Янгиликлар
26 февраль куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан келиб тушган 828 та мурожаатнинг барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди
  • 27.02.2024
  • 62

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 26 февраль куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

26 февраль куни электр станциялар орқали 244,6 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 5 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 43,3 млн кубометр табиий газ, 20,7 минг тонна кўмир ҳамда 11,3 минг тонна мазут ёқилди.

Туркманистон Республикасидан 22,2 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

Республика истеъмолчиларига 237,9 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 5 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

Қишнинг совуқ кунларида магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг ошиб бориши туфайли 26 февраль куни ҳам мамлакатимиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 600 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкин.

Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 26 февраль куни ҳам унинг истеъмоли юқорилигича қолди. Кеча мазкур миқдор 156,5 млн кубометрни ташкил қилди.

Табиий газ босимининг ҳали-ҳануз паст эканлиги бу борадаги меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишига тўсқинлик қилмоқда.

17 февраль куни содир бўлган авариядан сўнг магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетганининг оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қатор зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

Кеча мамлакатимиздаги 626 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 4 миллион 53 минг кубометр табиий газ етказиб берилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 26 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 5 минг 49 тонна автобензин етказиб берилди.

Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 8 минг 460 тонна автобензин, 2 минг 940 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 4 минг 366 тонна автобензин, 2 минг 352 тонна дизель ёнилғиси сотилди

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.

Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

Хусусан, кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган 4 та носозлик бартараф қилинди.

Хусусан, кеча соат 11:00 да Самарқанд вилоятида 110 кВ кучланишдаги “Л-Лоиш” электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган. Бунинг оқибатида Оқдарё ва Пастдарғом туманларида истиқомат қилувчи 15 мингта истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 12 дан 45 дақиқа ўтганида носозлик бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг таъминоти қайта тикланган.

Соат 21 дан 17 дақиқа ўтганида Тошкент шаҳрида 35 кВ кучланишдаги “Л-4-Ю” электр узатиш тармоғида носозлик кузатилган. Бунинг оқибатида Чилонзор туманининг 1-, 2- ва 3-мавзеларида истиқомат қилувчи 2 минг 150 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Махсус бригадаларнинг саъй-ҳаракати туфайли 27 февраль куни соат 00 дан 22 дақиқа ўтганида носозлик тўлиқ бартараф қилиниб, истеъмолчилар электр таъминотига қайта уланди.

Таъкидлаш жоизки, қишнинг совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафида меҳнат қилаётган 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

26 февраль куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 828 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 295 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

Энергоресурслардан ҳам тежамкорлик билан фойдаланиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, беҳуда ёнаётган чироқлар, реклама ёриткичлари ҳамда бошқа манбаларни ўчириб юриш орқали электр тармоқларига тушадиган кучланишни камайтиришимиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42334

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>