Манила, Филиппин (2023 йил 20 сентябрь) — Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) Ўзбекистонга энергия самарадорлиги ва электр энергияси хизматлари ишончлилигини ошириш учун энергия тақсимлаш тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштиришга ёрдам беришга қаратилган 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзни маъқуллади.
“Тақсимлаш тармоғини рақамли трансформация қилиш ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида республика ҳудудларидаги 26 та тақсимловчи подстанциялар рақамли подстанцияларга, жумладан, диспетчер назорати ва маълумотларни йиғиш (SCADA) тизимига модернизация қилинади. Рақамли ҳимоя релеси ва иқлимга чидамли лойиҳа подстанцияларнинг табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳодисалар пайтида ишлаш ишончлилиги ва чидамлилигини оширади, шунингдек, минтақавий электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олади.
— Ўзбекистоннинг эскириб қолган тақсимлаш тармоғини модернизация қилиш мамлакатнинг узоқ муддатли яшил ва кам углеродли стратегияси учун муҳим аҳамиятга эга, — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. — Биз нафақат энергия хизматлари сифатини яхшилаш, балки иссиқхона газлари чиқиндиларининг кўпайишига олиб келадиган электр энергия ёқотишларини камайтириш орқали тоза энергияга ўтишни осонлаштирадиган ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.
Ўзбекистоннинг тақсимлаш тизими 7,6 миллион маиший ва саноат истеъмолчиларига хизмат кўрсатади. Хонадонларни 100% электрлаштиришга эришилганига қарамай, мамлакат асосан 1960 йилларда қурилган эскираётган ва ҳаддан ташқари юкланган инфратузилма туфайли ишончсиз электр таъминотидан азият чекмоқда. Электр таъминотидаги узилишлар ҳозир ҳам давом этмоқда ва улар айниқса қишда, паст ҳароратларда иситиш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёж юқори бўлган вақтда юқори даражада бўлади, бу эса ўз навбатида мактаб ва поликлиникалар каби муҳим ижтимоий хизматларининг фаолият юритиши мураккаблаштиришига олиб келмоқда.
Ўзбекистонда энергияга бўлган талаб 2019 йилдаги 67 тераватт-соатдан 2030 йилда 120,8 тераватт-соатгача ошиши кутилмоқда. Ҳукумат 2030 йилга қадар мавжуд 12,9 ГВт қувватга қўшимча равишда 17 гигаватт (ГВт) миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини қуришни, жумладан, 8 ГВт қувватга эга қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.
— Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга мамлакатнинг ортиб бораётган талабини қондириш учун зарур бўлган қўшимча энергияни ишончли етказиб бериш имконини беради, — деди ОТБнинг Энергетика бўйича бош мутахассиси Сун Дак Ким. — Шунингдек, етказиш ва тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш, ақлли ва мослашувчан тизимлар қуёш ва шамол каби қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўзгарувчанлигини яхшироқ бошқариш имконини беришини ҳисобга олсак, мамлакатга қайта тикланадиган энергияни тармоққа кўпроқ интеграция қилиш имконини беради.
ОТБ лойиҳаси, шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (ҲЭТ) давлат тақсимлаш компаниясининг молиявий бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҲЭТ да гендер тамойилларини жорий этишни институтциялаштиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, ҲЭТ ва Тошкент давлат техника университети ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида талаба қизларни ўқитиш орқали аёллар ва қизларнинг энергетика соҳасида иштирокини рағбатлантириш мақсадида, 250.000 АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам гранти тақдим этилади.
Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) қисман ОТБ томонидан бошқариладиган 70 миллион евро (тахминан 75 миллион АҚШ доллари) миқдорида қўшма молиялаштиришни тақдим этади.
Маълумот учун: ушбу қарз 25 йил муддатга берилади, шундан 5 йиллик муддати имтиёзли ҳисобланади. Лойиҳа 2023 йил октябрь ойидан 2028 йилнинг март ойига қадар амалга оширилади.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар банк томонидан мамлакатга 10,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарзлар, грантлар ва техник кўмак тақдим қилинган.
Манба: ОТБ
https://minenergy.uz/uz/news/view/3256
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати