ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ishonch.uz — Мулоҳаза: ҳар мавсумда шу бўлар такрор… Ҳосилдан бўшаган далаларга ўт қўйиш қачон барҳам топади?
  • 22.06.2023
  • 168

Ҳосилдан бўшаган далаларга ўт қўйиш қачон барҳам топади? Ваҳоланки, ҳар йили ҳали буғдой ўрими бошланмасдан аввал экология мутасаддилари сомони йиғиштириб олинадиган экин майдонларига ўт қўймаслик ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб боришади. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ҳеч кимнинг ҳеч нимадан хабари йўқдай далаларга яна ўт қўйилаверади.

Мана яна бир мисол: Андижон вилояти Избоскан туманидаги Қўшкўприк қишлоғида навбатдаги шундай ўт қўйишдан кейин фавқулодда вазиятлар ҳамда экология ходимлари саъй-ҳаракатлари билан ёнғин ўчирилган.

Афсуски, бу каби ҳолатлар бармоқ букиб санайдиган ҳолатда эмас. Шу кунларда деярли ҳар бир буғдойдан бўшаган далаларда кузатилмоқда.

Аслида жазирама иссиқ забтига олган бир пайтда бундай ачинарли ҳолатга йўл қўйиш билан ўзимиз сузиб кетаётган кемани ўзимиз чўктираётгандай бўлмаяпмизми?

Ер унумдорлигига зарар етказишга, ҳаво ифлосланишига ва ёнғин келтириб чиқаришига сабаб бўладиган бундай ҳолатларга чек қўйиш пайти келмадими?

Инсофни, аввало, ҳамманинг ўзига берсин, деймиз-у, аммо мазкур ҳолатларнинг такрор ва такрор кузатилаётганини кўриб, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, хусусан, айбдорларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш фурсати келмадимикан, деган фикрга борамиз.

Зеро бу замин, мусаффо ҳаво барчамизники, элнинг ризқидир. Эл ­тинчлигига дахл қилганлар учун эса жазо қатъий бўлиши керак.

Шундай эмасми? Сиз нима дейсиз?

 

Манба: https://ishonch.uz/archives/14898

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>