2023 йил охирида Ўзбекистонда газ қазиб олиш қарийб 5 млрд куб метрга камайди. Нефт ва газ конденсати ишлаб чиқариш ҳам қисқарди. Шу билан бирга, кўмир қазиб олиш 15,5 фоизга — 6,2 млн тоннагача
Ўзбекистонда 2023 йилда газ қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 4,97 миллиард куб метрга камайди. Бу «Газета.uz» ўрганган Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши ҳисоботида маълум қилинди.
Ойлик ўртача газ қазиб олиш 3,89 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, 2022 йилда ойига ўртача 4,3 млрд куб метр газ қазиб олин.
Декабрь ойида ишлаб чиқариш 3,95 млрд куб метргача кўтарилган, бу апрель ойидан бери энг юқори кўрсаткич бўлган. Бироқ 2022 йилнинг декабрига (4,35 млрд) нисбатан 9 фоизга ёки 395,1 млн куб метрга камдир.
Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг етишмаслиги Туркманистон ва Россиядан газ импорти ҳисобига қопланган, бу эса Ўзбекистонни газнинг соф импортёрига айлантирган.
Йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 фоизга ёки 3,19 млрд киловатт/соатга ошган — 73,7 млрд киловатт/соатдан 76,9 млрд киловатт/соатга етган. Декабрда 7,27 млрд киловатт/соат (май ойидан бери максимал кўрсаткич) ишлаб чиқарилган. Таққослаш учун: 2022 йилнинг декабрида 1,7 баравар кам (4,3 млрд) энергия ишлаб чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 80−85 фоизи газда ишлайдиган иссиқлик электр стансияларига тўғри келади, бироқ фотоелектр стансияларининг янги қувватларини ишга тушириш билан уларнинг улуши камайиб бормоқда.
Кўмир қазиб олиш ўтган йилги кўрсаткичдан 15,5 фоизга ошиб, ҳажми 6,19 млн тоннага етган. Шу билан бирга, декабрда 456,7 минг тонна кўмир қазиб олинган, бу март ойидан бери энг кам кўрсаткичдир (307,1 минг), лекин 2022 йилнинг декабридаги ҳажмдан (543 минг тонна) кам. Июл-ноябрь ойларида ишлаб чиқариш 600 тоннадан пастга тушмаган.
Нефть қазиб олиш 787,8 минг тоннадан 770,1 минг тоннага (-2,3 фоиз ёки 17,7 минг тонна) камайган. Ишлаб чиқариш ҳам кетма-кет бешинчи ой пасайган — июлдаги 64,7 минг тоннадан декабрда 60,8 минг тоннагача. Бу сўнгги икки йилдаги минимал кўрсаткичдир. Таққослаш учун: 2022 йил декабр ойида нефть қазиб олиш 66,6 минг тоннани ташкил этган.
2023 йилда 1,33 млн тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган, бу 2022 йилга нисбатан 6 фоизга ёки 75,4 минг тоннага кўпдир. Декабр ойида 117,6 минг тонна ушбу ёқилғи ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 15,7 фоизга камдир.
Дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш 26,6 фоизга ёки 212,4 минг тоннага ошиб, 1,01 миллион тоннани ташкил этган.
Иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 8,1 фоизга — 26,5 млн Гкалдан 24,4 млн Гкалга, газ конденсати — 6,9 фоизга ёки 1,29 млн тоннадан 1,2 млн тоннага қисқарган.
Энергетика соҳасидаги муаммоларга қарамай, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, саноат ишлаб чиқаришини 6 фоизга оширишга эришиш мумкин эди.
«Газета.uz» аввалроқ табиий газ бўйича солиқ ставкалари 3, нефть ва газ конденсати учун 2 баравар пасайтирилгани туфайли давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун 538,1 млрд сўм солиқ тушмагани ҳақида ёзганди. Шу билан бирга, газ қазиб олиш 4 фоиз, газ конденсати 2,8 фоизга камайди. Нефть ишлаб чиқариш 1,8 фоизга ошган.
Бироқ фойдали қазилмалар қазиб олувчи компаниялар учун навбатдаги имтиёзни жорий этиш режа қилинмоқда. Келаси 2 йилда металл ва углеводородлар қазиб олишни бошлайдиганлар рента солиғидан умрбод озод этилиши мумкин. Депутат Дониёр Ғаниев бунга қарши чиқса-да, ҳамкасблари нормани барибир қабул қилган.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати