Янгиликлар
ONLINE РЕЖИМИДАГИ ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ: «ЭЛЕКТР УСКУНАЛАРИ ЭКСПЛУАТАЦИЯСИ»
  • 21.06.2020
  • 1238

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маъмуриятининг қарорига мувофиқ ҳафтанинг шанба кунларида online режимидаги ўқув машғулотлари ўтказиш белгиланди. Машғулот дарсларидан кўзланган мақсад аниқ — магистрал электр тармоқлари филиалларида меҳнат фаолияти олиб бораётган маъмурий-техник ходимларининг назарий ҳамда амалий билимларини оширишдан иборат.

   2020 йил 20 июнь куни видеомулоқот шаклидаги дастлабки ўқув машғулотлари «Электр ускуналари эксплуатацияси» мавзусида ўтказилиб, унда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Ш.С.Кулибаев маъруза ўқиди. Ўқув машғулотларининг биринчи дарсида Фарғона водийсида жойлашган магистрал электр тармоқлари филиалларининг маъмурий техник ходимлари иштирок этишди.

   Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, беш кунлик иш тартибида ишлайдиган Жамият ходимлари дам олиш кунининг илк соатларини ўз билим-тажрибаларини оширишга бағишлашди. Масофавий таълим жараёнига, шунингдек, подстанцияларда навбатчи иш тартибида хизмат вазифасини олиб бораётган айрим мутахассислар ҳам қўшилишди.

   Бошқарма бошлиғи Ш.С.Кулибаевнинг маърузасидан сўнг иштирокчилар ўртасида интерфаол усулда савол-жавоблар бўлиб ўтди. Маърузачи хизмат сафарида ўзи шахсан гувоҳ бўлган ва фотофакт сифатида суратга олган айрим техник-муҳандислик жараёнларини акс эттирувчи ҳолатларни кўрсатиб, машғулот иштирокчиларини қизғин танқидий-таҳлилий муҳокамаларга чорлади.

   Эслатиб ўтамиз, магистрал электр тармоқлари филиалларида хизмат қилаётган маъмурий-техник ходимларининг назарий ҳамда амалий билимларини оширишга қаратилган машғулотлар «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари — Жамият бош муҳандиси Х.Б.Элмуродов иштироки ва назоратида ўтказилади. Машғулотларнинг илмий-техник жараёни Электр энергиясини технологик сарфларини таҳлил бўлими бошлиғи С.Л.Эшонқулов томонидан қайд этиб борилади.

   Online режимидаги ўқув машғулотларини ташкил этиш «Energo-IT» филиали навбатчи мутахассислари томонидан таъминланади.

   Навбатдаги дарс 2020 йил 27 июнь куни соат 9:00 да «Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси» мавзусига бағишланган бўлиб, унда Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати бошлиғи З.Атаев ўқув машғулоти ўтказади.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>