ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Бу йил электр таъминотида муаммо бўлмайдими?
  • 18.07.2023
  • 137

Саволнинг жавоби фақат таъминотчиларга эмас, истеъмолчиларга ҳам боғлиқлиги “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд филиалида ўтказилган матбуот анжуманида қайта-қайта таъкидланди.

Одатда, хизмат кўрсатиш тизими масъуллари билан ўтказиладиган учрашувларда савол кўп бўлади. Чунки, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам истеъмолчи, қайсидир хизматлардан, дейлик коммунал хизматлардан ҳар куни фойдаланади, бунга эҳтиёж сезади. Қолаверса, иш фаолиятимизда, жойларда аҳоли билан учрашувларимизда одамлар шу соҳалар билан боғлиқ кўплаб масалаларда мурожаат қилишади. Арз ва шикоятлар ҳам кам эмас.

Самарқанд вилояти “электр”чилари билан бу галги мулоқот ҳам журналист ва блогерлар кўрган, гувоҳ бўлган ҳолатларга жавоб топишга интилиш, ўз навбатида масъулларнинг ҳам истеъмолчиларга айтадиган гаплари кўплиги билан аҳамиятли бўлди.

Дастлаб, филиал директори Умид Назаров, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд бўлими раҳбари Маҳмуд Пардаев, филиал бош муҳандиси Фарҳод Салоҳиддинов йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Таъкидланишича, бугунги кунда вилоятда 913 мингдан ортиқ электр энергияси, жумладан, 867 минг нафар аҳоли истеъмолчилари бор. Уларга 142 нимстанция, 1389 фидер, 12256 трансформатор пункти, 28 минг километр ҳаво, 1089 километр кабел электр тармоқлари орқали электр энергияси етказиб берилади.

Йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйича 83,3 километр тармоқ ва 9 трансформатор мукаммал, 745 километр тармоқ ва 129 трансформатор жорий таъмирланди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида 35/10 кВ.ли “Намозгоҳ”, 110/10 кВ.ли “Мотрид” нимстанцияси қурилди. Шаҳарда электр таъминотини яхшилаш мақсадида “Афросиёб”, “Чинор”, “Шердор”, “Амон”, “Регистон” ва “Шарқий” нимстанциялари тўлиқ реконструкция қилинди. Янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуасини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун янги нимстанция қурилди. Нуробод туманида ҳам 110/10 кВ.ли янги – “Сазағон” нимстанцияси ташкил этилди.
Шунингдек, Самарқанд, Иштихон, Пайариқ, Тойлоқ, Ургут, Қўшработ, Нуробод туманларида 11 юқори кучланишли подстанцияларда юкламада ишлаётган трансформаторлар катта қувватлиларига алмаштирилди. Натижада 185,8 мегаватт қўшимча қувват захираси яратилди.

– Бу тизимда мавжуд муаммолар тўлиқ ечим топди, дегани эмас – деди Умид Назаров. – Чунки, бугунги кунда вилоятимиздаги 1145 километр 35-110 кВ.ли, 9848 километр 0,4-6-10 кВ.ли электр узатиш тармоқлари, нимстанцияларда 97 куч трансформатор,4183 трансформатор пункти қирқ йилдан ортиқ ишлаган, маънан ва жисмонан эскирган. 1000 дан зиёд симёғочдан эллик йилдан буён фойдаланилмоқда ва уларни ҳам алмаштириш зарур. Бу бир-икки йилда бажариладиган, фақат бизга боғлиқ иш эмас. Давлат ва маҳаллий бюджет харажатларининг салмоқли қисмини эгаллайди бу ишлар. Шунинг учун тегишли дастурлар асосида, босқичма-босқич бажарилади. Кўпчилик таъминотдаги узилишлар ва нуқсонлар бўлса, бизни айблайди. Ваҳоланки, электр энергиясидан фойдаланишда истеъмолчилик маданиятини ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Тармоққа ноқонуний уланиш, трансформатордан белгиланганидан кўп истеъмолчининг фойдаланиши, эскирган электр энергияси ускуналаридаги йўқотишлар ва яна кўплаб омиллар узилиш ва чекловларга сабаб бўлмоқда. Яна бир масала – инспекторлар фаолияти. Улар орасида ҳам айрим нопок кимсаларнинг борлиги аҳолига электр таъминоти корхоналарига нисбатан бошқача фикр шаклланишига сабаб бўлмоқда. Мен яқинда иш бошлаган раҳбар сифатида аввало тизимда тартиб-интизомни таъминлаш, ходимлар масъулияти ва шахсий жавобгарлигини оширишга эътибор қаратяпман. Агар ҳар биримиз зиммамизга юклатилган вазифа масъулиятини англаб ишласак, таъминотчи ва истеъмолчи ўз мажбуриятини вақтида бажарса кўп муаммоларга ечим топилади.
Матбуот анжумани давомида икки томонда ҳам айтиладиган фикрлар, саволлар кўп бўлди ва уларга имкон қадар жавоб берилди. Якунда оммавий ахборот воситалари ва электр таъминоти корхоналари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоатчилик назорати имкониятларидан самарали фойдаланишга келишиб олинди.

☑️ @Energetika

Манба: https://t.me/Energetika/5874

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>