Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКА ТИЗИМИГА ТАТБИҚ ЭТИЛАЁТГАН РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР: ПЕТЕРБУРГ ЭНЕРГЕТИКА МАЛАКА ОШИРИШ ИНСТИТУТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА МАСОФАВИЙ ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
  • 07.07.2020
  • 1041

   Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритаётган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналардан тақсимловчи ҳудудий корхоналарга транспортировка қилиш, юқори кучланишли ҳаво тармоқлари ва подстанцияларга хизмат кўрсатиш (қурилиш-монтаж ишлари, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш), электр энергияси умумтизимида барқарорликни таъминлаш, шу билан бирга, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланади.

   Айни пайтда Жамият таркибидаги марказий бошқарув аппарати ва ҳудудий филиалларда 4700 нафар мутахассис ходимлар меҳнат фаолияти олиб бормоқда.

   Ўз-ўзидан маълумки, бундай масъулиятли ва мураккаб техник-муҳандислик амалиёти билан шуғулланувчи мутахассис-ходимларнинг малакасини ошириш, уларни соҳага тааллуқли, дунё тажрибасида қўлланилаётган янгиликлардан бохабар этиб бориш, умуман, энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, татбиқ этилаётган янгиликлар билан ҳамнафасликда хизмат қилишини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади.

   Шу боис, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмуриятининг ташаббуси билан юқори кучланишли подстанция ва ҳаво тармоқларида хизмат қилаётган ўрта бўғин раҳбарлар малакасини хориж мамлакаларида ошириш 2020 йилнинг иккинчи чорагига мўлжалланган эди. Сўнгра юртимизга кириб келган коронавирус пандемияси туфайли режалар бироз ортга сурилди. Режа маълум муддатга сурилган бўлса-да, Ходимлар билан ишлаш бошқармасининг ташаббуси билан масалага янгича ёндашув ва ечим топилди.

   2020  йил 10 июндаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ мутахассис ходимларининг малакасини ошириш учун энергетика соҳасида халқаро илғор технологиялар билан таништириш ҳамда замонавий иш усулларини ўқитиш тўғрисида 6.1-сонли бошқарув баёни тасдиқланди. Унга кўра, Россия Федерацияси Петербург энергетика малака ошириш институтининг қўшимча касбий таълим федерал давлат автоном ўқув муассасаси, яъни Федеральное государственное автономное образовательное учреждение дополнительного профессионального образования «Петербургский энергетический институт повышения квалификации» (ФГАОУ ДПО «ПЭИПК»)  билан ҳамкорликда музокаралар олиб борилди.

   Музокаралар натижасида ҳозирги пандемия шароитида масофадан мулоқот қилиш орқали ўқув машғулотларини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди ва ўқув семинар дарслари видеоконференция шаклида ташкил этилди.

   2020 йил 6 июль санасидан бошлаб юқори кучланишли подстанцияларда меҳнат фаолияти юритаётган оператив ходимлардан иборат 15 нафар мутахассислар учун малака ошириш машғулотлари бошланди.

   Шуни алоҳида айтиш керакки, Петербург энергетика малака ошириш институтининг ўқитувчи-профессорлари С.Е.Герасимов, А.М.Алтухов ва Н.Л.Гавриловалар билан ҳамкорликда тузилган дарс жадвалининг салмоқли қисми энергетика тизимига татбиқ этилаётган рақамли технологиялар йўналишига бағишланган. Жумладан,

  • электр энергетика соҳасининг ҳозирги ҳолати ва ривожи — «ақилли тармоқ» дастурлари;
  • реактив қувват, технологик сарфлар ва энергия таъминоти тизимдаги йўқотишлар;
  • рақамли подстанциялар, замонавий технологиялар, электр таъминоти тизимда барқарорлик шартлари;
  • электр таъминоти тизимида оператив бошқарувни ташкил этишнинг замонавий усуллари;
  • тизимда носозликларни барараф этиш, мажбурий ҳолатлардаги узилишлар;
  • тармоққа қайта улаш жараёнига замонавий нигоҳ, тизимда авариявий ҳолатларга сабаб бўлувчи дастлабки сабабларни бартараф этиш чоралари;
  • полимерли изолациялаш, юқори кучланишли электр қурилмаларининг элегазли жиҳозлари;
  • эксплуатацияни тўғри ташкил этиш ва мониторинг юритиш;
  • юқори кучланишли электр қурилмаларининг мойли жиҳозлари;
  • трансформаторларга техник хизмат кўрсатиш шартлари

ва бошқа мавзулар қамраб олинган.

   Ўқув машғулотлари жараёнида мувофиқлаштирувчи вакил сифатида Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари иштирок этмоқда. Тингловчиларнинг дарс машғуотларини ўзлаштириш даражаси, умуман малака оширишга йўналтирилган ўқув жараёни ҳисоботлари «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари — Жамият бош муҳандиси.Б.Элмуродовга ҳисобот ўрнида маълум қилиб борилмоқда.

   Эслатиб ўтамиз: Петербург энергетика малака ошириш институти билан ҳамкорлик ҳамда Жамиятнинг ҳудудий филиаллардан ташриф буюрган тингловчи — мутахассис-ходимларга лозим шароитлар яратиш «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг буйруғига биноан Жамият ҳисобидан қопланади. Ўқув машғулотлари карантин қоидаларига мувофиқ тарзда ўтказилмоқда.

   Дарс машғулотлари якунида тингловчилар петербурглик мураббийларга ўзлари тайёрлаган тақдимотлари орқали шартли имтиҳон топширишади ва унинг натижаларига кўра машғулотларнинг самарадорлиги аниқланади.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>