Сирдарёлик Равшан Хўжанов узоқ йиллардан бери энергетика соҳасида фаолият юритади. У 2007 йилдан бери Германияда яшаб келмоқда. Мутахассис қандай қилиб Германияга бориб қолгани, у ердаги ҳаёти, Ўзбекистонга қайтиб, Молия вазирлигида маълум муддат ишлагани, мамлакатда энергетиканинг келажагини қандай кўриши ҳақида Kun.uz’га гапириб берди.
Энергетика соҳасига қизиқиши ҳақида
— Собиқ иттифоқ даврида қурилган Марказий Осиёдаги энг катта электростанция бизнинг шаҳримиз (Ширин)да эди. 1972 йилда қурилган, қуввати тахминан 3 минг мегаватт. Отам ўша станцияда ишларди. Ўзим бу соҳага кириб келишим 1995 йилда Тошкентга келишимдан бошланган. Тошкент давлат техника университетининг энергетика факультетида электростанциялар йўналиши бўйича бакалавриатни битирганман. Кейин 2 йил энергетика менежменти йўналишида ҳам ўқиганман. Шундан сўнг Ширин шаҳридаги касб-ҳунар коллежида бош муҳандис-педагог ва махсус фан ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаганман.
Ўша пайтда Ўзбекистон ва Германия ўртасида касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларининг малакасини ошириш лойиҳаси бўлган. 2003 йилда немис тилини ўрганиб, 2004 йилда 6 ойга малака ошириш учун Германияга борганмиз. Германиядаги илм-фанга бўлган эътиборни кўриб шу ерда ишлашни мақсад қилиб, 2007 йилда Германия академик алмашинув дастури доирасида 10 ойлик қисқа муддатли стипендия ютиб олганман ва оилам билан кўчиб келганман.
Бу ерда Амалий техника университетида ИЭСларини модернизация қилиш ва унга муқобил энергияни татбиқ этиш бўйича лойиҳалар қилиб, асосан, Германиянинг фондлари орқали маблағ олиб, лойиҳаларни Ўзбекистонга йўналтирганмиз.
Германияда қандай қилиб қолиб кетгани ҳақида
— 10 ойлик дастур тугагач, у ерда германиялик олимлар ҳамда муҳандислар билан ИЭСларда ёқилғини тежаш учун қуёш электростанцияларидан фойдаланиш бўйича фикрлашганмиз. Шунда биз “Volkswagen” компанияси, Германия таълим вазирликларига лойиҳалар топшириб, грант ютганмиз. Шундай лойиҳалар асосида ўзбек ва немис олимлари биргаликда ишлаганмиз. 2010 йилда биргаликдаги биринчи грантимиз “Volkswagen” томонидан берилган, кейинчалик “Александр Ҳумболдт” грантини ҳам ютганмиз. Кетма-кет лойиҳалар уланиб кетавергач, Германияда қолиш муддатим узайган.
Лойиҳаларимизга маблағ олганимиздан кейин 2011 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги турли лойиҳаларда раҳбар бўлиб ишлаганман. 2016 йилда янги ҳукумат келгач, хориждаги ўзбекистонлик мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш бошланди. Мен ҳам шу асосида 2019-2022 йиллар давомида Ўзбекистон Молия вазирлигида давлат энергетик корхоналари бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаганман.
Молия вазирлигидан кетиб, яна Германияга қайтгани ҳақида
— 2019-2022 йилнинг охиригача Ўзбекистонга бир ўзим бориб ишладим, оилам Германияда қолганди. Олдин бир йил ўзим яшаб кўриб, яшаш шароитлари, ойлик даромадларини ҳисоблаб, тўғри келса, оиламни олиб бораман, дегандим. 2020 йилда пандемия бўлиб, у тахминан 2 йилга чўзилиб кетди. 2022 йилда оиламни Ўзбекистонга олиб бордим.
Ўзбекистонда немис мактаби йўқ бўлгани учун фарзандларимни ўзбек мактабига бердим. Ҳамма немис мактаби борлигини айтганди, менимча, эса ундай мактаб йўқ. Фақат немис тилига ихтисослаштирилган ўзбек мактаби мавжуд. Немис мактаби дейилганда физика, математика, ботаника, кимё, биология фанлари шу тилда ўтилиши тушунилади. Фарзандларим ўзбек тили мактабида тушуниши қийин бўлгани учун ўқий олишмади. Кейин мана шундай сабаблар туфайли ўтган йили Германияга қайтишга мажбур бўлдик. Барибир фарзандларим шу жамиятда туғилиб ўсяпти.
Оилавий сабабларга кўра, Германияда яшаб, фаолиятимни олиб бормоқдаман. Лекин бу давлатда ишласам ҳам Ўзбекистонга ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида Германия ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида турли музокаралар олиб бориб, уларнинг Ўзбекистонга сармоя олиб кириши учун ҳаракат қиляпман.
Ўзбекистондаги энергетика соҳасига баҳо
— Ўзбекистон энергетикасини Германиядаги билан солиштирсак, катта ижобий силжишлар ҳам, ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Агар тартиб билан ўз ўрнида қилинса, бу нарса ҳам ўз йўлини топиб кетади. Мисол учун, Ўзбекистонда электр энергияси таннархи жуда арзон — 3 цент. Германияда бу нарх ҳозир 50 центга чиқди. Германияда маошлар анча юқорилигини айтишади, лекин шундай бўлса ҳам ойлик билан электр токи нархининг ўртасидаги фарқ 10 баробар эмас. Шунинг учун бу ҳолатга шаффоф қараш керак деб ҳисоблайман.
Бизда ҳам электр энергиянинг нархини маълум миқдорда кўтаришса, соҳага инвесторлар кириши ортади, аҳоли уйининг томига қуёш панелларини ўрнатиб, давлатга сотиши ҳам мумкин. Фақат битта муаммо бўлиши мумкин, лекин унинг ҳам ечими мавжуд. Яъни кам таъминланган аҳоли қатлами нима қилиши мумкин?
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг таннархи сотилаётганидан қиммат бўлади. Фараз қилайлик, 1 киловатт электр токининг нархи 450 сўм. Лекин биз аҳолига уни 300 сўм қилиб сотаётган бўлсак, 150 сўмини Молия вазирлиги субсидия қилади. Шунинг учун ҳар бир станция, энергетика сектори ўзи ишлаб чиқараётган ресурснинг таннархини ўзининг фойдаси билан сотадиган бўлса, биз тарифни оширимизга тўғри келади.
Аммо бу жараёнда кам таъминланганларни ҳимоя қилиш зарур бўлади. Германияда бу нарса яхши йўлга қўйилган. Бу ерда электр энергия учун субсидия, компенсация дейилмайди. Бир оиланинг умумий даромади ва чиқими ҳисобланиб, чиқимга тўғрилаб давлат етмайдиган маблағни қоплаб беради. Германияда бир йилда 3,1 трлн евро ижтимоий ҳимояга сарфлайди. Биздаям йўлга қўйса бўлади. Электр энергиянинг нархи оширилса, қўрқиш керак эмас. Бунда бойлар кўпроқ тўлаши, кам таъминланганларни давлат ҳимояга олиши керак бўлади. Кам таъминланганларни ҳимоя қилиш бизнес бўлиши керак эмас. Масалан, кам таъминланганларга ҳозирги нарх бўлса. Тарифларда 200 киловаттдан кейин оширилган нарх бўлса, одамлар тежашга ҳаракат қилади.
Германияда ҳамма нарса: электр энергия ҳам, бошқаси ҳам хусусий. Мисол учун, 2007 йилда Германияда иккинчи марта иш фаолиятимни бошлаган бўлсам, профессоримдан газ, ерости бойликлари йўқ бўлишига қарамай, бу мамлакатда нима сабаб чироқ ўчмаслигини сўрагандим. Шунда у: “биз ақлимиз билан ишлаб, янги технологияларни сотамиз”,– деган эди. Ҳақиқатан ҳам Германияда чироқ ҳеч қачон ўчмайди, чунки бу хусусий. Агар ўчиб қолса, [чироқ] эгасини жаримага тортишимиз мумкин. Ўчиб қолган “свет” эвазига пул беради, музлатгичда бирор нарса эриб кетса ёки сифати бузилса, музлатгич ишламай қолса ҳам унинг ўрнини қоплаб беради.
Тўлиқ интервьюни юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчилар Мирвоҳид Мирраҳимов, Шоҳруз Абдурайимов,
Монтаж устаси Шоҳруз Абдурайимов.
Манба: https://kun.uz/news/2023/07/16/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати