Янгиликлар
uza.uz: Мавсумга тайёргарлик энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлай оладими? (+видео)
  • 06.12.2023
  • 147

Бугун табиий газ ва электр энергиясига бўлган талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Соҳа бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан шу эҳтиёжни қондиришга қаратилган чоралар ҳисобланади.

Шунга қарамасдан, энергетика тизимида мавжуд имкониятлардан фойдаланиш тадбирларини ўз вақтида ташкил этиш ҳам истеъмолчиларга барқарор электр энергиясини етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, бунда тизимни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳар қандай муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлай оладими? 

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ахборот хизмати раҳбарлари Улуғбек Урунов ва Фахриддин Нуралиевга ана шу савол билан мурожаат қилдик.  

– Улуғбек, куни кеча “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонида 2023 йилда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳамда 2023-2024 йил куз-қиш мавсумида тайёргарлик ишлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Демак, тизим мавсумга тайёр ва барча фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш учун захиралар яратилган, шундайми?

– Энергетика тизими, жумладан, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти учун куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масъулиятли давр ҳисобланади. Бу даврда барча ишлар режа асосида амалга оширилади.

Рақамларга аҳамият қаратадиган бўлсак, 2023-2024 йил куз-қиш мавсумида электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 309 та куч трансформатори, 1718 та 110-220-500 кВ кучланишли ўчиргич, 26 та компрессор қурилмаси, 5983 км. узунликдаги 110-220-500 кВ электр узатиш ҳаво тармоқлари таъмирланди. Жамият филиаллари тасарруфидаги юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларини эксплуатация қилиш жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланиш татбиқ этилмоқда. Жумладан, магистраль электр тармоқлари филиаллари 4 дона замонавий тепловизор қурилмаси ёрдамида электр тармоқлари ва электр қурилмаларидаги қизишлар ҳар 2 ойда текширувидан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф қилиб борилмоқда. 

Таъкидлаш мумкинки, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг фаолиятида юқори кучланишли тармоқлар, айрим техник ҳолатларни ҳисобга олмаганда, 2022/2023 йил куз-қиш мавсумида барқарор фаолият юритгани мутахассислар томонидан эътироф этилди. Куз-қиш мавсумида ҳам барқарор фаолият юритиши учун барча куч ва ресурслар сафарбар этилган.

– Кейинги пайтда табиий газ ва электр энергияси мавзуси аҳолимизнинг доимий эътиборидаги мавзуга айланиб қолмоқда. Аслида, сув, уй қурилиш, маҳалла ва бошқа тизимларида ҳам етарлича муаммо бор. Лекин шунга қарамай, табиий газ ва электр энергияси бўйича ижтимоий тармоқларда танқидий фикрларни тез-тез ўқиймиз. Энг қизиғи, таъминотдаги узилишлар ҳал этилмасдан қолмайди. Буни сиз қандай изоҳлайсиз? 

– Танқид ҳар доим керак. Аммо у асосли ва этика меъёрларини бузмаган ҳолда бўлиши, мурожаатлар эса ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда маълум қилиниши лозим. Аммо афсуски, истеъмол маданияти, умуман, мурожаат маданиятида бирёқламалик ҳолатлари ҳам мавжуд.

– Сиз билан электр энергиясини тежаш ва самарадорлигини ошириш борасида бир неча бор суҳбат ташкил қилган эдик. Ҳатто эрталаб Тошкент шаҳрининг бир неча манзилида бўлиб, кўча чироқларини қай вақтда ўчираётганини ўргандик. Орадан бир йил ўтди. Бу масалада кузатувларингиз қандай?

–2019 йилдан буён “Тонгни ёритган чироқлар” номли туркум мақолалар эълон қиламан. Ўтган йилги тонгги кузатувларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги журналистлари ҳам ҳамроҳлик қилгани рост. Ўзгаришлар бор... Кўпгина ташкилот ва идоралар биноси ва ҳовлисини ёритадиган электр чироқларига ёруғлик ва ҳаракатни илғовчи сенсор қурилмалари ўрнатилиб, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги яхши кўрсаткичлар томонга силжимоқда. 

Аммо ҳали ҳам айрим аҳоли хонадонлари, айниқса, кўча юзидаги кичик савдо шохобчаларида аҳвол деярли ўзгармади. Туни билан ёқиб қўйилган чироқни дўкон эгалари “реклама учун керак” деб айтса, хонадонлар ва кўпқаватли биноларнинг зина йўлакларида тонггача бесамар ишлаб турадиган чироқларни ширкат вакиллари ва хонадон соҳиблари “хавфсизлик учун керак, пулини олдиндан тўлаб қўйганимиздан кейин ишлатамизда” дея изоҳлашади. Ваҳоланки, ёруғлик ва ҳаракатни илғовчи сенсор қурилмалари айнан хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам “сергаклик сигнали” бўлиб, самарали иш тартиби бирмунча фойдалироқ.

– Фахриддин, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти энергетика тизимининг истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри ишлайдиган бўғини ҳисобланади. Истеъмолчиларнинг мурожаатлари деймизми, уларнинг таклиф ва муаммоларини ечиш каби муҳим ва масъулиятли вазифа ушбу ташкилот ва унинг тизимидаги корхоналарга юклатилган. Айтингчи, истеъмолчилар билан ишлаш мураккаб эмасми? Ўз навбатида, жамият ва унинг тизимидаги корхоналар фаолиятидан истеъмолчилар қониқаяптими?

– Ҳақиқатан, бугунги кунда электр энергиясини етказиб беришда истеъмолчилардан тушаётган мурожаатлар ва эътирозлар биринчи ўринда ташкилотимизга келиб тушади. Сабаби, айнан мазкур ташкилот тақсимловчи корхона ҳисобланиб, истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беради.

Албатта, кейинги йилларда соҳада жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Паст кучланишли тармоқларни модернизация қилиш, кабель тармоқларини янгилаш бўйича ишлар шулар жумласидан. Афсуски, ҳали модернизация қилинмаган ҳудудларимиз ҳам бор. Айнан шундай муаммолар юзага келса, истеъмолчиларимиз мурожаат қилади. Албатта, аҳолининг эҳтиёжини қондириш ва уларни рози қилиш бугунги кунда мамлакатимизнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Саволингизга келсак, ҳозирги кунда фуқароларимизни тўлиқ рози қилдик, дея олмаймиз. Сабаби, электр энергиясида узилишлар ва авариявий ҳолатлар мавжуд.

– Кейинги пайтда куз-қиш мавсуми энергетиклар учун масъулиятли ва синовли даврга айланяпти. Айниқса, кунларнинг совиб кетиши билан таъминотда узилишлар кузатилади. Бунинг асосий сабаблари юкламанинг ошиши билан боғлиқми ёки ишлаб чиқаришда муаммолар сабаб бўладими?

– Ўринли савол бердингиз. Тармоқда юкламаларнинг ошиши, бу – биринчи сабаб. Иккинчи сабаби шуки, маълум бир ҳудудларда “Обод маҳалла" дастурлари паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича электр тармоқларида олиб борилаётган модернизация жараёнларида вақтинчалик электр энергиясини ўчиришга мажбурмиз. Негаки, ўша пайтда ишчи-ходимларимиз юқори кучланиш остида ишламайди. Мана шундай вазиятларда электр энергияси узилиши мумкин. Яна бир ҳолат шуки, бу – қарздорлик. Чекловлар олиб борилаётганда ҳам узилишлар кузатилади. 

Айни кунларда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда модернизация ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнларда узилишлар ва авариявий ҳолатлар ҳам юзага келмоқда. 

– Сиз фаолият кўрсатаётган ташкилот томонидан бу йил мавсумга ҳам етарлича тараддуд кўрилди. Бу ҳақда яқинда АОКАда ўтказилган брифингда ҳам маълумот бердингиз. Лекин куни кеча Олмазор туманидаги “Сағбон” подстанциясида муаммо юз бериб, яна таъминотда узилишлар кузатилди. Мазкур станцияда бу ҳолат биринчи маротаба эмас, ўтган мавсумда ҳам муаммо вужудга келган эди. Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда?

– “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича жойларда энергетика объектларини жорий йил куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Режага асосан 29,6 минг километр тармоқ ҳамда 10,2 мингта трансформаторлар мукаммал таъмирланган бўлса, 6 554 километр тармоқ ҳамда 1 925 та трансформатор янгиланди.

Жамиятда Марказий штаб ҳамда ҳудудларда вилоят, шаҳар ва туман штаблари ташкил этилди. Айни пайтда соҳа 24 соатлик иш режимига ўтказилди. Ҳудудларда 6 300 дан ортиқ ходимдан иборат 1 429 та туни кун фаолият юритадиган авариявий бригадалари навбатчилиги ташкил этилиб, 1 340 та махсус авто ва техникалар бириктирилган.

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Сағбон” подстанциясида муаммо юз берган вазият ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу ерда модернизация ишлари олиб борилаётгани сабабли катта кучланишли трансформаторни алмаштиряпмиз. Мана шу жараёнда юклама битта трансформаторга тушгани учун авариявий ҳолат вужудга келди. 

Олмазор туманининг баъзи ҳудудларида ва Тошкент вилоятининг Тошкент туманида электр энергияси таъминотида узилишлар бўлди. Тезкор бригада томонидан ушбу ҳолат бартараф этилди ва тармоққа уланди. Шундай ҳолатларда ҳам электр энергияси ўчирилади ва бу ҳақда ахборот ҳам бериб борамиз.

Тошкент шаҳридаги таъминотда узилишлар бевосита модернизация ишлари билан боғлиқ. Мақсадимиз эса режадаги белгиланган ишларни амалга ошириш орқали тизимдаги муаммоларни бартараф этиш ва электр энергиясига бўлган аҳолининг эҳтиёжини барқарор таъминлашдир.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА

 
Манба: https://uza.uz/
 
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>