Янгиликлар
МАТБУОТ АНЖУМАНИ: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 2023 йил январь-октябрь ойларида бажарилган ва йил якунига қадар амалга ошириладиган долзарб вазифалар тўғрисида маълумот
  • 29.11.2023
  • 234

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг асосий фаолиятига электр энергияси транспортировкаси, давлатлараро транзитни амалга ошириш, электр энергиясини экспорт ва импорт қилиш, электр энергиясини ягона харид қилувчи функциясини бажариш, электр энергиясини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотиш каби вазифалар киради.

I. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 2023 йил бошидан белгилаб олинган асосий кўрсаткичларнинг бажарилиши юзасидан амалга оширилган ишлар хусусида

1. Электр энергиясини узатиш (транспортировка)

2023 йил январь-октябрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 58,4 млрд кВт•соат электр энергияси узатилиб, режа 101,6 фоизга бажарилиши таъминланди. Ўсиш суръати 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 112,1 фоизни ташкил этади.

2. Экспорт кўрсаткичининг бажарилиши

2023 йил январь-октябрь ойларида экспорт кўрсаткичлари 70,4 млн доллар миқдорида бажарилди. Жумладан, Афғонистонга 62,8 млн доллар электр энергияси экспорти ва 7,6 млн доллар миқдорида электр энергиясининг транзит хизматлари амалга оширилди.

3. Куз-қиш мавсумида магистрал электр тармоқлари электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича

2023–2024 йил куз-қиш мавсумида электр қурималарининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 309 та куч трансформатори (104 фоиз), 1718 та 110–220–500 кВ кучланишли ўчиргич (режа 110 фоиз), 26 та компрессор қурилмаси (режа 104 фоиз), 5983 км узунликдаги 110–220–500 кВ электр узатиш ҳаво тармоқлари (режа 105 фоиз) таъмирланди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти филиаллари тасарруфидаги юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларини эксплуатация қилиш жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланиш татбиқ этилмоқда. Жумладан, магистрал электр тармоқлари филиаллари 4 дона замонавий тепловизор қурилмаси ёрдамида электр тармоқлари ва электр қурилмаларидаги қизишлар ҳар 2 ойда текширувидан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф қилиб борилмоқда.

Август-октябрь ойлари давомида жами 236 та қизиш ҳолатлари аниқланиб, носозлик аломатлари тўлиқ бартараф этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг эксплуатация ишларини бажариш жараёнида тоғли, узоқ, ноқулай рельефли жойларда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишга ва харид қилишга рухсати асосида замонавий камералар ва тепловизор қурилмаси билан жиҳозланган учувчисиз учиш аппаратини харид қилиш жараёни амалга оширилмоқда.

Бугунги кунгача «Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-тадқиқот институти» давлат унитар корхонаси билан биргаликда тоғли ҳудудлардан ўтувчи 220–500 кВ кучланишли электр тармоқларини дронлар ёрдамида кўрикдан ўтказиш амалга оширилмоқда.

4. Инвестиция дастурлари ижроси бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги ПҚ–459-сонли қарорига асосан 2023 йил давомида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан қиймати 1 346,36 млн долларга тенг бўлган 17 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, 2023 йил якуни билан 157,9 млн доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштириб, 3 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 73,55 млн доллар (71,7 млн доллар режага нисбатан 102,6 фоиз) ўзлаштирилди.

Шундан, халқаро молия институтлари маблағларидан 45,9 млн доллар (44,8 млн доллар режага нисбатан 102,5 фоиз), «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ўз маблағларидан 27,65 млн доллар (26,9 млн доллар режага нисбатан 102,8 фоиз) миқдорида сарф-харажатлар амалга оширилди.

Бугунги кунда 2 та лойиҳа бўйича ишлар тўлиқ якунланиб, объектлар ишга туширилди, жумладан:

• соҳа маблағлари иштирокидаги «Сирдарё вилоятида қуввати
1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида 500 ва 220 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларига улаш» лойиҳаси;

• «Ғузор» ва «Амир Темур» подстанциялари оралиғида 220 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоғини қуриш» лойиҳаси.

5. Модернизация дастури бўйича

2023 йилда электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда янги қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича юқори кучланишли 8 та подстанция қувватини 1277,3 МВАга ошириш белгиланган. Шундан:

• модернизация лойиҳаси бўйича — 1152,3 МВА;

• янги қурилиш бўйича 125 МВА.

Йил бошидан жами 652,3 МВА қўшимча ўтказувчанлик қувват яратилди, жумладан: Фарғона вилояти «Сокин» подстанциясида – 200 МВА, Тошкент шаҳридаги «Юксак» подстанциясида – 75 МВА, Сурхондарё вилояти «Шеробод» подстанциясида – 125 МВА, Қашқадарё вилояти «Қарши» подстанциясида – 2,3 МВА, Тошкент вилояти «Чирчиқ» подстанциясида – 125 МВА, Андижон вилояти «Сарой» подстанциясида – 125 МВАга оширилди.

Андижон вилоятида янги барпо этилган «Сарой» подстанциясининг ишга туширилиши натижасида вилоятнинг Шаҳрихон, Балиқчи, Бўстон ва Улуғнор туманларида электр энергияси таъминоти яхшиланди.

Шунингдек, Акциядорлик жамияти тасарруфидаги энергетика объектларига 665 та янги электр қурилмалар ўрнатилди.

6. Янги қувватларни энерготизимга улаш бўйича

Шу билан бирга, бугунги кунда энерготизимга «Сирдарё вилоятида «Acwa Power» компанияси томонидан қурилган иссиқлик электр станциясининг 1500 МВт қувватидан 500 МВт қуввати энерготизимга уланиши таъминланди.

7. Электр энергиясини узатишда йўқотишларни қисқартириш ва энергия тежамкорлик бўйича

2023 йил январь-октябрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 70,4 млрд кВт•соат  электр энергияси оқиб ўтган (транспортировка қилинган). Бунда магистрал электр тармоқларидаги технологик йўқотиш 1,6 млрд кВт•соат бўлиб, қабул қилинган энергияга нисбатан эса 2,41 фоизни (меъёр 2,88 фоиз) ташкил этиб, 2022 йил шу даврга нисбатан технологик йўқотиш улуши 0,10 фоизга камайишига эришилди.

Электр энергиясини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларнинг бажарилиши натижасида подстанциялардаги ўз эҳтиёжининг истеъмоли 11,2 млн кВт•соат  (режага нисбатан 143,9 фоиз) тежалишига эришилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш мақсадида Жамиятнинг барча маъмурий бино ва иншоотларига умумий қуввати 590 кВт бўлган қуёш панеллари ҳамда умумий сиғими 200 литрли 5 дона қуёш коллекторлари ўрнатилди.

Жорий йилнинг ҳисобот даврида ушбу панеллар ёрдамида ўртача 871,3 минг кВт•соат  электр энергияси ҳосил қилиниб, истеъмолдан ортган 190,3 минг кВт•соат  энергия ҳудудий электр тармоқларига узатилган.

8. Магистрал электр тармоқларини истиқболда ривожлантириш бўйича

«MRC Consultants and Transaction Advisers SL» компанияси (Испания) томонидан «Магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш, электр энергиясини узатиш тизимини ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан интеграциялашнинг узоқ муддатли дастури» ишлаб чиқилди.

Дастур доирасида 2030 йилга қадар Ўзбекистон энергетика тизимидаги қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 ГВтга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, дастур доирасида 2023–2030 йиллар давомида умумий узунлиги 10 400 кмдан зиёдроқ бўлган ва умумий қуввати 37 000 МВАдан кўпроқ бўлган 53 та подстанция қурилиши белгиланган.

II. 2023 йил январь-декабрь ойларида амалга ошириладиган долзарб вазифалар

Биринчидан, магистрал электр тармоқлари орқали 71,0 млрд кВт•соат  электр энергиясининг узатилиши таъминланади. Шунингдек, республикамиз аҳолисини ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Туркманистондан имзоланган шартномага асосан 4,1 млрд кВт•соат  электр энергияси импорт қилиниши таъминланади.

Иккинчидан, инвестиция дастурини бажариш мақсадида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 157,9 млн доллар режага нисбатан 100,3 фоизга ўзлаштирилиши таъминланади. Шунингдек, 1 та лойиҳа бўйича ишлар якунига етказилади, жумладан:

- Жаҳон банки кредит маблағлари иштирокидаги «Магистрал электр тармоқ подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» (1-фаза) лойиҳаси.

Учинчидан, 2030 йилга қадар Ўзбекистон энергетика тизимидаги қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилган. Ушбу қувватларнинг магистрал электр тармоқларига уланишини соддалаштириш ҳамда уларга тенг шарт-шароитлар яратиб берилишини кафолатловчи магистрал электр тармоқлари кодекси (грид код) Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди ва ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида.

Тўртинчидан, «China Gezhouba» (Чина Гжоба) компанияси томонидан Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида умумий қуввати 500 МВт қуёш фотоэлектр станциясини тармоққа улаш мақсадида «Турон» алмашлаб улаш пункти 220 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмасини 3 та ячейкага кенгайтириш ва «Қоровулбозор ФЭС» билан «Турон» алмашлаб улаш пункти боғловчи 33 км узунликдаги 220 кВли электр узатиш тармоғини қуриш ҳамда Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида умумий қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини тармоққа улаш учун 36 км узунликдаги 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоғини қуриш ва «Талимаржон ИЭС» 220 кВли ОТҚни 3 та ячейкага кенгайтириш ишлари якунланади.

Бешинчидан, модернизация-реконструкция дастури доирасида яна 625 МВА қўшимча қувват яратилади, жумладан,

• Андижон вилояти «Хакан» подстанциясида - 125 МВА;

• Андижон вилояти «Лочин» подстанциясида - 300 МВА;

• Қашқадарё вилояти «Қарши»подстанциясида - 200 МВА.

Батафсил маълумотлар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида:

‖ Веб-саҳифа: https://www.uzbekistonmet.uz/

‖ Telegram: http://t.me/uzmetaxborotxizmati

‖ Facebook: https://www.facebook.com/elektrtarmoq

‖ Instagram: https://www.instagram.com/uzbekistonmet.uz

‖ Twitter: https://twitter.com/uzbekistonmet

‖ Odnoklassniki: https://ok.ru/group/61026265792660

‖ Utube: https://utube.uz/ru/users/7208

‖ Youtube https://www.youtube.com/channel/UC6cRpsasTIKnReaCXXqccdg

‖ VIDEODARSLAR VA TEST-SINOV MASHG‘ULOTLARI: https://t.me/+Pz1qHR0W8mYzNmZi

‖ Korrupsiyaga qarshi kurashish: https://t.me/+qCweNscaSEhlNGM6

Elektron pochta: info@uzbekistonmet.uz     

E-xat: uzbekiston_met@exat.uz

☎️ Call centre рақами: +998 (55) 500-5545 

 

* МВА — мегавольт•ампер (тўла қувват)

* кВ — киловольт (кучланиш)

* МВт — мегаватт (қувват)

* ГВт — гигаватт (қувват)

* кВт•соат — киловатт•соат (электр энергияси ўлчов бирлиги)

 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати
 

>