Янгиликлар
ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИНИНГ БАРҚАРОР ФАОЛИЯТИ — ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БЎЙИЧА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ТАЯНЧИ ҲИСОБЛАНАДИ
  • 15.06.2020
  • 1414

  Бошқарув аппаратининг навбатдаги хизмат сафари: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Жамиятнинг Фарғона водийсида жойлашган магистрал электр тармоқлари филиаллари, юқори кучланишли подстанциялар ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг иш фаолиятини яқиндан ўрганиб, жойларда сайёр қабуллар ўтказди.

 

 

Фаолиятда сайёр қабул ва юзма-юз мулоқотнинг аҳамияти

  Маълумки, давлат идоралари марказий бошқарув аппаратининг вазифаси маълум бир йўналишда фаолият юритаётган ҳудудий ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат. Мувофиқлаштириш деганда фақат буйруқ берувчи, назорат ва тафтиш этувчи юқори турувчи маъмурият бошқаруви тушунилмаслиги лозим. Фаолиятни мувофиқлаштириш амалиётига ҳудудий бўлинма ва филиалларда мавжуд муаммоларга ечим топиш ва қарор қабул қилишда муҳим аҳамият касб этадиган бевосита танишув, ўрганиш ва таҳлил этиш каби вазифалар ҳам кириши барчамизга маълум. Бундай иш услубининг самарадорлиги юқори.

  Шу ўринда қуйи ташкилот ходимлари билан юзма-юз мулоқотнинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Аксарият ҳолларда қуйи буғин раҳбарлари ўзи ечим тополмаётган муаммоларни давлат идорасининг раҳбариятига маълум қилавермаслиги оқибатида бир қанча масалалар раҳбарлар, масъул ходимлар назаридан четда қолиб кетиш эҳтимоли мавжуд. Бу эса фаолиятга бироз танқидий назар билан ёндашувга ўзига хос тўсиқлар яратиши мумкин. Шунинг учун ҳам жойлардаги сайёр қабуллар ва раҳбар ҳамда ишчи-ходимларнинг бевосита учрашувлари муҳим аҳамиятга эга.

  Эътибор берган бўлсангиз, охирги йилларда бошқарув марказидан олис объектларга ташриф, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга муносабат бирмунча ўзгарди. Бошқача айтганда, кўп вақт ёпиқ турган, биров тақиллатса-да очилмаган эшиклар бугун очилди. Раҳбарлар аҳоли, ишчи-ходимлари билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларни эшитиш, дардларини тинглаб, уларга ечим топиш билан шуғулланишмоқда.

  Бугунги кунда вазирлар, давлат идораларининг раҳбарлари жойларга чиқиб, олис ҳудудларга бориб, сайёр қабуллар ўтказмоқда, аҳолининг ҳаёт даражасини ўз кўзи билан кўряпти. Бу — Президент талаби. Бу — халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилнинг ҳаётий ифодасидир.

  Энергетика соҳасида ҳам ҳудудий ташкилотлар фаолияти билан бевосита танишиш, янги инвестицион лойиҳаларнинг амалиётдаги ҳолатини ўрганиш, қурилиш-монтаж жараёнларида бевосита раҳбарлик қилиш, лозим бўлганда самарали иш фаолиятини таъминловчи Ишчи гуруҳ штабларини ташкил этиш анъанаси мавжуд. Буни жорий йилнинг апрел ойида Туркманистон тарафдан кучли шамол оқимининг кириб келиши натижасида: Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида, бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг айрим ҳудудларида юқори ҳамда паст кучланишли электр тармоқларидаги авариялар туфайли етказилган зарарларни бартараф этишда олиб борилган ишларни мисол қилишимиз мумкин.  

Батафсил: uzbekistonmet.uz/uz/

  «Наманган тиббий-санитария қисми» тиббиёт муассасаси

 

 

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Д.А.Исақуловнинг 2020 йил 12–14 июнь кунларида давом этган навбатдаги хизмат сафарининг дастлабки манзили «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали ва «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали оралиғидаги, Қамчиқ довони автомобиль йўлларига туташ юқори кучланишли ҳаво линияларни кўздан кечиришдан бошланди.

  Жамият бошқарув раисининг хизмат сафарига «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Автотранпорт ва механизмлар ҳамда Ахборот хизмати раҳбарлари ҳамроҳлик қилишди.

  Куннинг иккинчи ярмида Жамият бошқарув раиси «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасаруфидаги ижтимоий соҳа объекти — «Наманган тиббий-санитария қисми» деб номланган тиббиёт муассасасига ташриф буюрди. Асосан энергетикларга тиббий хизмат кўрсатувчи, 80 ўринли стационар ўринларга эга ушбу поликлиника карантин пайтида Наманган вилояти ҳокимияти билан ҳамкорликда маълум муддат юқумли касаллик билан оғриган фуқаролар билан мулоқотда бўлган шахслар учун тиббий кузатув масканига айлантирилган эди. Тиббий назорат остида бўлганлар орасидан «COVID-19» билан оғриган беморлар аниқланмагач, муассаса тегишли тартибда тўлиқ дизенфекция қилиниб, қайтадан ўз фаолиятини давом эттириш борасида ташкилий масалалар билан шуғулланаётган эди.

  Ижтимоий соҳа объектининг кўп сонли жамоаси билан «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг бевосита мулоқоти муассасанинг фаоллар залида бўлиб ўтди. Раҳбар ва ходимлар учрашуви интерактив мулоқот усулида ўтказилиб, унда тиббий муассаса ишчи-ходимлари «Наманган тиббий-санитария қисми» фаолиятида қандай йўл билан самарали кўрсаткичларга эришиш мумкинлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

  Тан олиш жоизки, мазкур тиббий муассаса фаолияти айни пайтда қониқарли эмас. Муассаса «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси учта турдош ташкилотларга бўлинганидан сўнг, мавжуд талабларга мувофиқ имтиёзли фойдаланувчи ходимлар сони бирмунча қисқариб, аҳолига пулли хизмат кўрсатиш шаклига ўтказилгандан сўнг бир қатор муаммоларга дуч келди. Муассасадаги тиббий техника, стационар ўринлар, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлиги ва малака кўникмаларида мавжуд бир қатор камчиликлар учрашувда атрофлича муҳокама этилди. Жамоа аъзолари муассасани замонавий асбоб-ускуналари билан жиҳозлагандан сўнг меҳнат унумдорлиги ошириш мумкинлиги тўғрисидаги талаблари Бошқарув раиси томонидан қўллаб-қувватланди ва муҳокамалардаги ечим нуқталари Муассасанинг касаба уюшмаси томонидан расмийлаштирилган баённомага киритилди.

  Шундан сўнг Жамият бошқарув раиси томонидан муассасанинг барча тиббий муолажа, лаборатория таҳлили, дам олиш, овқатланиш ҳамда ётоқ хоналари кўздан кечирилиб, тиббий-санитария қисмининг сантехника, мебель, кўрпа-чойшаблари янгиланиши хусусида тегишли кўрсатмалар берилди.

«Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали

 

 

  Хизмат сафарининг навбатдаги манзили «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиалининг Транспорт ва механизация гуруҳи автопарки бўлди. Маълумки, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли ҳаво линиялари ва подстанцияларга хизмат кўрсатиш жараёнида қурилиш-монтаж ишларидаги енгил, юк ташувчи ва махсус автотранспорт воситалари хизматларига эҳтиёж сезади. Ҳар бир ҳудудий магистрал электр тармоқлари филиалари тасарруфида автопарклар мавжуд бўлиб, автотранспорт воситалари ва механизмларнинг доимий ишчан ҳолатда бўлиши Жамият иш фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

  Бироқ «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси турдош акциядорлик жамиятларига айлантирилиб, қайта ташкил этилганида ушбу йўналишда хизмат кўрсатувчи бўлимлар биноси, созлаш-таъмирлаш цехлари, усти ёпиқ автотураргоҳлар каби масалаларда бир қатор муаммолар юзага келган эди. Бошқарув раиси ўз хизмат сафари давомида мазкур муаммоларни ҳал этиш йўлида берилган тегишли топшириқларга асосан бошлаб юборилган ишлар ижроси билан яқиндан танишди. Бир неча ўн йилликлар давомида хизмат кўрсатган, созлаш-бутлаш учун эҳтиёт қисмлари мавжуд бўлмаган, иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ўз ишини оқламайдиган эски русумдаги автотранспорт воситаларини янги, замонавий, кўп томонлама унумдор иш фаолиятига эга транспорт воситалари ҳисобига янгилаш, ишга яроқлиларини соз ҳолатга келтириш, ёқилғи-мойлаш материаллари заҳирасини яратиш, хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ шароитлар яратиш каби масалалар ишчи тартибда муҳокама этилди.

«Нурафшон» санаторияси

 

 

  13 июнь куни хизмат сафарининг давоми Фарғона вилоятида жойлашган «Нурафшон» санаторияси фаолиятини ўрганишдан бошланди. Шу ўринда бир маълумотни алоҳида таъкидлаш жоизки, Жамият тасарруфидаги 114 ўринли санатория Фарғона вилояти ҳокимиятининг илтимосномасига кўра маълум муддат чет элдан олиб келинган ватандошлар учун карантин назорат манзили сифатида хизмат кўрсатди. 156 нафар хориждан махсус авиарейслар билан олиб келинган фуқароларимиз 14 кунлик тиббий назорат муддатларини ўтаб бўлгач, тўлиқ таркибда ўз уйларига кузатиб қўйилди.

  «Нурафшон» санаториясида тўлиқ дезинфекция қилинганидан сўнг «Сардоба» сув омбори техноген фалокатидан азият чеккан 68 нафар фуқароларни ўз бағрига қабул қилди. Улар ичида 11 нафар вояга етмаган болалар ва уларнинг оналари Жамиятнинг ижтимоий соҳа объектида даволаниб, парваришланиб, сўнг Республика комиссияси томонидан ташкил этилган вақтинча яшаш манзилларига кўчириб олиб кетилди.

  Санатория июнь ойининг иккинчи декадасидан бошлаб яна ўз фаолиятини бошлади ва бағрига дам олувчиларни чорламоқда. «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раиси муассаса фаолияти билан яқиндан танишар экан, унинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш учун зарур бўладиган бир қатор чора-тадбирлар юзасидан топшириқлар берди. Жумладан, санаториянинг эстетик қиёфасини янгилаш, меҳнат унумдорлиги кўрсаткичлари ва тиббий ходимлар малакасини ошириш, физиотерапия ва стационар даволаш усулларини кенгайтириш, энергетиклар, шу билан бирга санаторияга ўз саломатлиги тиклаш учун ташриф буюрган аҳоли вакиллари учун барча зарур шароитларни яратиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

«Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали

 

 

  Хизмат сафарининг навбатдаги манзили «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиалининг Транспорт ва механизация гуруҳи автотураргоҳи бўлди. Бир муддат аввал Фарғона водийсида марказлашган автотранспорт мажмуаси сифатида хизмат кўрсатган мазкур бўлинмадаги енгил, юк ташувчи ва махсус автотранспорт воситалари кўздан кечирилди. Йиллар давомида хизмат кўрсатган, жисмонан ва маънан эскирган, созлаш-бутлаш учун эҳтиёт қисмлари мавжуд бўлмаган, иш унумдорлига нисбатан паст эски русумдаги автотранспорт воситаларини янги, замонавий транспорт воситалари ҳисобига янгилаш, ишга яроқлиларини соз ҳолатга келтириш, ёқилғи-мойлаш материаллари заҳирасини яратиш, хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ шароитлар яратиш каби масалалар муҳокама этилди. Мажмуа омборхонасидаги мавжуд эҳтиёт қисмларни бошқа ҳудудий объектларда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларига тақсимлаб юбориш бўйича зарур топшириқлар берилди.

  220/110/10 кВ ли «Юлдуз» подстанцияси

 

 

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси ўз хизмат сафарининг муҳим объекти — «Андижон магистрал электр тармоқлари» филиали тасарруфидаги 220/110/10 кВ ли «Юлдуз» подстанциясига ташриф буюрди. Д.А.Исақулов подстанцияда инвестиция дастуридан сўнг олиб борилаётган якуний босқич ишлари билан яқиндан танишди.

 

 

  Аввал хабар берганимиздек, Андижон вилоятининг Андижон туманидаги «Айрилиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Юлдуз» подстанциясида мавжуд 2 дона 125 МВА қувватли автотрансформаторларни «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» номли инвестиция лойиҳаси доирасида қуввати 200 МВАли янги, замонавий автотрансформаторларга алмаштирилган эди. Нисбатан кам қувватли электр ускуна-жиҳозининг биринчиси 2019 йилнинг ноябрь ойида алмаштирилиб, Фарғона водийси аҳолиси, саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергия билан таъминлашнинг ишончлилиги қўшимча 75 МВА қувватга оширилган эди. Иккинчи автотрансформаторни алмаштириш ишлари эса жорий йилнинг 25 январь куни якунланиб, подстанция умумий ҳисобда 400 МВА қувватга эга бўлганди.

  Бошқарув раиси иш ҳажми бурмунча ошган подстанция жамоаси билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг талаб-таклифларини инобатга олган ҳолда зарур шароитлар яратиш хусусида филиал раҳбарига топшириқлар берди.

  «Андижон МЭТ» филиали Транспорт ва механизация гуруҳи

 

 

  Хизмат сафари «Андижон магистрал электр тармоқлари» филиали тасарруфидаги Транспорт ва механизация гуруҳига ташриф билан давом этди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, филиал иш фаолиятини яхшилаш мақсадида айни кунларда мазкур ҳудудий бўлинма майдонида филиал жамоаси учун махсус офис биноси ҳамда усти ёпиқ автотураргоҳ қурилмоқда. Айрим ҳудудий магистрал электр тармоқлари филиалларининг ўз балансидаги бинолари мавжуд эмаслиги боис катта ҳудудга эга вилоят бўйича ёйилган юқори кучланишли ҳаво линиялари ва подстанцияларга хизмат кўрсатиш бирмунча ноқулайликлар туғдиради. Ҳар куни юзлаб километр масофаларда турли вазифаларни бажаришга сафарбар этиладиган мутахассислар бригадаси иш фаолиятини мувофиқлаштириб туриш билан бирга марказий бошқарув аппарати билан узвий алоқа ўрнатиш учун бир неча офис ва махсус хоналардан иборат филиал биноларига эҳтиёж мавжуд. «Андижон МЭТ» филиали биноси фойдаланишга топширилганидан сўнг, хизмат кўрсатишда иш унумдорлиги таҳлилига биноан Жамиятнинг Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги филиалларида ҳам шундай шароитлар яратилиши режалаштирилган.

 

 

  Бошқарув раиси «Андижон МЭТ» филиали тасарруфидаги Транспорт ва механизация бўлинмасининг автотранспорт воситалари, юк ташиш ва махсус техникалар ҳолати билан бевосита танишиб, улардан самарали фойдаланиш учун зарур чора-тадбирлар бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

 

 

  220/110/10 кВли «Ўзгариш» подстанцияси

  Хизмат сафарининг якуни Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Товуш МФЙ ҳудудида жойлашган «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали тасаруффидаги 220/110/10 кВли «Ўзгариш» подстанциясига ташриф билан якунланди. Бошқарув раиси подстанцияда «Жаҳон Банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» номли инвестиция лойиҳаси доирасида қуввати 250000 кВАли янги ҳамда замонавий автотрансформаторини 220 кВ, 110 кВ ҳамда 10 кВ кучланишли ячейкаларини янгидан қуриши ҳисобига қўшимча АТ-3 ўрнатиш ишлари билан яқиндан танишди. Мутасаддилар билан электр энергияси тизими барқарорлиги, таъминотнинг ишончлилигини оширишга хизмат қиладиган бир қатор техник-муҳандислик масалалари муҳокама этилди.

  Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг Фарғона водийсида жойлашган магистрал электр тармоқлари филиаллари, юқори кучланишли подстанциялар ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг иш фаолиятини ўрганишга бағишланган хизмат сафари самарали якунланди. Хизмат сафарида ўрганилган, таҳлил этилган, билдирилган таклифларга мувофиқ марказий бошқарув аппаратининг тегишли қарорлари қабул қиланади. Негаки, электр таъминоти тизимининг барқарор фаолияти — йирик саноат корхоналари, ўрта ва кичик бизнес тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг таянчи ҳисобланади.

  Жамият раҳбариятининг ҳудудий объектларга хизмат сафарлари давом эттирилади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>