Янгиликлар
«ҚАШҚАДАРЁ МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ: ҲАВО ТАРМОҚЛАРИНИНГ МУКАММАЛ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
  • 10.06.2020
  • 1089

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали ходимлари томонидан Жамият маъмурияти тасдиқланган режага асосан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

  Жумладан,

  Филиалда мавжуд 220 кВ кучланишли «Л-М-КБ» ҳаво линиясида жорий йил июнь ойининг биринчи декадаси давомида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Аниқроғи, 198-рақамли таянч устунидан 267-рақамли таянч устунгача, умумий узунлиги 17 километрга тенг ҳаво тармоғидаги жами 69 та таянч устунларни мукаммал таъмирланди. «Қарши» ҳаво линияси катта уста П.Ҳамидов бошчилигидаги бригада ишламоқда.

  Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур ҳаво линияси 1966 йилдан буён фойдаланиладиган юқори кучланишли электр тармоғи бўлиб, унинг умумий узунлиги 33 километрни ташкил этади. Линияда энг сўнгги мукаммал таъмирлаш ишлари 2010 йилда бажарилган. Ушбу линия «Қоровулбозор» ва «Муборак» подстанциялари оралиғида жойлашган.

  Шунингдек, филиал мутахассис-ходимлари томонидан 500 кВ кучланишли «Л-519» ҳаво линиясида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳаво тармоғининг 1÷48-рақамли таянч устунлари 1977 йилда, 48÷292-рақамли таянч устунлари эса 2009 йилда фойдаланишга топширилган.

«Л-519» ҳаво линиясининг умумий узунлиги 95,48 километрни ташкил этиб, охирги мукаммал таъмирлаш ишлари 2019 йилда — 1÷100-рақамли устунлар оралиғида, жами 32 километр узунликда бажарилган. Ушбу ҳаво тармоғи «Ғузор» подстанциясидан (1÷292-рақамли таянч устунлари оралиғида)  давом этиб, «Сурхондарё магистрал электр тармоқлари» филиали хизмат кўрсатадиган ҳаво тармоғига уланиб кетган.

  2020 йил мукаммал таъмирлаш участкаси 100- ва 175-рақамли устунлар оралиғида амалга оширилади. Таъмирланадиган тармоқнинг  узунлиги 32 км, яъни 75 та юқори кучланишли ҳаво линиясининг таянч устунларидан иборат. Айни пайтда «Ғузор» ҳаво линиясида уста А.Нормаматов бошчилигидаги мутахассислар меҳнат қилишмоқда.

  «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали нафақат «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти кўрсатмалари, балки Қашқадарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал курилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибиятининг 2020 йил 1 июндаги 2614-06/1033-сонли хати талабларига мувофиқ ҳам бир қатор амалиётларни бажариб келмоқда. Мисол учун, «Қашқадарё МЭТ» филиалининг ҳаво линияси хизмати мутахассислари томонидан бир нечта юқори кучланишли ҳаво линияларда аниқланган камчиликларни бартараф этилди. Металл конструкцияли бир нечта таянч устунларига коррозияга қарши бўёқ тортилиб, устунлар фундаментига бетон қопламалари қуйилиб мустаҳкамлиги таъминланди.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>