Янгиликлар
«ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛДИ
  • 22.07.2020
  • 2688

   Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги 412-I-сонли Қонунига киритилган ўзгартиришлар Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 1 майда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2020 йил 19 июнда маъқулланган. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев 2020 йил 14 июль санасида ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларниЎРҚ-628-сон билан имзолади, Қонун расман эълон қилинди ва эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

   Эътиборингизни 8-модданинг биринчи қисми: «энергия жиҳатидан самарадор ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)» мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилганига қаратмоқчимиз.

   10-модданинг матни эса қуйидагича таҳрир этилди:

   «Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

   - давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш;

   - иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергиянинг ҳосил қилинишини ва сарфланишини барқарорлаштириш;

   - энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланиши режимларини мақбуллаштириш, унинг ҳисобга олинишини ташкил этиш;

   - энергия жиҳатидан самарадор ва энергияни тежайдиган асбоб-ускуналар ҳамда энергия сарфи миқдори энг кам бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш;

   - энергия ҳосил қилувчи ва энергияни ишлатувчи асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотга доир норматив ҳужжатларга энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия жиҳатидан тежамкорлик кўрсаткичларини киритиш;

   - энергиянинг сифати, ишлаб чиқаришнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги ҳамда маҳсулотга энергия сарфи миқдори устидан давлат текшируви ва назоратини ташкил этиш;

   - корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлиги текширувларини ташкил этиш;

   - маҳсулотнинг, ишлаб турган ва реконструкция қилинаётган объектларнинг, технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергетика экспертизасини ўтказиш;

   - энергетика жиҳатидан самарадор бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия жиҳатидан тежамкорлик намойиш этиладиган зоналарни барпо этиш;

   - энергия жиҳатидан самарадор, энергия жиҳатидан тежамкор ва экологик хавфсиз технологияларни ҳамда ишлаб чиқаришларни ривожлантиришни paғбатлантириш;

   - энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланиши юзасидан статистика кузатувларини ташкил этиш»;

 

 

   Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганда: «энергиядан оқилона фойдаланиш», «энергияни тежаш ва энергия жиҳатидан самарадорликни ошириш»,  «давлат томонидан қўллаб-қувватлашни», «энергия жиҳатидан самарадор», «энергия тежаладиган дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш»,  «энергия жиҳатидан тежамкор техника ҳамда маҳсулот» «қайта тикланувчи энергия манбалари» каби муҳим жумлалар учрайдики, буларнинг барчаси Қонун энергетика соҳасининг ривожи, истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, Ўзбекистоннинг табиий бойликларидан оқилона фойдаланиш — энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги нуқтаи назаридан бирмунча такомиллаштирилган.

 

   Шу билан бирга, Қонуннинг 111-моддасига мувофиқ энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги  ҳисобланади ва унинг зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланиши билан бирга унинг маълум бир ваколатлари ҳам белгилаб берилади:

   - энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида, шу жумладан энергиянинг ишлатилишини камайтириш, энергияни тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларидаги ва ижтимоий соҳадаги қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

   - давлат органларида ва ташкилотларида, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ишлаб чиқариш жараёнларига ҳамда ижтимоий соҳа объектларига энергия жиҳатидан самарадор ва энергияни тежайдиган технологиялар жорий этилишини рағбатлантирувчи ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларни ишлаб чиқади, шунингдек энергия ресурсларидан фойдаланишдаги энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлиги юзасидан мониторингни амалга оширади;

   - иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳа объектларида энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия тежамкорлигини оширишга доир илмий тадқиқот ишларини ташкил этади, инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

   - энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солишни амалга оширади;

   - товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги бўйича тоифаларини аниқлаш қоидаларини белгилайди;

   - бинолар ва иншоотларнинг, шу жумладан кўп квартирали уйларнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги бўйича тоифаларини аниқлаш қоидаларини белгилайди;

   - товарларга (ишларга, хизматларга), бинолар ва иншоотларга, қурилмаларга, шу жумладан кўп квартирали уй-жойларга нисбатан энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлиги талабларини белгилайди;

   - энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ёки мамлакатимизга импорт қилинишини чеклаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

   - фойдаланилаётган энергия ресурсларининг ҳисобини юритади;

   - энергия аудиторлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди, энергия ресурслари истеъмолчилари мажбурий энергетика текширувларидан ўтказилиши ва тегишли тавсияларнинг бажарилиши юзасидан мониторингни, шунингдек энергия сервис компаниялари фаолияти мониторингини амалга оширади;

   - кўп квартирали уй-жой мулкдорларининг умумий фойдаланишдаги мол-мулкка нисбатан энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия жиҳатидан тежамкорликни ошириш юзасидан тадбирлар ўтказади;

   - энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия тежамкорлиги бўйича ҳудудий дастурларга доир талабларни ишлаб чиқади;

   - энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлигини ошириш бўйича ишларни юритишга доир маълумотлар базасини шакллантиради;

   - энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия тежамкорлигини ошириш бўйича ўқув дастурларига доир талабларни ишлаб чиқади;

   - энергетика аудити соҳасидаги мутахассисларнинг ва энергетика хизматларини етказиб берувчиларнинг малакасини ошириш учун тренинглар ташкил этади.

   - энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

   - бинолар ва иншоотларни, шу жумладан кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия жиҳатидан самарадор ва энергия жиҳатидан тежамкор технологиялардан фойдаланишнинг шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқлигини текширади;

   - бинолар ва иншоотларни, шу жумладан кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, қуришда иссиқлик сақловчи қурилиш материалларини, шунингдек конструкцияларни қўллаш ҳамда муқобил энергия манбалари воситаларини, энергияни тежайдиган лампаларни мажбурий ўрнатиш талабларига риоя этилишини назорат қилади, бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиши мустасно;

   - товарлар (ишлар, хизматлар), иншоотлар, бинолар ва қурилмаларнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги нормаларига, шунингдек энергиянинг сифат кўрсаткичларига риоя этилиши устидан текширув ва назоратни амалга оширади;

   - энергетика ресурсларидан самарасиз фойдаланганлиги учун юридик шахсларга нисбатан иқтисодий жазо чораларини қўллайди.

 

 

   Шунингдек, 2-моддага кўра, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминланиши лозимлиги белгиланган.

 

   Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/

 

   Batafsil: http://uzbekistonmet.uz/oz/

 

   Подробно: http://uzbekistonmet.uz/ru/

 

   Details: http://uzbekistonmet.uz/en/

 

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>