ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
gazeta.uz — Тошкент шаҳри электр таъминотида асосан режавий ўчиришлар кузатиляпти — «ҲЭТК» масъули
  • 12.06.2023
  • 214

Бекзод Кулибаев — «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси Тошкент шаҳар филиали директори ўринбосари

Фото: Газета.uz

Сўнгги кунларда пойтахтнинг қатор туманларида кузатилаётган электр таъминотидаги узилишларнинг аксарияти олдиндан режалаштирилган бўлиб, таъминот сифатини яхшилашга қаратилган ишлар туфайли содир бўлмоқда, дея изоҳ берди «ҲЭТК» Тошкент шаҳри филиали директори ўринбосари Бекзод Кулибаев.

Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги электр таъминотида кузатилаётган узилишлар режавий узилишлар ҳисобланади. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси пойтахт филиали директори ўринбосари Бекзод Кулибаев «Газета.uz»га берган интервьюсида гапириб ўтди.

Унинг таъкидлашича, таъминот баъзи ҳудудларда президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш каби режавий амалга ошириладиган ишлар сабабли ўчирилмоқда.

«Бу ишларни кучланиш остида амалга ошириб бўлмайди, шу сабабли ўчириб ишлашга тўғри келади», — деди Бекзод Кулибаев.

Шаҳарда, шунингдек, авариявий ҳолатлар ҳам кузатилмоқда, лекин узилишларга асосий сабаб бу эмас.

«Юқорида таъкидлаганимдек, [узилишлар] қарорлар ижросини белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш мақсадида режали ўчиришлар ҳисобланади. Албатта, авариявий ўчишлар ҳам бор, умуман йўқ деб бўлмайди. Бу авариявий ўчишларни қисқа муддатда бартараф этиш учун тезкор ходимларимиз мавжуд. Бугунги кунда авариявий ўчишлар камайган. Тошкент шаҳридаги кабель тармоқларида эскирган жойлари бор, чунки шаҳардаги барча эски кабелларни тўлиқ янгилаб бўлганимиз йўқ. Қарорда [2023 йил 11 мартдаги президент қарори] 2023−2025 йилларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилган. Айнан бу йилгисини якунладик», — деди «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси Тошкент шаҳри филиали директори ўринбосари.

Бекзод Кулибаев авариявий ҳолатларнинг асосий сабаблари юкламаларнинг ортишида бўлаётганини, об-ҳаво исигандан кейин совитиш тизимлари ишлаши оқибатида юкламалар ортганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрининг қатор туманларида июнь ойи бошидан буюн электр таъминоти узилишлари кузатилмоқда. Электр таъминотидаги узилишлар сув таъминотида ҳам узилиш кузатилишига сабаб бўлди. Яшнобод, Яккасарой ва Миробод туманларида 8 июнь куни бир қатор аҳоли массивлари насос станциялари электр таъминотидан узилиши сабаб сувсиз қолди.

Манба: https://www.gazeta.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>