Янгиликлар
КУЧЛИ ШАМОЛ ОҚИБАТИДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДА КУЗАТИЛГАН НОСОЗЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА
  • 28.04.2020
  • 931

  2020 йил 27 апрель соат 00:28 да Туркманистон тарафдан кучли шамол оқимининг кириб келиши натижасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, жумладан: Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида, бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг айрим ҳудудларида юқори ҳамда паст кучланишли электр тармоқларидаги аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида электр таъминотида кўплаб узилиш ҳолатлари кузатилди.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги барча подстанциялар ҳамда ҳаво линияларига хизмат кўрсатувчи техник-муҳандислар кучайтирилган тартибда хизмат қилишмоқда, навбатчи мутахассислар сафига қўшимча бригадалар жалб этилган, барча махсус техника ва керакли жиҳозлар шай ҳолатга келтирилган. Хусусан, энг кўп зарар кўрган ҳудуд — Бухоро вилоятида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмурияти ва филиал мутахассисларидан таркиб топган Ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда.

  Айни соатларда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли етказилган талафотлар электр таъминоти корхоналари билан бир қаторда маҳаллий ҳокимият, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа ёрдамчи кучлар томонидан бартараф этилмоқда.

  Электр таъминоти корхоналаридаги барча ишчи кучи ва ресурслар истеъмолчилар таъминотини тиклаш учун сафарбар этилган. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги «Call Centre»нинг қисқа 1154 рақами кучайтирилган тартибда хизмат кўрсатмоқда. Юзага келган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>