Янгиликлар
17 февраль куни Бухоро вилоятида юқори кучланишдаги 2 та электр узатиш тармоғида юз берган носозлик тўлиқ бартараф этилди
  • 22.02.2024
  • 77

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 21 февраль куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берамиз.

21 февраль куни барча электр станциялар орқали жами 246,8 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 5 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 41,9 млн кубометр табиий газ, 23,5 минг тонна кўмир ҳамда 12 минг тонна мазут ёқилди.

Туркманистон Республикасидан 20 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

Республика истеъмолчиларига 240,9 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 6 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

Қишнинг совуқ кунларида магистрал газ қувурларида газ босимининг авария оқибатида кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг бир неча маротаба ошиши туфайли 21 февраль куни ҳам республикамиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 500 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкин.

Кеча соат 15 дан 10 дақиқа ўтганида 17 февраль куни Бухоро вилоятида кучли шамол натижасида юқори кучланишдаги 2 та электр узатиш тармоғида юз берган носозлик тўлиқ бартараф этилди.

Қарийб тўрт кун давомида ноқулай об-ҳаво шароитларида мураккаб кечган таъмирлаш-тиклаш ишларида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг 9 та махсус бригада таркибидаги 83 нафар ходими 12 та машина, шунингдек бошқа техника механизмлари билан фаоллик кўрсатишди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, вилоят ички ишлар ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг кўмаги катта бўлди. Махсус штаб тузилиб, иш 24 соатлик режим асосида йўлга қўйилди.

Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 21 февраль куни ҳам унинг истеъмоли аввалги кунлардагидан бирмунча ортиб, 154,6 млн кубометрни ташкил қилди.

Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида магистрал газ қувурларидаги босим меъёрий схемадагидан пастлигича қолмоқда.

Табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашяпти. Бироқ совуқ об-ҳаво туфайли газ босимининг пасайгани меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишини кечиктирмоқда.

Магистрал газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, газ босимининг камайганини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар бугундан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, аввалдан белгиланган режа-график асосида босқичма-босқич олиб ташланмоқда.

Метан заправкалар билан боғлиқ вазият ҳақида кун давомида маҳаллий ҳокимликлар ахборот ресурсларида, шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ва Энергетика вазирлигининг расмий ахборот манбалари орқали хабар қилиб борилади.

Кеча мамлакатимиздаги 407 та метан заправка орқали ижтимоий соҳалар – тиббиёт муассасалари, жамоат транспортлари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 2 миллион 607 минг кубометр табиий газ етказиб берилди.

Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 21 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 4 минг 501 тонна автобензин етказиб берилди.

Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун қўйилган 9 минг 110 тонна автобензиннинг 4 минг 276 тоннаси, 2 минг 100 тонна дизель ёнилғисининг эса 1 минг 308 тоннаси сотилди.

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.

Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

Хусусан, кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган 2 та носозлик бартараф қилинди.

Таъкидлаш жоизки, қишнинг совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафида меҳнат қилаётган 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

21 февраль куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 438 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 283 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

Шу ўринда истеъмолчилардан табиий газ ҳамда электр энергиясидан тежаб-тергаб фойдаланишларини сўраймиз. Унутманг, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, беҳуда ёнаётган чироқлар, реклама ёриткичлари ҳамда бошқа манбаларни ўчириб юриш орқали электр тармоқларига тушадиган кучланишни камайтиришимиз, қолаверса, исрофгарчиликнинг олдини олишимиз мумкин. Зеро, электр энергияси режадагига нисбатан икки баравар кўп ишлаб чиқарилган ва етказиб берилган тақдирда ҳам, агар тежамкорлик бўлмаса, чекловлар киритишга мажбур бўлинаверади.

Шу билан бирга, иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини сўраймиз.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/24961

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati

>