Янгиликлар
«ҚАШҚАДАРЁ МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИДА ЎҚУВ СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ
  • 26.10.2020
  • 758

  Юртимизда халқ хўжалиги, шунингдек аҳоли турмуш даражасининг ўсиши, турли замонавий маиший электр жиҳозларининг турмушда фойдаланиш кўлами кенгаётгани боис электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилигини ошириш борасида қатор вазифалар амалга оширилмоқда.

 

 

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасаруфидаги «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали таркибида 220–500 кВли 15 та подстанциялар мавжуд бўлиб, ушбу подстанцияларда ўрнатилган 35 дона куч трансформаторларининг умумий қуввати 3664,3 МВАни ташкил этади.

 

  Охирги 3 йилда филиалдаги 500 кВли «Ғузор» ва 220 кВли «Кўкдумалоқ», «Қарши», «Муборак–1», «Муборак–2» ва «Косон» подстанцияларида модернизация ҳамда реконструкция ишларини бажарилди. Инвестицион лойиҳалар доирасида жами 5 дона автотрансформаторлар алмаштирилиб, бажарилган ишлар «Ўзэнергоинспекция» Қашқадарё ҳудудий бўлими томонидан назоратга олинган.

 

  Яқинда 220 кВли «Косон» подстанциясида «Юқори кучланишли подстанцияларда хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилиш» мавзусида ўқув семинари ўтказилди.

© Батафсил маълумотлар билан «Қашқадарё» телерадиокомпаниясининг «Репортаж» дастури орқали танишишингиз мумкин.

 

  Тадбирда «Ўзэнергоинспекция» Қашқадарё ҳудудий бўлими ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими, шу билан бирга, «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиалига қарашли 15 та магистрал электр тармоқлари подстанцияларида хизмат фаолиятини олиб бораётган навбатчи электромонтёрлар, муҳандис ҳамда техник ишчи-ходимлар иштирок этишди. Уч босқичда ташкил этилган семинар-тренингда дастлаб электр ускунларида иш бажаришда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, сўнгра иш жойини хавфсиз тайёрлаш, бахтсиз ҳодиса содир бўлганда жабрланган ходимга биринчи ёрдам кўрсатиш каби машғулотларга назоратчи мутахассислар олдида намунали тарзда бажарилди.

  «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиалига қарашли электр тармоғи хўжалик объектларини белгиланган муддатларда сифатли ва тўлақонли таъмирланиши, таъмирлаш ишларини белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан «Ўзэнергоинспекция» Қашқадарё ҳудудий бўлими томонидан назорат ўрнатилган бўлиб, таъмирлаш ишларида аниқланган камчиликларни бартараф этилиши юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериб борилмоқда.

  Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айни кунда вилоятда 619 мингдан ортиқ аҳоли ва 45 мингдан зиёд улгуржи истеъмолчилар электр энергиясидан фойдаланиб келади. Ушбу семинарнинг айни кунларда ташкил этилгани ходимлар малакасини ошириб, куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим саналади.

Шерзод Холёров, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ

«Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали директори

«Ўзбекистон МЭТ»  АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>