Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселекторда ҳозирги кунда бутун дунёда коронавирус пандемияси туфайли юзага келиш мумкин бўлган озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш мақсадида Республикамизда мавжуд фермер хўжалиги ва аҳоли томорқаси ер майдонларидан унумли фойдаланиш, полиз маҳсулотларини етиштириш, умулаштириб айтганда, фойдаланиш имконияти бўлган барча ер майдонлари бўш қолмаслиги топшириғи берилган.
Шу сабабли, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмурияти топшириғига биноан «Сурхондарё МЭТ» филиали подстанцияларидаги ер майдонларидан унумли фойдаланиш учун баҳор фаслида ловия, тарвуз, помидор, булғор қалампири, бодринг ва анор кўчатлари экилган эди. Ушбу ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини нафақат подстанцияларнинг эстетик қиёфасини янгилайди, балки подстанция ходимларининг, айниқса навбатчи мутахассисларнинг сархил мева ва сабзавотларга бўлган кунлик эҳтиёжи маълум маънода қондиришга хизмат қилади. Албатта, ободонлаштириш ишлари асосий иш вазифасига халақит бермаган ҳолатда, айниқса хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилади.
Мана, ёз фаслининг дастлабки ойи ҳам тугаб бормоқда, ҳозирда баҳорда экилган ниҳоллар униб чиққан, суғорилиб, менирал ўғитлар бериб парвариш қилинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, иссиқ иқлим шароитига эга Сурхондарё вилоятида жойлашган юқори кучланишли подстанцияларда олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари филиал ишчи-ходимларининг асосий иш вазифасига руҳий мадад, эстетик завқ бермоқда, десак асло муболаға бўлмайди.
Агар подстанциялар ҳудудида бўш турган ер майдонларига экилган кўчатлар сонини таҳлил этадиган бўлсак, манзара қуйидаги суратлар ва рақамларда акс этади.
220 кВли «Аму» подстанцияси ҳудудидаги 10 сотих ер ва анор боғи
220 кВли «Аму» подстанцияси ҳудудидаги 10 сотих ер майдонига 300 туб анор кўчати экилиб, чинакам боғ барпо қилинди. Анор кўчатлари орасига турли хил полиз ва сабзавот экинлари экилди. Жумладан, 350 та помидор, 250 та булғор қалампири, 150 палакдан қовун ва тарвуз, 150 дона ловия кўчатлари униб чиқди.
220 кВли «Шеробод» подстанцияси ҳудудидаги 6 сотих ер
220 кВли «Шеробод» подстанцияси ҳудудидаги 6 сотих ер майдонида 100 туб булғор қалампири, 100 туб помидор кўчати, 120 палак ошқовоқ парваришланмоқда.
500 кВли «Сурхон» подстанцияси ҳудудидаги 5 сотих ер
500 кВли «Сурхон» подстанцияси ҳудудидаги 5 сотих ер майдонига 70 палак тарвуз, 60 палак қовун, 200 туб булғор қалампири, 100 туб ловия, 50 туб помидор кўчатлари экилиб, парвариш қилинмоқда. Булардан ташқари, мазкур постанция ҳудудидаги йўлаклар четига турли хил гуллар экилиб, гулзорга айлантирилди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ «Сурхондарё МЭТ» филиали директори Тўра Намозов кўрсатмасига биноан «Аму», «Шеробод» ва «Сурхон» подстанцияларида жорий ва мавсумий таъмир бўйича куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қаторида ободончилик ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Подстанциялар қаторига янги 500/220 кВ ли «Олтинсой» подстанцияси қўшилиши кутилмоқда.
Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/
«Олтинсой» подстанцияси бўйича айни пайтда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. Юқори кучланишли янги подстанция Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани, Карсагон маҳалласи ҳудудида қурилиши режалаштирилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, «Сурхондарё МЭТ» филиал тасарруфидаги подстанциялар ва юқори кучланишли ҳаво линияларида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ раҳбарияти томонидан белгилаб берилган иш режасига мувофиқ жорий таъмир ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Бахтиёр Эсанов, «Сурхондарё МЭТ» филиали подстанциялар хизмати бошлиғи
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати