ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
daryo.uz — “Бу бўрини итга талаттиришдек гап” — иқлимшунос жазирама ёзда электр тармоқларини таъмирлаш нотўғрилиги ҳақида
  • 13.07.2023
  • 125

Фото: “Дарё”

Энерготизмда таъмирлаш ишларини жазирама ёзда эмас, балки апрель ва октябр ойларида тартибли, кенг миқёсда амалга ошириш вазиятни юмшатади. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Telegram–каналида фикрларини баён қилди.

Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, жойларда +40 даража ва ундан юқори иссиқ ҳарорат кузатилаётгани биринчи галда энерготизимга юкламаларни оширди.

“Таъмирлаш ишларига анчайин муҳтож энерготизим ўтмишда бунданда кўп иссиқликларни бошидан ўтказган. Афсуски, олдинлари кузатилмаган манзара, пойтахтнинг ўзида ҳам кўплаб туманларда тармоқлар юқори юкламани кўтара олмай ишдан чиқа бошлаяпти.

Энерготизмда таъмирлаш ишлари жазирама ёзда ўтказилмайди. Бу —“бўрини итга талаттиришдек” бир гап. Тизим ўзининг тармоқларида таъмирлаш ишларини ҳар йили мавсумнинг апрель ва октябрь ойларида тартибли, кенг миқёсда амалга ошириши вазиятни юмшатади. Шунда тизим ёзнинг иссиқ кунлари ҳам, қишнинг совуқ кунларида ҳам муаммолар гирдобига тушмайди. Чунки юқоридаги даврларда тармоқдан асосий токни тортувчи аҳоли қатлами ташқи ҳароратнинг биоиқлимий шароит нуқтаи назардан комфорт экани ҳисобига кўп электр энергия “истеъмол” қилмайди”, — дея фикр билдирган мутахассис.

Эркин Абдулаҳатовнинг қўшимча қилишича, барқарор электр энергияси бўлмаса, ҳеч бир соҳа ривожланмайди.

“Барқарор электр энергияларисиз, тинимсиз электр генерацияларни кўпайтирмасдан туриб, Ўзбекистон минтақада на қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат хавфсизлигини барқарорлаштиради, на сув танқислик муаммоларига ечим топади, на экологик муаммоларни юмшатади, на иқтисодий ривожланиб кета олади ва на иқлим ўзгариш хавфларини камайтира олади. Ҳаммаси барқарор электр энергия генерациялар ва юқори ток ишлаб чиқаришга боғлиқ бўлиб тураверади”, — деб ёзган иқлимшунос.

Шу кунларда республиканинг кўплаб ҳудудларида электр энергиясида узилишлар кузатилмоқда. Бунга тармоқларни таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Хусусан, 13 июлга ўтар кечаси соат 00:00 дан 08:00 га қадар Тошкент шаҳрининг учта туманида таъмирлаш ишлари туфайли электр таъминоти вақтинча тўхтатилади.

Манба: https://daryo.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>