ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Ўзбекистон сув омборларидаги вазиятни реал вақт режимида кузатиб бориш ва баҳолаш тизими жорий этилади»
  • 04.04.2023
  • 172

Ўзбекистонда 2024 йил якунига қадар “Гидроэнергетика соҳасини рақамли трансформация қилиш” лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда “Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент Қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, гидроэлектрстанция ва сув омборлари ягона ҳимояланган корпоратив тармоққа бирлаштирилади.

Сув омборларининг назорат-ўлчов қурилмаларини автоматлаштириш ҳамда улардаги маълумотларни олиш, сақлаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тизими жорий этилади. Сув омборларига келадиган сув ҳажми прогнозининг аниқлик даражасини ошириш мақсадида замонавий технология ва дастурий таъминотлар ўрнатилади.

Шунингдек, гидроэлектрстанциялар ва сув омборларидаги диспетчерлик пунктларида вазиятни реал вақт режимида кузатиб бориш ва баҳолаш тизимини жорий этилади.

Бундан ташқари, гидроэлектрстанциялар ва сув омборларининг хавфсиз фаолиятини таъминлаш ва гидротехник иншоотларнинг ҳолатини онлайн мониторинг қилиб боришга қаратилган Вазиятларни мониторинг ва таҳлил қилиш маркази ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 8 июнида барча сув омборларини модернизация қилиш орқали хавфсизлигини ошириш, гидромеханик ускуналар ва ўлчов қурилмаларини янгилаб, тизимни рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берганди. Давлат раҳбари 19 январь куни энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам сув омборлари бошқарувини рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш масалаларига эътибор қаратганди.

Манба:  https://daryo.uz/k/2023/04/04/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>