ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Статистика агентлиги газ экспорти ҳақида батафсил маълумот берилмаслигини изоҳлади
  • 05.07.2023
  • 137

Статистика агентлиги расмийси ташқи савдо бўйича эълон қилиб бориладиган статистик ҳисоботлар жуда юзаки экани ҳақидаги саволга жавобан, товарлар кесимида экспорт-импорт маълумотлари базаси жуда катта бўлгани учун улар БМТнинг тегишли порталига жойлаб борилишини айтди. Шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича маълумотлар базаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

Фото: РИА Новости

Ўзбекистон жамоатчилиги мамлакатнинг газ экспортига оид айрим статистик маълумотларни олиш учун Хитой расмий манбаларига мурожаат қилмоқда. Чунки Ўзбекистоннинг ўзида бу ҳақда жуда умумий ва кам маълумот берилади.

4 июл куни АОКАда Статистика агентлиги масъуллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Kun.uz мухбири нега газ ёки электр энергияси экспорти ёки импорти бўйича фақатгина умумий рақамлар бериб борилиши, кимга қанча миқдорда ва қандай нархларда газ сотилгани каби маълумотлар очиқланмаслигини сўради.

Агентлик бошқарма бошлиғи Ботир Эргашевнинг айтишича, экспорт ва импорт товарлар кесимида маълумотлар базаси йирик бўлгани учун маълумотлар БМТнинг Comtrade сайтига жойлаб борилади.

“Сайтда ҳамма йиллар ва ойлар кесимида маълумотлар ўз аксини топади. Товарлар структураси 13 мингдан зиёд, маълумотлар базаси жуда йирик бўлгани учун биз БМТнинг Cоmtrade товарлар базасига маълумотларни жойлаймиз”, – деди у.

Унинг қўшимча қилишича, ташқи савдо операциялари бўйича маълумотлар базаси ишлаб чиқиляпти.

“Унда қайси товар қайси давлатга қанча миқдорда экспорт ёки импорт қилинганига оид маълумотлар даврийлигига қараб акс этади. Бу жуда катта база бўлади. Ўтган йили халқаро экспертлар келиб, бу масала муҳокама қилинган”, – деди у.

Эътиборлиси, UN Comtrade порталида Хитойга газ экспорти ҳақида Ўзбекистон томони киритган маълумотларни 2023 йил бўйича қидирув бериш айни пайтда натижа бермайди.

Бу борадаги 2022 йилги маълумотлар ҳам ойлар кесимида киритилмаган. Фақатгина бутун 2022 йил давомида Ўзбекистон Хитойга 848 млн долларлик табиий газ экспорт қилганини кўриш мумкин. Статистика агентлиги ҳисоботида 2022 йил давомида Ўзбекистон хорижга жами 910,9 млн долларлик табиий ёки сунъий газ экспорт қилгани, бу 2021 йилга нисбатан 25,4 фоизга кўплиги кўрсатилган.

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>