Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ етказиб беришдаги узилишлар муаммоси 2027-2030 йилларгача тўлиқ ҳал этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев 22 апрел кунги матбуот анжуманида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
“Электр энергияси етказиб бериш соҳасида “износ” – эскириб кетганлик даражаси қарийб 40 фоизни ташкил қилади. 274 минг километрлик электр ҳаво тармоқларимиз мавжуд бўлса, шундан 122 минг километри, яъни 44,5 фоизи эскирган. 94 мингдан зиёд трансформаторларимиздан эскирганлари 33 мингтани ташкил қиляпти.
Тошкент шаҳрида ҳам узилишлар бўлаётгани ҳақида савол бердингиз. Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг шахсан эътиборлари, ғамхўрликлари билан соҳага жуда катта эътибор қаратилди. Хабаринглар бор, 14,5 трлн сўм маблағ ажратилди. Биз бу маблағга соҳани анча-мунча модернизация қилиш ишларини амалга ошириб олдик. Тўғри, 100 фоиз таъмирлаб олдик деёлмаймиз. Қилиниши керак бўлган ишларни 100 фоиз деб оладиган бўлсак, бу маблағга 18-20 фоизи қилинди”, – деди Тошхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, ажратилган маблағ ҳисобига ўтган йили республика бўйлаб 100 та подстанция таъмирланган, янгилари қурилган, 11 мингдан ортиқ трансформатор таъмирланган, 34 минг километрлик ҳаво узатиш тармоқлари ётқизилган, бир нечта янги генерациялар ишга туширилган: умумий 2067 MW қувват тармоққа янги қўшилиб, жами қувват 21,7 GW'га етган.
“Лекин барибир соҳада қилиниши керак бўлган ишлар ниҳоятда кўп. Бу дегани нарх ошди ва биз бир зумда истеъмолчиларга сифатли, узлуксиз, барқарор электр энергияси етказиб берамиз дегани эмас. Айтиб ўтганимдек, бир йилда катта маблағ эвазига 18-20 фоиз ишни амалга оширган бўлсак, олдимизда яна камида 3-4 йиллик иш турибди. 3-4 йилдан кейин – 2027-2030 йилларгача насиб қилса электр энергияси етказиб беришда ҳам, табиий газ етказиб беришда ҳам ҳеч қандай муаммолар бўлмайди деб ваъда бера оламиз.
Сабаби тизимдаги корхоналар шу пайтгача жуда катта миқдорда – ҳар йили 14 трлн сўмгача субсидиялаштирилади. Энди агар шу субсидияларга сарфлаб келинган маблағлар соҳани модернизация қилишга йўналтирилса, биз анча-мунча ишни амалга ошириб олишимиз мумкин бўлади. Қолаверса, соҳани субсидиялашга 14 трлн сўм, ўтган йили тармоқни модернизация қилишга 14,5 трлн сўм ажратилди дедик, мана шу ортадиган суммани бошқа соҳаларга – ижтимоий соҳа объектларини қуришга, мактабларга, боғчаларга, поликлиникаларга, тиббиёт муассасаларининг таъминотини яхшилашга сарфлаш мумкин бўлади.
Айтиб ўтганимдек, дарров зўр бўлади деган кафолатни бермайман. Олдимизда 3-4 йиллик узоқ ва оғир, машаққатли меҳнат турибди”, – деди энергетика вазирининг матбуот котиби.
Ҳасан Тошхўжаевга кўра, ўтган куз-қиш мавсумида авариявий ўчишлар сони бир йил олдингига нисбатан 6,5 бараварга камайган.
“Ўтган йили 14,5 трлн сўмга таъмирлаш ишларини амалга оширдик, деб айтдим. Бунинг самарасини назаримда бу йил Тошкент шаҳрида ҳамма сезди, назаримда. Республика миқёсида оладиган бўлсак, 2022-2023 куз-қиш мавсумида 7943 та авариявий ўчишлар бўлган эди. 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумида мана шундай авариявий ўчишлар сони 1259 тага, яъни қарийб 6,5 бараварга қисқарди. Бу – жуда катта гап.
18-20 фоиз атрофида қилинган иш билан шунчалик натижага эришдик. Энди тасаввур қилинглар, мана шу ишлар келгуси 3-4 йилда ҳам агар амалга ошириладиган бўлса, биз ўчишлар ва бошқа ҳолатлар бўйича вазиятни қай даражада яхшилаймиз. Тўғри, бу бир кунда бўладиган иш эмас. Юқорида ҳам айтдим, маълум бир муддат керак. Ўчишлар бўлиб туриши мумкин, лекин олдингидек эмас”, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йил декабрда берган интерюсида Ўзбекистон “келаси йилдан бошлаб электр энергиясига бўлган эҳтиёжини 100 фоиз қоплай оладиган бўлиши”ни айтганди.
Вазирнинг айтишича, 2024 йил охиридан бошлаб энерготизимда локал даражадаги турли авариялар рўй бериб туриши мумкин, лекин электр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари энг юқори истеъмол даврларида ҳам талабни қондира оладиган даражага етади. “Агар бу вазифани бажара олмасак, мен ва тизимдаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз”, деганди Мирзамаҳмудов.
Манба: https://kun.uz/kr/78421240
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати