«Ўзбекистонда рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтиш учун асосларни тайёрлаяпмиз. Ҳозирда дастур устида ишлаяпмиз, унга кўра, ҳудудларга электр энергиясини ташиш бўйича хорижий компаниялар ва хорижий тажрибани жалб қиламиз. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва якуний истеъмолчига етказишда янгича ёндашувни кўрсата оладиган яхши бошқарувчи компанияларни жалб қилмоқчимиз», — деди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари.

Бундан ташқари, алоҳида регулятор пайдо бўлиши кутилмоқда, у «бозор асосида тарифларни ҳамда энергия ишлаб чиқарувчиси ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солади». Бу масалада Озарбайжон, Туркия ва Европа давлатлари тажрибаси ўрганилмоқда.

«Мустақил бўладиган регуляторга келсак, ҳозирда дунёда мавжуд бўлган кўплаб яхши тажрибаларни ўрганмоқдамиз. Масалан, айни пайтда янги тажриба ҳисобланган тажриба, дейлик, Озарбайжонда. Бизга уларнинг ёндашуви ёқди. Улар регуляторни яратишди, аммо бу регулятор ҳозирча Энергетика вазирлиги қаноти остида ишламоқда. Нима учун? Чунки ҳозир ўрганишмоқда, синовдан ўтказишмоқда ва унинг қандай ишлашини кўришмоқда. Ва шундан кейин бу регуляторнинг мустақил бўлишига рухсат беришади», — деди у.

2023 йил сентябригача Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда энергетикани ривожлантиришнинг янги дастурини тақдим этишни режалаштирмоқда.

«Ва ушбу дастур орқали энергия нархларини либераллаштириш ҳамда ижтимоий истеъмол нормаларини жорий этишни режалаштирмоқдамиз. Энергияни кўп истеъмол қилувчи корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, узоқ муддатли мақсадларни белгилаш мақсадида энергия харажатларини камайтириш ва уларни турли тарифларга бўлишни истаймиз, чунки ҳозирда ҳар бир корхона учун газ ва электр энергиясига битта тариф белгиланган. Шунинг учун биз уларни ажратиб, Ўзбекистондаги ҳар бир субъект, ҳар бир бизнес ва жамият қатламига алоҳида ёндашмоқчимиз», — деди Азим Ахмедхаджаев.

Энергия бозорини либераллаштиришга уринишлар

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида кўтарилган эди. Энергия ресурсларига нархларни эркинлаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бир неча бор қолдирилди.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирганди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирди. 2020 йил октябрь ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент томонидан 2021−2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифаси қўйилгани ҳақида маълум қилганди.

2022 йил май ойида Ўзбекистонда 7,3 млн абонент электр энергияси истеъмол қилишини, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилишини ёзган эдик. Ваҳоланки, бу уй хўжаликлари аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 млрд кВт/соат) ташкил этади.

4 млн газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача газ истеъмол қилади. Шу билан бирга, улар аҳоли умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 млрд куб метр) ташкил қилади.

Ҳукумат кўпроқ истеъмол қилганлар давлат субсидияларининг катта қисмини олаётгани сабабли 2022 йил 15 июлдан энергия истеъмолининг ижтимоий нормасини жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, бироқ кейинчалик бу борадаги қарорни кейинга қолдирди.

Ўтган йил охирида президент аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган ҳолда энергия ресурсларига бозор нархларини жорий этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Февралда Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев май ойида электр энергияси ва газ нархларининг либераллаштирилиши кутилаётганини маълум қилганди. Март ойи охирида эса иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов 2023 йилда энергия ресурслари учун тарифларни ошириш режалаштирилмагани, бироқ бу масала муҳокама қилинаётганини билдирди.

Иқтисодчи олим Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашишига, бойларнинг бойиб кетишига олиб келмоқда. Энергетика компанияларига бозордан ташқари нархларни қўллаб-қувватлаш учун берилган миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун кўпроқ фойдалидир, дея таъкидлади у.

Улгуржи бозор

Ўзбекистон 2025 йилгача электр энергиясининг улгуржи рақобатбардош бозорига уч босқичда ўтишни режалаштирган эди. Биринчи босқичда электр энергетикаси корхоналарини либераллаштириш ва электр энергиясини сотишни хоҳловчи хусусий корхоналар томонидан лицензиялар олиш назарда тутилди. Бундай бозор ёндашуви маҳсулот сифатини яхшилайди ва нархларни пасайтиради, деб тахмин қилинган эди.

Иккинчи босқичда электр энергиясини тақсимлаш тизими оператори ташкил этилиши, истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш функциялари босқичма-босқич етказиб берувчиларга ўтказилиши кутилганди. Ушбу етказиб берувчилар истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш учун лицензияга эга бўлишлари мумкин.

Учинчи босқич — «Бир кунлик (соатлик) савдо». Электр энергиясини соатлик ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ортиқча ёки тақчил ҳажмлари онлайн савдо майдончасида сотилади.

Энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Шерзод Ходжаев эса 2022 йил июнида янги концепцияга кўра, рақобатбардош электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорига ўтиш учун тўрт босқич керак бўлишини маълум қилган эди. Унга кўра, президент бозорга кирмоқчи бўлган ҳар қандай тадбиркорлик субъектига лицензия бериши ва ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин бўлган аниқ тартибни белгилаши учун бозор қоидаларини тасдиқлашга рухсат берган.

2023 йилдан бошлаб хусусий компаниялар учун электр энергиясини сотиш бозорини очиш режалаштирилган, 14 та туман ва шаҳарда юридик шахслар электр энергиясини сотиш ҳуқуқини эга бўлиши керак эди. Шунингдек, энергия бозорини бошқаришнинг янги тизимига ўтиш, энергияни улгуржи сотиб олиш ва сотиш компанияси ҳамда соҳани тартибга солиш агентлигини ташкил этиш режалаштирилганди. Бироқ, бу режалар ҳозирча амалга оширилгани йўқ.

 

Санжар С.