасига, шу жумладан электр энергетика тармоғига ҳам давлат-хусусий шерикчилик тизими асосида бозор қоидаларини жорий этилиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, қатор халқаро юридик ва аудиторлик компаниялари вакиллари, шу билан бирга халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар дарва суҳбати муҳокамаларининг онлайн иштирокчилари бўлишди.
Давра суҳбати давомида электр энергетика ва нефть-газ тармоқларини янада ислоҳ қилиш бўйича Тавсиялар ва Йўл хариталари муҳокама қилиниб, уларнинг амалиётга татбиқ этилиши Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг халқаро экспертлари ва маслаҳатчилари иштирокида амалга оширилиши алоҳида таъқидланди.
Экспертлар томонидан таъкидланганидек, энергетика секторида бундай кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, бозор механизмларига ўтиш, истеъмолчиларга арзон ва кафолатланган электр энергияси ва газ етказиб беришни кўзда тутувчи хизматлар сифатини ошириш, энергетика саноати барқарорлигига эришиш, энергия ресурсларини самарали ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш имконини беради.
Муҳокамалар давомида давлат энергетика корхоналарини хусусийлаштириш мавзусига ҳам тўхталиб ўтилди. Халқаро маслаҳатчилар либераллаштириш ҳар доим ҳам хусусийлаштиришни англатмайди, бунга пухта ёндашиш, биринчи навбатда, бунинг учун зарур Қонунчилик базасини яратиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Халқаро молия институтлари вакиллари энергетика соҳасида таклиф этилаётган ислоҳотларни амалга оширишда келгусида техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Батафсил: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати http://minenergy.uz/uz/news/view/879
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати