ДАВЛАТ УЛУШИ БОР КОРХОНАЛАРДА ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ («Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мисолида)
ДАВЛАТ УЛУШИ БОР КОРХОНАЛАРДА ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ («Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мисолида)
20.03.2024
227
uzbekistonmet.uz — Нигора Абдуллаева, Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи
КИРИШ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан корпоратив ва бюджет буюртмачиларида давлат хариди тизимини янада такомиллаштириш ҳамда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, шунингдек, уларнинг жорий ишлаб чиқариш фаолияти узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2021 йил 2 июль санасида “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5171-сон қарори имзоланган эди.
Мазкур қарорнинг “Давлат харидларини амалга ошириш жараёнлари алоҳида тартибда назорат қилинадиган айрим корпоратив ва бюджет буюртмачилари рўйхати” номли 1-сонли илова жадвалининг 13-қаторида «Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти номи қайд этилган.
Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги ПҚ–4249-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган. Акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритади.
Демак, Акциядорлик жамияти давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъект ва унинг асосий вазифаси — магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанциялар орқали генерация жараёнида ҳосил бўлган, бундан ташқари, ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ қўшни республикалар энергетика тизимларидан импорт қилинган электр энергиясини тақсимловчи тармоқларга етказиб бериш (транспортировка) қилишдан иборат. Шунингдек, ташкилот электр энергиясини давлатлараро транзитини ҳам амалга ошириш билан шуғулланади. Бундан ташқари, Акциядорлик жамияти жорий ва мукаммал (капитал) таъмирлаш ишларини амалга оширади, эксплуатация жараёнига хизмат кўрсатувчи ўз персонали ёки ёлланган мутахассисларнинг меҳнат фаолиятига (хизматга) ҳақ тўлаш ҳамда таъмирлаш-тиклаш, ёқилғи-мойлаш ва бошқа турдаги зарур материалларни харид қилади.
Шу билан бирга, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларни ривожлантириш, яъни янги тармоқ ва подстанциялар қуриш, янги генерация лойиҳалари очиқ тақсимлаш қурилмаларидан чиқувчи тармоқларни Ўзбекистон электр энергетика умумтизимига улаш каби муҳим вазифаларни бажаради ва, табиийки, эълон қилинган халқаро тендер танловларига асосан қуриладиган электр тармоқлари учун зарур тайёр ва яримтайёр маҳсулотларни, эҳтиёт қисм ва ёқилғи-мойлаш материалларини харид қилади, турли хизматлар учун махсус қурилиш-монтаж ташкилотлари хизмати учун тўловларни амалга оширади.
Акциядорлик жамияти ҳисоб рақамига кўрсатилган хизмат учун тушган пул маблағлари тўпланиб, унда даромад манбалари ва харажат ҳажми ҳамда йўналиши ўз аксини топади. Давлат харажатларининг ажралмас таркибий қисми сифатида давлат харидлари муҳим аҳамиятга эга ҳамда у Акциядорлик жамиятининг ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Давлат сектори ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш, иқтисодиётни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш, Акциядорлик жамиятида меҳнат фаолияти юритаётган ишчи-ходимларни доимий иш ва даромад билан таъминлаш, шунингдек, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда шу каби бошқа кўплаб йўналишлардаги устувор мақсадларга эришишни таъминлаш учун доимий равишда товар, иш ва хизматлар билан таъминлаб турилиши зарур. Бунда, албатта, давлат харидларига эҳтиёж сезилади.
Давлат унитар корхоналари ва устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг бу борадаги масъулиятини ошириш, мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлиги учун юзага келиши мумкин бўлган фискал хатарларни пасайтириш — кўзланган мақсадларга мувофиқ тарзда олиб борилиши лозим.
Келинг, шу ўринда давлат харидлари нима, деган саволга жавоб топайлик.
Давлат харидлари – бюджет тизими ва шакллантирилган хўжалик бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар, иш ва хизматлар харидларидир. Бошқа сўз билан айтганда, давлат харидлари — товар (иш, хизмат)ларни давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олиш ҳисобланади. Давлат харидларининг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунишда унинг вазифаларига эътибор бериш лозим.
Давлат харидларининг вазифалари давлат бошқаруви фаолияти учун зарур товар, хизмат ҳамда бажариладиган ишлар билан ўз вақтида, керакли миқдорда ва турда, сифатда ҳамда нархда таъминлашдан ташқари рақобатни ривожлантириш учун давлат харидларига кўпроқ тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро андозаларга мос сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга ундашдан иборатдир. Бу вазифаларни амалга ошириш орқали мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳамда ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришларга таъсир кўрсатиш мумкин бўлади. Табиийки, бу жараён хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳар томонлама ҳам фойдали.
Давлат харидлари — бозор элементи ҳисобланиб, унинг ёрдами билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида маблағларни тақсимлаш ва самарадорлигини ошириш содир бўлади. Бу эса давлат харидлари соҳасига эътиборли бўлишни ва уни ривожлантиришни талаб қилади, бунда, албатта, тизимли ёндашув зарур.
Бўш иш ўринлари; Асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари; Ташқи қарз; Мурожаатлар статистикаси; Хизмат сафари ва меҳмонларни қабул қилиш харажатлари; Хизмат автомототранспорт воситалари ҳақидаги ҳар ой ва чоракда, шунингдек, йиллик ҳисоботларда акс этадиган очиқ маълумотлар ичидан Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам жой олган.
Шу ўринда Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий uzbekistonmet.uz веб-сайтида харидларга оид эълон қилинган ҳисоботларга эътибор қаратамиз:
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда 2021 йил учун давлат харидлари тўғрисида маълумот — “2021 йилнинг маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кооперация портали http://cooperation.uz орқали харид қилиш юзасидан расмийлаштирилган шартномаларга кўра 31,33 млрд.сўмлик, exarid.uz орқали 23,34 млрд.сўмлик, жами 54,68 млрд.сўмлик товар ҳамда хизматлар харид қилинди.”
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг 2022 йилнинг 12 ойи давомидаамалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумоти — “2022 йилнинг 12-ойи учун маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кооперация портали орқали харид қилиш юзасидан расмийлаштирилган шартномаларга кўра 14,96 млрд.сўмлик, xarid.uzex.uz орқали 50,26 млрд.сўмлик, xt-xarid.uz – 32,99 млрд.сўмлик,жами 98,21 млрд.сўмлик товар ҳамда хизматлар харид қилинди.”
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2023 йил давомида амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотномаси – ““Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ишлаб чиқарувчи корхоналар тасарруфига кирмаслиги сабали, импорт ва тўғридан-тўғри шарномалар мавжуд эмас. Давлат харидлари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида” 2021 йил 22 апрелдаги ЎРҚ–684-сонли Қонуни талаблари доирасида тўлиқ махсус электрон ахборот порталлари орқали амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, жорий йил — йил давомида электрон махсус ахборот портали орқали жами 1227 та 359,32 млрд.сўмлик ҳаридлар амалга оширилиб, шулардан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида cooperation.uz порталида рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 112,55 млрд. сўмлик, Электрон дўкон 312 та 2,6 млрд.сўмлик, миллий дўкон 28,42 млрд сўм, UZ.RTSB yarmarka.uzex.uz 280 та 18,16 млрд.сўмлик, Энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали 31 та 30,94 млн.сўмлик, тендер савдолари 2265,18 млрд.сўмлик, ва Xt-xarid.uz 415 32 363,5 млн.сўмлик шартномалар тузилган.”
Шу ўринда uzbekistonmet.uz веб-сайтининг “Ташқи қарз” рункига ҳар ой, чорак ва йиллик маълумотлар юкланиб борилаётгани, давлат ташқи қарзи эвазига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг номи ва улар учун хорижий молия ташкилотлари томонидан жалб қилинган маблағларга алоҳида эътибор бериш лозим. Табиийки, ушбу инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида, лойиҳанинг техник-муҳандислик ҳамда молия-смета ҳужжатларига мувофиқ, Акциядорлик жамияти ўз маблағлари ҳисобидан ҳам давлат харидларини амалга оширади ва лойиҳалар пудратчи ташкилотлар томонидан амалга оширилаётганда қурилиш-монтаж жараёнларини бевосита иштирок этади, назоратга олади ва бу иш-хизматларни молиялаштиради.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сўнгги 5 йилда энергетика соҳасига жуда катта эътибор бериб, ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу, албатта, ошиб бораётган истеъмолчилар сони ва уларнинг талабини қондириш учун барқарор энергия таъминоти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардир.
Бунинг натижасида, буюртмачиларга зарур бўлган товарлар, ишлар, хизматларнинг махсус ахборот порталида эълон қилиниши натижасида санаб ўтилган ишлар, хизматларга бўлган таклифлар сони кескин ошади, улар орасидаги рақобатнинг мавжудлиги сабабли, товар, иш, хизматларнинг нархини тушишига олиб келади, сифат талабларига риоя қилиш кўрсаткичи юкласади. Натижада хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур товар, иш, хизматлар учун ажратилган пул маблағлари тежалади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Устави;
2. Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги 684-сонли Қонуни;
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 276-сон қарори;
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги ПҚ–4544-сонли “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори;
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПҚ–4249-сон қарори,
✍️ Нигора Абдуллаева, «Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи
ORGANIZATION OF PUBLIC PROCUREMENT IN STATE-OWNED ENTERPRISES (In the example of the joint-stock company «National Electric Grid of Uzbekistan») —Nigora Abdullaeva, Head of the Compliance Service of the Joint Stock Company «National Electric Grid of Uzbekistan»
ABSTRACT
In this article, the reforms carried out in the field of improving the state procurement system in the example of the energy sector, the electric power network enterprise, the role of this system in the purposeful and rational use of the enterprise's working capital, and some suggestions and comments for the more effective performance of the state procurement system in our country are given, and scientific conclusions and recommendations have been developed.
Key words: energy, public procurement, special information portal, procurement procedure, electronic trade, open data, perfection of documents prepared for electronic trade according to financial and technical requirements.