Янгиликлар
«ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ: САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИБ КЕЛИНАЁТГАН РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА УЛАРНИНГ ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАРИ
  • 08.10.2020
  • 2233

2020 йил — Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

  Бугунги кундаги тараққиёт кўп жиҳатдан ахборот технологияларининг ривожланиш кўрсаткичларига боғлиқ. ХХI асрда интернет тармоғи жамият ҳаётининг турли соҳаларига кириб келиши билан «электрон ҳукумат», «электрон савдо», «рақамли иқтисодиёт» каби атамалар пайдо бўлди.

 

Ушбу атама илк бор 1995 йилда Массачусетс университети олими Николас Негропонте томонидан тилга олинган.

Массачусетс университети олими Николас Негропонте, 2009 йил

  Рақамли иқтисодиёт — бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тизими бўлиб, бунга онлайн хизматлар, масофавий таълим, электрон тўловлар, товар ва хизматларнинг интернет-савдоси мисол бўла олади.

  Буни қарангки, Ўзбекистон энергетика соҳасида, хусусан электр энергетикаси тармоғида бир неча йиллардан буён рақамли технологиялардан самарали фойдаланилиб келинади. Айни пайтда эса уларни ҳар томонлама мукаммал, замонавий дастурлар ҳисобига янгилаш, такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

  Бугун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида амалиётда қўлланилаётган ва энди амалиётга татбиқ этилаётган рақамли технологиялар билан бирма-бир танишиб чиқамиз.

 

  МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК МАРКАЗИДА

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Миллий диспетчерлик маркази замонавий рақамли технология дастурларидан бир неча йиллардан бери самарали фойдаланади. Биргина электр энергияси таъминоти умумтизимида ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш, тизимда рўй бериши мумкин бўлган авариявий ҳолатларга қарши реле ҳимояси ва автоматика тизимининг тезкор чоралари, оддий тил билан айтганда, юқори кучланишли ҳаво линияларининг айнан қаерида носозлик (!) нима сабабдан рўй берганини бир неча километр узоқдаги бошқарув пултидан туриб билиш ва сониялар ичида ҳолатни барқарорлаштириш учун керакли топшириқ-кўрсатмаларни бериш — Миллий диспетчерлик маркази томонидан самарали фойдаланиб келаётган рақамли дастурларнинг бир қисмидир.

  Шунингдек, Акциядорлик жамияти раҳбар кадрлари, жараёнга бевосита масъул бўлган Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари электр энергияси импорт ва экспорт амалиётларини, шу билан бирга, вилоятлар кесимида электр энергияси истеъмолини онлайн режимда кузатиб туриши — «Ўзбекистон МЭТ» АЖда рақамли технология дастурларидан самарали фойдаланиш ишлари аллақачон бошлаб юборилганининг исботидир. Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишлар янада такомиллаштириш босқичида.

  Масалан, Америка Қўшма Штатларининг USAID агентлиги билан ҳамкорликда энергетика тизимининг иш режимларини ҳисоблаш учун мўлжалланган DigSilent Power Factory дастури ўзлаштирилиб, бир неча ходимлар ушбу дастурда ишлаш борасида дастлабки тайёргарликдан ўтди ва тегишли сертификатларга эга бўлишди.

 

  Бугунги кунда DigSilent Power Factory дастуридан фойдаланишни кейинги босқичлари бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ушбу компьютер дастурининг қўлланилиши электр энергетика тизими иш режимларини ҳисоблаш ишларини енгиллаштиради, унинг натижалари сифатлилигини таъминлайди ҳамда энергетика тизими иш режимлари тўғрисидаги керакли маълумотларни «оn-line» тарзда олиш имконини беради.

  Бундан ташқари, Жаҳон Банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон энергетика соҳасидаги автоматлаштирилган бошқариш тизимини рақамли технологияларга ўтказиш, яъни мавжуд оператив-ахборот комплексини замонавий SCADA/EMS тизими билан алмаштириш борасида ишлар бошлаб юборилган. Бу тизимнинг қўлланилиши Ўзбекистон энергетика тизимини оператив бошқариш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, авариявий вазиятларнинг олдини олиш, уларни зудлик билан бартараф этиш имконини беради.

 

  Йиллар давомида энергетика тизимидаги иссиқлик ва гидроэлектр станциялари асосан битта жойдан, яъни Миллий диспетчерлик марказидан телефон алоқаси орқали— мутахассисларнинг ўзаро мулоқоти ёрдамида бошқариб келинар эди. Эндиликда энергетика тизимида замонавий, юқори самардорликка эга бўлган буғ-газ қурилмали ускуналар ҳамда шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланувчи йирик қувватли қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқарувчи станцияларини оператив бошқариш жараёнини амалиётга тадбиқ этиш босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, SCADA/EMS тизимининг тадбиқ этилиши Миллий диспетчерлик маркази операторининг иш фаолиятини бирмунча енгиллаштириш билан бирга самарадорлик кўрсаткичини кескин оширади. Шунингдек, замонавий технология ахборот узатиш сифатини оширади ва юқорида санаб ўтилган станциялар, энергетика тизимига киритилиши мўлжалланган рақамли подстанцияларни масофадан туриб электрон дастур орқали бошқариш имконини беради.

  Бу борада амалга оширилаётган ишлар ОАВ ва жамоатчиликка маълум қилиб борилмоқда: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/4745

 

  ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОРЛИГИ ВА САМАРАДОРЛИГИДА

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил ПҚ-4422-сонли «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖда «2020–2022 йилларда электр энергиясини тежаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш чора-тадбирлари режаси» ишлаб чиқилган. Шу тадбирга асосан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадида 7 та 500 кВ кучланишли подстанцияларда қуёш сув иситкичлари ўрнатилди.

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли барча подстанцияларда электр энергияси оқимини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизими (АСКУЭ) жорий қилинган бўлиб, магистрал электр тармоқлари филиаллари ўз тасарруфидаги подстанцияларда барча электрон ҳисоблагичдаги маълумотларни онлайн режимида кўриш имконияти яратилган. Бунинг натижасида электр энергияси оқими тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ташқи таъсирдан ҳимояланган, яъни инсон томонидан ўзгартириш киритиш имкониятларига барҳам берилган. Подстанцияга кириб келаётган ва узатилаётган электр энергияси оқими балансини куннинг исталган пайтида кузатиб бориш, тегишли тартиб-қоидаларига кўра назорат қилиш мумкин.

 

  Сўзимизнинг исботи тариқасида 220 кВли «Келес» подстанциясининг иш фаолиятига назар ташлашимиз мумкин. Подстанцияда барча электр ускуналар замонавий бўлиб, диспетчер ўз хонасидан туриб барча ўчириш-ёқиш ишларини амалга ошириши мумкин. Электр ускуналарининг ҳолати мониторда кўриниб туради. Тармоқларда ўрнатилган ҳисоблагич кўрсатгичлари ҳам мониторда акс этган. Демакки, зарурият туғилганда подстанциядан бир кунлик ёки бир ойлик электр энергияси оқими бўйича аниқ маълумотларни қисқа муддатда олиш имкониятига эга.

  Гап рақамли иқтисодиёт ҳақида кетганда замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этиш орқали тежалган ва иқтисод қилинган маблағлар ҳақида гапириш ўринли. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан электр энергиясини тежаш ва энергияни узатишда оптимал режим ҳосил қилиниши натижасида технологик йўқотишлар йиллар давомида камайишига эришиб келинмоқда. Буни қуйидаги жадвалда кўришимиз мумкин:

 

 

ТАРМОҚНИНГ РАҚАМЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИ ТАРИХИ

  Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасида, хусусан электр энергетика тармоғида рақамлаштириш 1992 йилда биринчи микропроцессорга асосланган РҲА қурилмалари ўрнатилиши билан бошланган эди.

Келинг, тармоққа рақамли иш дастурига эга электр ускуналари кириб келиш босқичининг хронологияси билан танишамиз...

· 1992 йили 500/220/10 кВли «Тошкент» подстанциясига «ЭКРА» русумли фавқулодда вазиятларни қайд этувчи регистраторларга «ФПМ-1М» типидаги ШЖАҚ — шикастланган жойни аниқловчи қурилмалар ўрнатилди;
· 1995 йили 220/110/6 кВли «Шўртан» ва 220/110/6 кВли «Кўкдумалоқ» подстанцияларида электрон дастурларнинг дастлабки кўринишларига эга «Бреслер» русумли авариявий ҳодисаларни қайд этиб бориш мосламалари ишга туширилди;
· 2003 йили «ПВЗУ-Е» ва «УПАСК АКА-16 «Кедр» русумли микропроцессорли электрон сигналларни қабул қилиш ва узатиш хусусиятига эга мосламалар босқичма-босқич ўрнатилиши бошланди. Шунингдек, «Ретом-21» ва «Ретом-ВЧ» русумли синов мосламалари харид қилиниб, амалиётда қўлланила бошлади. Мисол учун, ўша йилда 500/220/10 кВ кучланишли «Қоракўл» подстанциясида «Нева» типидаги микропроцессорли фавқулодда ҳодисаларни қайд этувчи қурилмалар ўрнатилган эди;
· 2009–2012 йилларда эса 500 кВли ҳаво линиялари ва 500/220/10 кВли автотрансформаторларга авария ва нонормал ҳолатлардан ҳимоя қиладиган «ЭКРА» типидаги микропроцессорли ҳимоя шкафлари ҳамда «Нева» ва «Бреслер» типидаги фавқулодда ҳодисаларни қайд этиш мосламалари 500/220/10 кВли «Ўзбекистон», 500/220/10 кВли «Лочин», 500/220/10 кВли «Қоракўл» ва 500/220/10 кВ «Суғдиёна» подстанцияларида кенг фойдаланиладиган бўлди. Шу билан бирга, 110–220 кВли ҳаво линияларида «ИЦ Бреслер» русумли микропроцессорлар асосида ҳимоя терминаллари 220/110/10 кВли «Иштихон», 220/110 кВ «Самарқанд» ва 220/110/35 кВли «Каттақўрғон» подстанцияларида самарали ишга туширилди
... ва буларнинг бари электр энергетика соҳасига кириб келаётган рақамли технологияларнинг дастлабки шакллари эди.

  Ҳозирги вақтда энергетика иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳалар таркибига микропроцессорлар асосида ҳимоя терминаллари, авариявий ҳимоя тизими, шу билан бирга, рақамли ахборот алманишувига асосланган фавқулодда вазиятларни қайд этиш мосламалари киради.

Бу, аввало, хавфсизлик чоралари, сўнгра фойдали иш унумдорлиги ва бугунги кун — замон талаби!

  Хуллас, айни пайтда Жамиятда анчайин такомиллашган  «Ретом-21», «Ретом-ВЧ», «Ретом-61» ва «Omicron-СМС-356» русумли микропроцессорли қурилмалар харид қилиниб, реле ҳимояси ва автоматика тизимида самарали фойдаланилмоқда.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ мутахассис ходимлари ўз малакаларини оширган ҳолда электр таъминотида муҳим аҳамият касб этадиган реле ҳимояси ва автоматика тизимини рақамли технологияларнинг сўнгги авлоди билан бойитиб бориш устида бир қанча ютуқларга эришган.

 

ЯГОНА ТЕХНОЛОГИК АЛОҚА ТАРМОҒИ

  Рақамли технологиялар ҳақида сўз борганда албатта алоқа воситалари ва электрқурилма ва жиҳозларига марказлаштирилган ҳолда хизмат кўрсатиш тизими ҳам назарда тутилади. Шу мақсадда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибидаги «Energo-IT» филиали мутахассислари томонидан Электр энергетикада ягона технологик алоқа тармоғи (ЭЭЯТАТ) жорий этилган. Бу электр энергетикасини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилишнинг географик тақсимланган хусусиятини ҳисобга олган электрон дастурларнинг энг муҳим таркибий қисмлардан биридир. Оддий сўз билан ифодалаганда, бу умумий техник ва технологик тузилма бўлиб, ташкилий тамойиллар билан бирлаштирилган воситалар, тугунлар ва алоқа тармоқлари мажмуи ҳисобланади.

  Соҳадаги ягона технологик алоқа тармоғи электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашдаги технологик жараёнларни, тезкор диспетчерлик назорати ва электр энергетикасининг ишлаб чиқариш фаолиятини назорат қилишни таъминлашга мўлжалланган. Мазкур алоқа тизими орқали электр тармоқлари комплексининг кузатувчанлигини яхшилаш ва натижада оператив диспетчерлик ва технологик бошқарув даражасини ошириш учун («объект–диспетчерлик маркази» тамойилида) хизмат кўрсатадиган йўналиш ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу тизим электр тармоқларини рақамлаштиришдек стратегик вазифаларни бажаришда асосий ёрдамчидир.
 
1. Электр тармоқлари орқали юқори частотали алоқа линияларининг ускуналар – 460 дона;
2. Мисли кабель тармоқлари – 357 км;
3. Яшин уришидан (чақмоқдан) ҳимоя қилувчи оптик толали симлар – 1702 км, ускуналари – 149 дона;
4. Радиореле линиялари – 806,5 км, ускуналари – 48 дона;
5. Тармоқ алоқаси учун радиостанция тугунлари – 243 та;
6. Ишлаб чиқариш автоматик телефон станцияси ускуналари ва диспетчерлик алоқа воситалари – 114 дона;
7. Телемеханика тизимлари ускуналари – 138 дона;
8. Узлуксиз электр таъминоти ускуналари – 68 дона.
 

  Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги 4699-сонли қарорига асосан «Ўзбекистон МЭТ» АЖда рақамлаштириш бўйича бир нечта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мақсад эса аниқ — Акциядорлик жамиятининг молиявий-иқтисодий фаолият тизими самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни оптималлаштириш мақсадида ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими — ERP дастурини, шу билан бирга, юқорида таъкидланганидек, диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси — SCADA дастурини жорий қилиш шулар жумласидан.

  Бир сўз билан айтганда, соҳада рақамли иқтисодиёт унсурларини амалиётга татбиқ этиш — тежамкор, самарадор ва тезкор иш тамойиллари асосида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар мажмуидир.  

  Мазкур маълумотнома тайёрланишида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Миллий диспетчерлик маркази — Тизим хизматлари бўйича бош бошқарма бошлиғи А.Мирзаев,  «Energo-IT» филиали директори З.Сагдиев, Электр энергияси технологик сарфларини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи  С.Эшонқулов ва Марказий реле ҳимоя ва электр автоматикаси хизмати бошлиғи М.Лукмановлар тақдим этган маълумотлардан фойдаланилди.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун

 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

Ахборот 24 | Электр тармоқлари тизимида рақамли иқтисодиётга ўтиш

>